Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон ва меҳрибон биродарлар. Бугун яна бир гувоҳликни эшитар эканмиз, Худованд ўз фарзандлари орқали қанчалик ажойиб тарзда ишлашига яна бир бор амин бўласиз. Бу биродар ўз гувоҳлигини шундай бошлайди. “14 ёшимгача, менинг яқин дўстим бўлмаган. Оилада отам жуда қаттиққўл, онам эса отамдан жуда қўрқадиган, ўз фикрига эга бўлмаган бир аёл эди. У менга меҳрибонлик қилишга ҳаракат қилар, отам эса болани талтайтириб ташлаяпсан, унақада ҳақиқий ҳаётга қадам қўйганида қийинчиликларга қандай дош беради, дея менга ўта қаттиққўллик қиларди. Бир куни маҳалламизга янги оила кўчиб келди. Уларнинг ҳам бир ўғли бор экан. Мен ўша бола билан тасодифан, (аслида тасодифан эмас, Худованднинг ўзи шу бола орқали мени топганини энди яхши биламан), уч-тўрт марта учрашиб қолдик. У менга ўзи ҳақида ва Исо Масиҳ деган дўсти борлигини айтиб қолди.
Narrator 2 Мен унга, “Тўхта, сен Исо пайғамбарни айтяпсанми?”, дедим. У эса Исо пайғамбардан ҳам буюкроқ экани ва У ҳозир ҳам тирик ва унинг ибодатларини эшитиши, унга жавоб бериши ва унинг ҳаётини бошқариши ҳақида айтиб берди. Унинг сўзларини эшитиб, сал томи кетганроқ бўлса керак, деб ўйладим. Аммо у бундай болага ўхшамасди. Бир куни у менга, “Мен ўшанда сенга Исо Масиҳ ҳақида яхшироқ тушунтириб беролмадим, истасанг эртага мен билан жамоатга юр, ўша ерда У ҳақида яхшироқ билиб оласан”, деди. Мен рози бўлдим. Негадир ўша тонгни жуда ҳам интиқлик билан кутдим. Иккаламиз унинг оиласи билан жамоатга бордик. У ерда жамоат чўпони Исонинг бу дунёга келишидан мақсади ҳақида гапириб, Муқаддас Каломдан ишонарли далиллар келтирди. У пайтда Муқаддас Калом ҳақида ҳеч нарса билмасам ҳам, бу Масиҳ деган Зотнинг келиши ҳақида аввалги пайғамбарлар ҳам башорат қилганларини билиб олдим.
Narrator 1 Ўша кун У ҳамманинг, ҳатто менинг ҳам гуноҳимни Ўзига олиш учун қурбон бўлганини ва У тирик ва ҳар бир инсоннинг илтижоларини эшитишини билиб олдим. Уйга келгач эса, У билан ибодатда суҳбатлаша бошладим. Уни ўзимнинг Нажоткорим ва дўстим деб қабул қилдим. Шундан сўнг мен ўзимни ҳеч қачон ёлғиз ҳис қилмадим. Аммо отам тўсатдан ўзини осиб қўйди. Биз бунинг сабабини тушунмадик. Бироқ онам отамнинг ўлимидан ўзини олдириб қўйди. У жуда ғалати бўлиб қолди. Агар биродарлар бўлмаганида онамни ҳам йўқотган бўлардим. Бир куни жамоатдаги опалар онамни кўргани келишди. Унга далда бериб узоқ гаплашиб ўтиришди. Кейин эса кетишларидан олдин Худога ибодат қилиб, тез тез келиб туришга ваъда беришди. Улар кетганидан сўнг, онам яхшиланиб қолди. Ҳатто табассум ҳам қилди.
Narrator 2 Мен ибодатларимда тинимсиз онам учун сўрардим. Масиҳий опалар ҳам келиб, онамни ўзлари билан бирга сайрга ва меҳмонга олиб бориб, унинг дардини енгиллатишга ҳаракат қилишарди. Шу сабаб бўлиб, онам ҳам жамоатга борадиган бўлди. У ҳам Исо Масиҳни ўзининг Нажоткори деб қабул қилди. Биз энди кичик, аммо хурсанд оилага айландик. Ўзимизни ҳеч ҳам ёлғиз ҳис қилмасдик. Мен ўша жамоатда улғайдим ва ўша ерда турмуш ўртоғимни топдим. Худованд менга 7та бир-биридан ширин ва ақлли фарзандлар берди. Турмуш ўртоғим билан ҳозиргача Худодан миннатдор бўлиб, бахтли ҳаёт кечирмоқдамиз, ортга назар ташласам, Худованд жуда ажойиб тарзда мени излаб топгани, мени ўзига чақиргани ва биродарларнинг ёрдами билан онамни ҳам қутқариб қолганини кўраман. Ҳаётимда ҳеч бир нарса бекорга бўлмаганини, ҳаммаси Худонинг бошқаруви билан бўлганини англайман. Худога шукурлар бўлсин!”