MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Агар ҳаётимизга диққат қиладиган бўлсак, биз Худони эмас, аксинча, Худо бизни танлаганини англаймиз. Масиҳ ҳам шундай деган эди, “Сизлар Мени эмас, Мен сизларни танладим, ҳосил беринглар ва ҳосилингиз боқий бўлсин деб сизларни танладим”. Чиндан ҳам шундай. Биз ўзимиз Худога эриша олмас эдик. Ҳар бир имонлининг гувоҳлигини диққат билан тинласангиз, Худованднинг Ўзи уларга Ўзини топтиришда жонбозлик қилган. Бугун бир синглимизнинг гувоҳлигини тинлаб, бу ҳақиқатга яна бир бор амин бўласиз. У шундай дейди: “Мен оилада кенжа фарзанд эдим. Отам мени жуда ҳам яхши кўрарди. Ҳеч бир камчиликсиз, яхши билим олиб улғайдим. Ота-онамнинг яхши тарбияси билан ўзимга бўлган ишончим ва ҳаётда ўз ўрнимни топа оламан деган ишонч билан вояга етдим. Университетга кирганим ҳаётимдаги янги ва мустақил ҳаётимнинг бошланиши бўлди.

Narrator 2 Университетда аъло баҳоларга ўқибгина қолмай, университет қошидаги ёш сиёсатчилар клубига ҳам аъзо эдим. Ўқишдан ташқари ота-онамга ёрдам бўлсин деб иш топдим. Дўстларим кўп эди. Иш жойимда, клуб ичида ва университетда. Доим банд ва одамлар орасида эдим ва бундай ҳаёт тарзи менга ёқарди. Ҳаммасидан ҳам ҳеч нарсага зориқмай улғайганим учун, пулни яхши кўрардим. Пул мен учун биринчи ўринда турарди. Бир куни бир дугонам билан овқатланишга бордик. У ерда дугонамнинг бошқа дугонасини учратдик. Уччаламиз бирга ўтириб овқатландик. Шу вақтда учинчи қиз менга ва дугонамга Исо Масиҳ ҳақида хушхабар айтди. Мен аввал бу ҳақида эшитмаган эдим. Унинг гаплари менга эртакдек, жинниликдек бўлиб туюлди. Биз тарқалишдик. Тўрт йил давомида, университетни тугатгунимча, бу ҳақида бошқа эсламадим. Жуда аъло баҳоларга битирдим. Энди “Қизил Ярим Ой жамиятида ишлаётган эдим.

Narrator 1 У ерда ҳам дўстларим кўп эди. Уларнинг баъзилари қизлар баъзилари йигитлар эди. Оилада ўғил болалар орасида ўсганим учун, улар билан ҳам бемалол тил топиша олардим. Бир куни тўрт киши бўлиб тушликка чиқдик. Улардан иккитасини, бир қиз ва бир йигитни яхши танимасдим. Шунчаки салом-алик қилардик ҳолос. Овқатдан сўнг нотаниш қиз бизга яна ўша тўрт йил аввал мен эшитган хушхабар ҳақида айтди. Унинг гапига нотаниш йигит ҳам қўшилди. Мен ҳар бир гапини инкор қиладиган гапларни топиб гапиришга ҳаракат қилардим. Аммо бу йигит жуда ҳам билимдон экан. Ҳеч ҳам пинагини бузмасдан, ички куч ва қатъият билан менинг ҳамма гапларимга ва саволларимга далиллар билан жавоб берарди. Ўша куни кафеда уч соат қолиб кетдик. Бу йигит кейинги сафар ҳам бирга овқатланишни таклиф қилди. Мен ҳам унинг фикрларига қарши далил топиб, тайёр бўлиб келишга қарор қилиб, таклифига рози бўлдим.

Narrator 2 Ҳаммамиз яна кўришишга келишиб тарқалишдик. Бир куни кечаси ўз-ўзимдан уйғониб кетдим. Ҳаёлим Худода эди. У ким? Қандай Худо? Кейин танишларимнинг Худога ибодат қилсанг, У жавоб беради, деган гапларини эслаб, Худога биринчи марта ибодат қилдим. “Худо Сен бор бўлсанг, қандай Худосан? Кимсан? Сен буддамисан? Исомисан ёки Муҳаммад айтган Оллоҳмисан? Кимсан?”, дедим. Ич-ичимдан Унинг кимлигини жуда билгим келди. У эса эшиттириб, аниқ қилиб “Сен Менинг қизимсан”, деди. Мен ҳайрон қолдим. Менга эшитилдими? Ёки ҳали ҳам ухлаяпманми? Аммо ухламаётган эдим. Ҳозиргина кроватим олдида тиз чўкиб Худога ибодат қилган эдим. Эртаси куни бу воқеани жиддий қабул қилмай, ҳаётимни давом эттирдим. Аммо Муқаддас Китобнинг Матто хушхабарини ўқишни бошладим. Ўша ердан Унинг ким ва қандай Худо эканини билиб олдим. Унинг ҳар бир сўзи тирик сувдек қалбимга қуйиларди. Шундай қилиб, мен ҳақиқий Худони топдим.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top