3:36

Импатик муносабат

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон ота-оналар. Бугун фарзандларимизнинг ҳиссий зеҳнларини ривожлантириш йўлида ёрдам берадиган бир мавзу – импатия ҳақида суҳбатлашамиз. Ҳиссий зеҳни баланд кишилар фарзандлари ва оиласи билан бахтли ҳаёт кечиради. Қаерда нимани гапиришни, муаммоларни қандай ҳал қилишни яхши билишади. Бир сўз билан айтганда, уларнинг муносабатга киришиш қобилияти юқоридир. EQ га қандай омиллар акс таъсир кўрсатади? Ота-онанинг эътиборсизлиги, ноқулай шароит, бола бошидан ўтказган ҳасталиклар, яхши таълим-тарбия ололмаслик каби омиллар боланинг EQ сига акс таъсир кўрсатади. Танқид, озор бериш ва зўравонлик ҳукмрон бўлган муҳитда боланинг ҳиссий зеҳни ривожланмайди. Оилада йўл қўйилган хатолари учун камситиладиган, меҳр кўрмаган ёки меҳр етишмаган, зўравонлик ва калтаклаш остида улғайган болаларнинг ҳиссий зеҳни паст бўлади.

Narrator 2 Бу болаларнинг жамиятга ва ўзларига бўлган ишончи йўқолади. Кишининг юқори зеҳнга эга эканлиги унинг ота-онаси ва жамият учун фойдали киши эканини англатмайди. Чунки инсон бу зеҳнни жамиятнинг зарарига ишлатиб, ундан ўзининг мақсадлари йўлида фойдаланиши ҳам мумкин. Инсон ўзини қаршисидаги одамнинг ўрнига қўйиб, унинг дунёқараши билан ҳодисаларга муносабат билдириш, унинг туйғулари ва фикрларини англаш, ҳис қилиш ва бу ҳолатни унга билдириш жараёни импатия дейилади. Импатия уч босқичда амалга ошади: А. Импатия қураётган киши ўзини қаршисидаги инсоннинг ўрнига қўйиб, ҳодисаларга унинг нуқтаи назаридан ёндашади. Б. Импатия қуриш учун қаршингиздаги инсоннинг ҳис-туйғулари ҳамда фикрларини тўғри англашингиз зарур. В. Импатия қурган киши зеҳнида ҳосил бўлган ушбу англаш ҳолатини қаршисидаги инсонга билдириши лозим.

Narrator 1 Қаршимиздаги кишининг туйғулари ҳамда фикрларини тўлиқ тушунган ҳолда буни унга билдирмаслик импатия жараёни тугалланмай қолганини билдиради. Инсон у билан импатия қурилганда уни тушунишаётганини ва унга аҳамият берилаётганини ҳис қилади. Муаммога дуч келган бирор инсонни кўрганимизда унга “сени тушуняпман” деган сигнални бериш учун баъзи жумлалардан фойдаланамиз. Бунда “Сени тушунаман, худди шу нарсани мен ҳам бошимдан ўтказдим, кел, сенга йўл кўрсатай”, деган сигнал берилади. Аслида амалга оширишимиз лозим бўлган вазифани, яъни импатик муносабатни бу сўзлар орқали қандай амалга оширишимиз мумкин? Биз энг кўп ишлатадиган жумлаларни импатик муносабат нуқтаи назаридан текшириб кўрайлик: “Мен фарзандимга ундай ёки бундай қилдим, яхши бўлди. Сен ҳам қилиб кўр”. Бу ҳолат бизга жуда ярашган кийим ҳақида дўстимизга, “Мен бу кийимни кийдим, ҳаммага ёқди, менга ҳам жуда ярашди. Кийсенг, сенга ҳам ярашади”, дейишга ўхшайди.

Narrator 2 Дўстимизнинг биздан паст бўйли ва семиз эканини эътиборга оладиган бўлсак, бу кийим унга ярашмаганини кўрамиз. Болалар учун қўлланиладиган усуллар ҳам шу ҳолатга ўхшайди. Бу усул ҳар бир болада бир хил натижа бермаслиги мумкин. Инсоннинг қанча миқдордаги овқатга тўйиши унинг ошқозонининг ҳажмига боғлиқ. Катта ёшдаги киши бешта котлетга тўйса, фарзандларининг ҳам 5та котлет ея олади деб ўйлайди. Ҳолбуки, бола битта котлет билан ҳам тўйиши мумкин. Бу ҳолатни деярли барча хонадонда учратиш мумкин. “Шунинг нимасидан қўрқасан?” Бу савол қўрқоқ болаларга энг кўп бериладиган савол ҳисобланади. Ота-она бу сўзларни фарзандини тинчлантириш учун айтади. Аслида эса, ота-она бу сўзлар билан ўша лаҳзада фарзанди нималарни ҳис қилаётганини тушунмаётганини билдиради. Чунки улар фарзандлари ўрнида туриб эмас, ўз ҳолатларидан келиб чиқиб ушбу сўзлардан фойдаланишади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top