Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Кўҳинур афсонаси, ёхуд оламнинг икки ярим кунлик сарфига тенг олмос ҳақида эшитгансизлар. Ўтмишда яшаб ўтган буюк шахслар нимага эришган бўлсалар ҳаммасига қалбларидаги олий туйғу- миллий ориятнинг кучи туфайли эришган. Ҳумоюн хотиралари. Бугунги кунда Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи нафақат юртимизда, балки бутун дунёда ҳурмат билан тилга олинади. Аммо биз унинг тўнғич ўғли шаҳзода Ҳумоюн Мирзонинг ориятига берилган юксак баҳо ҳақида сўз юритмоқчимиз. Маълумки, Бобур ҳинд тупроғига илк қадам қўйган пайтида Ҳиндистонда ҳокимият парокандаликка юз тутган эди. Хусусан, Гвалиор вилоятида рожа Бикрамадитя ҳокимлик қилаётган эди. Панипатдаги ғалабадан сўнг Ҳумоюн бошлиқ қўшин Деҳлидан ўтиб кетма-кет қасрларни ишғол қилиб боради.
Narrator 2 Ўша қасрларнинг бирида рожа Бикрамадитянинг хотини, бўй етган икки қизи ва бир ўғли яшарди. Рожанинг 20 ёшлардаги ўғли Ҳумоюнни илиқ қарши олади. Отасининг қотилини ўлдиргани учун миннатдорчилик билдиради. Ҳумоюн ҳам унга ва унинг оиласига илиқ муомалада бўлади. Ўша кеча Вайс исмли бир бекни элликтача йигити билан рожанинг қасрида қолдириб, ўзи қасрнинг ҳовлисидаги боққа чодир тиктириб, ўша ерда тунайди. Кечаси қасрда қўққисдан тўполон кўтарилади. Ҳумоюн тезда қўриқчилари билан қасрга кирса, Вайснинг йигитларидан бири ички эшик олдида қонга беланиб ўлиб ётибди. Иккинчи қаватнинг зинапоясида турган ўн саккиз ёшли гўзал қиз чувалиб ётган ипак сарисини титроқ қўллари билан олиб, яланг елкасига ёпишга уринаяпти. Маълум бўлишича, Вайс рожанинг шу қизини ёқтириб қолиб, навкарлари ёрдамида уни ўз хонасига олиб келмоқчи бўлган.
Narrator 1 Қизнинг акаси қаршилик кўрсатиб, бир навкарни ўлдирган. Энди бунинг қасдига навкарлар ёш рожанинг ўзини ўлдирмоқчи бўлиб турганида, Ҳумоюн кириб келади. Рожани озод қилиб, Вайсни ҳибсга олдиради. Қолганларга ҳам муносиб жазо белгилайди. Шунда зинапоядан ёш рожанинг онаси қўлида кичгина садаф қутича билан тушиб келади. У олий табақанинг ўқимишли аёлларидан эди. У Ҳумоюнга юзланиб: — Шаҳзода, менинг бисотимдаги энг катта бойлигим мана шу қутичанинг ичида. Мен учун фарзандларим дунёнинг ҳамма бойликларидан азизроқ. Сиз ўғлимнинг жонини қайтариб бердингиз. Мана бу қутичадаги улуғ олмосни сизга атайман, дея қутичани Ҳумоюнга беради. Бу унинг орияти учун берилган юксак баҳо эди. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Кўҳинур Ҳиндистоннинг Какатия қироллигининг Гунтур вилоятида дунёдаги энг қадимий олмос конларидан бирида топилган.
Narrator 2 Бу кон 1730 йили бразилияликлар томонидан қайта кашф этилмагунча фақат мана шу олмос учун ҳам эсланар эди. Илмий манбаларда «Голсонда» номи билан тилга олинадиган ушбу кон олмослари ўзининг софлиги, шаффофлиги ва тиниқлиги билан бошқаларидан ажралиб туради. Улар жуда ноёб ва камёбдир. Мазкур олмос дастлаб Какатия қироллигининг мулки ҳисобланган. Килжи династиясига мансуб бўлган бу олмосни Ғиёсиддин Туғлиқ Шоҳ кейинчалик ўз ҳоқони Улуғ хонга юборади. Шу тариқа барча олтин, марварид, фил суяклари билан бирга Кўҳинур ҳам империя мулкига айланади. Кейинчалик бу олмос 1526 йилдан бошлаб то Британия босқинигача империя соҳиби Бобур ва унинг авлодлари ихтиёрига ўтади. Кўҳинур биринчи марта 1526 йили «Бобурнома»да эсланади. Унда ёзилишича, олмос 1294 йили номаълум Малва рожасига тегишли бўлган. Бобур мазкур олмоснинг қиймати «Тамоми оламнинг икки ярим кунлик сарфига баробар» эканини айтади. Бобур ва унинг фарзанди Ҳумоюн ўз хотираларида Кўҳинурни «Бобурийлар олмоси» деб эслашади.