Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Худованднинг севгиси доим ҳам ёқимли ва қулай бўлавермайди. Агар кўп йиллик масиҳий бўлиб, Худо билан бирга анчагига йўл босиб қўйган бўлсангиз, бунинг нималигини яхши биласиз. Бир биродар Худонинг бундай севгисини ўз ҳаётида татиб кўрганини айтади. У шундай дейди: “16 ёшимда Худованддан тарсаки едим. Ҳали ҳам ойнага қарасам, тишимнинг кемтик жойига қараб, Худонинг севгисини кўраман. Худо шу йўл билан менга севишини кўрсатганидан хурсандман. Мен жуда ҳам ажойиб оилада улғайдим. Ота-онам мени севишларини, менга жуда ғамхўр эканликларини англаб ҳис қилардим. Худо ҳақида ёшлигимдан, онамнинг Муқаддас Каломни ўқиб берганлари орқали яхши билиб олган эдим. Аммо ўсмирлик ёшига келганда, ҳамма ўрганганларимни унутиб, ўзим истаганимдек яшашга истак туғилди. Шунинг учун уйда ва Муқаддас Каломда ўргатилганларига қарши ҳаракат қила бошладим.
Narrator 2 Ёмон болалар билан танишиб дўстлашдим. Табиийки, уларнинг таъсирига тушиб қолдим. Ота-онамдан беркитиб чекадиган ва ичадиган бўлдим. Кўчага скейт учишга деб чиқиб кетардим-да, ўша безориларга қўшилардим. Ичимда нимадир бу йўл тўғри эмаслигини тез-тез эслатса ҳам бундан қайтмасдим. Ичимда бўшлиқ ва ноқулайлик сезардим. Худованд мени шу учун дунёга келтирмаганини ҳис қилардим. Бир куни кечқурун уйда ҳеч ким йўқлигида, гиламга ғужанак бўлиб ётиб олиб, томоғим оғригунча бақирдим. Ҳаётимдаги бўшлиқдан қийналиб кетган эдим. Уни тўлдиришни истардим. Кейин нима бўлганини биласизми? Бир қанча вақтдан кейин отам билан унинг машинасида номаълум томонга қараб кетаётган эдик. Машинада сукунат ҳукмрон эди. Охирги пайтларда ота-онам менинг исёнимдан қаттиқ ҳавотирланишган ва айниқса, онам менга қандай ёрдам беришини билмай азобда эди.
Narrator 1 Табиийки, отам менинг қилаётган ишларимдан кўпроқ хабардор ва бу унга ёқмаётган эди. Унинг нима қилмоқчи эканини билмасдим. Узоқ сукунатдан сўнг отам менга, “Ўғлим, сенга кўп нарса гапирмайман. Аммо бир нарсани билишинг керак, сен қандай ўғил бўлишингдан, ўзингни қандай тутишингдан қатъий назар, мен сени яхши кўраман. Ойинг ҳам сени яхши кўради”, деди. Устимдан бир челак совуқ сув қуйиб юборилгандек ҳис қилдим. Мен отамнинг уришишини, танбеҳ беришини кутган эдим, аммо у ҳеч нарсага қарамай, мени севишини айтди. Худди шу пайтда Худованд менинг юрагимни тақиллатиб, “Ўғлим, сени севаман”, деганини ҳис қилдим. Бироқ шундан кейин ҳам оиламга яқинлашмадим. Хонамда дўстларим берган нарсани татиб роҳатланардим. Улар билан камдан-кам гаплашардим. Бу ҳолат яна ўн ой давом этди. Акам ўқишдан қайтди. Шу пайт мен дўстим билан кўришиш ҳақида телефонда гаплашаётган эдим.
Narrator 2 Акам телефонда гаплашган гапларимни эшитиб, хонамга кириб бақирди. “Сен, эсини еган эшшак. Шу билан шуғулланяпсанми?” Мен ҳам унга бақирдим. Биз уришиб кетдик. Отам бизни ажратиб мени дўстларимдан узоққа бир ойга жўнатиб юборди. Ўзимни қамоқдадек ҳис қилардим. Бир куни кўчага чиқсам, бир йигит кўзимга олайиб қараб, “Башаранг менга сира ҳам ёқмаяпти”, деди. Мен кутилмаганда ундан келган зарбани ҳис қилдим. У тўғри жағимга қараб мушт туширди. Зарбаси ҳам қаттиқ эди. Мен бу болага кучим етмаслигини билиб чекиндим. Ўша куни Худо менга зарба берган эди. Уйқудан уйғониб, Худонинг ҳаётим учун тайёрлаган режасини кўришим учун шу керак эди. Мен уйғониб, шунга ўхшаш йигитлар билан дўст эканимни, ўзим ҳам булардан қолишмаслигимни англадим. Шу биргина зарба мени ақлимни киритиб қўйди. Бунинг учун Худодан миннатдорман.