3:19

Аёл фарзи

MP3

Ассалому алайкум. Аёл ва эркак бир хилда оиланинг тинчлиги ва ҳотиржамлиги учун ҳаракат қилмоғи керак. Агарки эр  кўча хандон уй зиндон бўлса, аёлининг бошини таънаю дашномлардан аритмаса бундай оиладан барака кетади. Шу боис «тенг ҳуқуқлилик»да муроса-ю мадора, ўзаро  ҳамкорликка риоя қилиш   муҳим.  Оилада барқарорликни таъминлашнинг асосий омиллардан бири бу оила аъзоларининг  маънавий-руҳий яқинлигидир. Нима учун ғарб мамлакатлари кино фильмларида оила аъзолари бир- бирига сени яхши кўраман дея олади-ю, бизда эса бу эриш туйилади. Яқинда 9 синф ўқувчилари билан ўтказилган анкета-сўровномаси таҳлилига кўра 45 та боладан 27 таси онаси ва отасининг яхши сўзини эшитмаганлигини, отаси  ҳеч қачон ўпмаганлигини, яхши баҳо олганида мақтамаганлигини айтган.

Фақат 18 та бола ота-онаси баъзида уларни мақташини,  яхши кўришини, аслида бундай сентементаллик учун улар  анча улғайганлигини ёзган. Ота-она учун боланинг сочларига оқ оралаб, юзларига ажин тушганида ҳам фарзанд бўлиб қолади, шу боис, уни қучиш, мақташ, у билан ғурурланиш ёш танламайди. Агар биз менталитетимизга фарзандларимизга муносабатни уларнинг ёшига,  жисмоний ўсишига эмас, балки, кўнглига мослаб борсак фойдадан ҳоли бўлмайди. Бугунги эркаклар учун аёлларнинг қадри ошмоқда.Дунёнинг қайси  мамлакатида бўлмасин  эркак учун аёл энг аввало  иффати, назокати, ҳаё- ибоси, меҳри-вафоси, садоқати билан қадрли. Нима учун? Чунки  шиддат билан ўтаётган умрнинг ҳар бир куни саркаш дарё  тошқинлари  каби муаммоларга тўлиб-тошиб ётибди. Кун бўйи  ишдаги ташвишлардан чарчаб уйга келган эркак албатта аёлидан эътибор, меҳр кутади.

Агар аёл шу эътибор ва меҳрни бера олса эркак қаерда бўлмасин уйига ошиқади, аёлига ташна бўлиб яшайди ва бу ташналик уни ҳеч қачон тарк этмайди. Шунингдек  аёл эр келар вақтида мунтазам уйда бўлмаса ёки эшик жиринглаганда пинагини бузмай эрини хуш кайфият билан кутиб олмаса, бундай вазиятда эркак кўпроқ вақтини кўчада ўтказишга, ишдан бошини кўтармасликка ҳаракат қилади, аста-секинлик билан  эр ва аёл ўртасида кўринмайдиган девор ҳосил бўлиб, оиладаги энг яқин икки киши бир-биридан бегоналашади, бу бегоналашув асоратлари болаларнинг  руҳий ҳолатига салбий таъсир этади.  Шу боис, биргаликдаги турмушнинг дастлабки кунлариданоқ ўзаро ҳурмат, эътиборнинг қарор топишига, эр-хотинни ёки хотин эрни ўзгартиришга эмас, балки  бир бирининг феълига мослашишга ҳаракат қилинса, бундай оилада абадий бир бирига интизорлик шаклланади.

Бунга эришиш қанчалик қийин бўлишидан қатъий назар, эришган оилалалар том маънодаги бахтли оила бўла олади. Европадаги тадқиқотларга кўра овқат пишириш, кир ювиш, тикиш бичишни биладиган аёллар сони камайиб бормоқда экан.  Хўш бу борада биздаги вазиятни қандай баҳолаш мумкин. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, кир ювиш, овқат пишириш бизнинг аёллар учун муаммо эмас, бу кундалик вазифалар,  тикиш бичишга келсак илгари ҳам ҳозир ҳам бу ишни ҳамма аёл қилган эмас, албатта бундан тугма қадаш каби  майда-чуйда тикишлар мустасно. Айни пайтда,  илгариги аёллардан фарқли ўлароқ бугунги кунда мураккаб жарроҳлик операцияларини қилаётган, ёстиқдек келадиган катта илмий асарларни яратаётган, давлат бошқарувида (кам сонли бўлсада)ҳеч оғринмай иштирок этаётган, ва умуман   қайси соҳа бўлмасин,  бошлаган ишларини охирига етказа олаётганлигини ҳам эътироф қилиш лозим.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top