Narrator 1 Ассалому алайкум. Имиджмейкинг касби ҳодимларидан кўпинча сиёсий етакчилар фойдаланадилар. Маълум бўлишича, сайловчилар энг аввало бўлажак сиёсий раҳбарнинг ташқи қиёфасига шундан сўнггина унинг нималар қила олишига эътибор қаратар эканлар. Сайловолди компаниясини ташкил этувчи мутахассислар аҳолига кучли психологик таъсир ўтказиш учун номзоднинг одамларга нима бермоқчилиги эмас, балки уни қай йўсинда етказмоқчилиги муҳим, деб ҳисоблайдилар. Демак, омадга эришиш учун сиёсатчига сайловчилар томонидан берилган ишонч абадий эмас. Ушбу ишонч муддатини чўзиш ва янгилаш сиёсатчининг сайловчилар билан қай даражада ҳисоблашишига боғлиқ. Ясалаётган имидж ҳаққонийликдан узоқлашмаслиги лозим, чунки ўта идеал қиёфани халқ бегона деб билиши мумкин. Бунга америкалик мутахассислар ўтказган тадқиқот натижасини мисол қилишимиз мумкин.
Narrator 2 Мамлакат Сенатига номзод уч нафар сиёсатчи телевидениега интервю беришди. Уларнинг қиёфалари қуйидагича эди: биринчи номзод қиммат костюм-шим кийган ва ажойиб нутқли, ҳаракатлари ҳам идеал тарзда, яъни босиқ ҳолда қаҳва ичарди. Иккинчи сиёсатчи эса озгина оҳори тўкилган костюм-шим кийган, сўзлаши ҳам “қўполроқ” эди. Ва суҳбат давомида ичаётган қаҳвасини ўзига тўкиб юборди. Учинчи сиёсатчи эса янги бўлмаган, аммо ажойиб тарзда дазмолланган костюм-шимда эди. Қаҳва ичиш пайтида эса ёқасига бир томчи кофе томди. У эса билинтирмасдан артишга ҳаракат қилди. Кўрсатувдан сўнг мутахассислар ушбу уч сиёсатчининг рейтингини аниқлашди. Унга кўра, биринчи ўринни охирги сиёсатчи эгаллади. Иккинчи ўринни биринчи сиёсатчи эгаллади. Учинчи ўринни эса ўз-ўзидан қаҳвасини тўкиб юборган сиёсатчи эгаллади. Шундан келиб чиқадики, имиджи ясалаётган сиёсатчи ўзида озгина инсонга хос бўлган камчиликларни ҳам сақлаб қолиши лозим.
Narrator 1 Имиджни шакллантиришда ташқи компонентлар нинг ўрни жуда муҳим. Ташқи компонент деганда кўпинча замонавий сиёсатчининг юзи, соч турмаги, кийиниши, сўнгра эса мимикаси, қўл ҳаракатлари, гапириш услуби, товуш тембри, ажойиб ибораларни топиб гапириши ва ҳоказолар тушунилади. Имиджмейкинг психологияси асосини биринчи кўринишдаги таассурот ташкил этади. Имиджмейкингни ўрганиш давомида шу нарса аниқланганки, сайловчи ўз номзодига биринчи беш сония ичида баҳо беради. Шунинг учун мана шундай қисқа фурсат ичида сайловчининг муҳаббатига эришиш номзодга сайловлардаги муваффақиятни кафолатлаши мумкин. Агар номзод мана шу бошланғич бир неча лаҳзага эътибор бермаса, йиллар давомида ҳам халқнинг муҳаббатига ва ишончига эриша олмаслиги мумкин. Сайловларда мувафаққият учун курашаётган сиёсий номзодни ҳам пиёниста эрга қиёслашимиз мумкин.
Narrator 2 Агар у бир кўринишда халқ “севги”сини қозона олса, ундан кейинги шикоятларга парво қилмаса ҳам бўлади. Ташқи белгилар. Жағ-юз кўриниши. Арасту айтганидек, кимнинг ҳурпайган сочлари бўлса, у қўрқинчлидир. Қадимги Грециядаги физионом олим Зопир катта қулоқлар ажойиб ақлдан дарак беради, деб ҳисобларди. Тарихчи Ф. Галл бош суякни миянинг кийими деб атаган. Унинг фикрига кўра, дўнг пешоналар ақлли кишилар ҳисобланган. Буларнинг ичида Арасту билдирган фикрларни тўғрироқ деб ҳисоблашади. Имиджмейкерлик касбида кийимлар катта аҳамиятга эга деб ўргатишади. Чиндан ҳам атрофимиздагилар кийимимизга қараб бизнинг кимлигимиз ҳақида бирор фикрга эга бўладилар. Бу борадаги маълумотларни кейинги суҳбатимизда тақдим қиламиз.