3:12

Сотаётган молни яхши билиш

MP3

Салом азизлар. Тирикчилик маслаҳатлари деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Сотиш бугуннинг янги илмларидан ҳисобланади. Шунинг учун унинг ҳам бошқа илмлардаги каби асоси, қонуниятлари, шакллари, турлари ва ўзига хос жиҳатлари бор. Қайси савдо корхонаси ҳам мавжуд мижозларини ўзида сақлаб қолиб, ҳам янги мижозлар орттиришни истаса, сотадиган молининг хили ва хусусиятларини миридан-сиригача билиб олиши даркор. Акс холда, сотадиган моли- нинг хусусиятларини билмаган сотувчи вақт ўтиши билан фирмасининг мижозлари йўқолишига сабаб бўлади. Дўконлардан бирида эркак харидор пижама сотиб олмоқчи бўлди. Сотувчидан: «Мана бу икки пижаманинг размери бир хил, бироқ биттаси сал каттароқ экан. Буни қандай тушунса бўлади?» деб сўради.

Сотувчи бундай жавоб берди: «Рухсатингиз билан ҳозир аниқлайман ва жавобини айтаман». У шундай дея бошқа бўлимга борди. Беш-ўн дақиқадан кейин қайтиб келиб, деди: «Ҳа жаноб, пижамаларнинг бири иккинчисидан бир оз каттароқ экан. Сабаби, ичидан ички кийим кийилишига мўлжаллаб, озгина каттароқ бичилган».

Дўкон соҳиби бу ҳолатни кузатиб туриб, менга шундай изоҳ берди: «Дўконимда шу нарса камлик қиларди. Сотувчиларим сотадиган молларини яхши билмас эдилар».

Бу дўкондор дўстим иродаси кучли одам эди. Унга мол юборадиган фабрикаларнинг ҳар бирига мактуб йўллаб, юбораётган молларининг хусусиятлари ҳақида маълумот ҳам беришларини сўради. Фабрикалардан келган маълумотларни тўплаб, китоб ҳолига келтирди ва ҳар бир сотувчисига ўша китобдан бир нусхадан берди. Китобдан ҳар ким ўзига тегишли бўлимни ўқиб, сотаётган молини таниб-билиб олди. Яхши сотилган мол билиб сотилган молдир. Бундай мол харидорда жуда яхши таассурот қолдиради. Сиз хўжалик моллари дўконига кириб, теша олмоқчи эканингизни айтдингиз. Сотувчи Сизга бир тешани тутқазади ва: «Бу жуда яхши теша!» дейди. Сиз «нимаси яхши?» деб сўрасангиз, жавоби тахминан шундай бўлади: «Чунки бу теша мустаҳкам, чиройли ва бошқа тешаларга ўхшамайди, шунинг учун». Бу жавобдан сотувчининг ўз молини билмаслиги маълум бўлади.

Агар билса эди, бундай жавоб берган бўларди: «Тешанинг яхшилиги шундаки, унинг метали мустаҳкам, яхши ишлов берилган. Сопи маҳкам, унча-мунчага тушиб-синиб кетмайди. Орқасига қўйилган анави темир парчаси кўпгина фалокатнинг олдини олади, бу темир парча бошқа тешаларда йўқ. Олдидаги тешиги ёрдамида эса ҳар қандай кичик михларни ҳам суғуриб ташлаш мумкин».

Бошқа бир магазинда эса бир аёл қўлидаги иккита пайпоқни кўрсатиб сотувчидан сўради: «Иккови ҳам бир хилу, нега бунисининг нархи минг сўм қимматроқ?»

Сотувчи: «Биринчиси чокли, иккинчиси чоксиз. Биттаси бир марта ювилганда ранги ўзгаради, иккинчисини қанча ювсангиз ҳам ўз хусусиятини йўқотмайди. Чокли пайпоқлар оёққа кийилганда оёқнинг шаклини олади, чоксизлари эса ўзига хос ва оёққа мос шаклга эга», деб жавоб берди. Бу сотувчи, сотаётган молини яхши билгани учун, дўкон эгасига анча фойда олиб келиши аниқ гап.

Тирикчилик фаолиятингизни Раббимиз баракаласин. Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top