Салом азизлар. Тирикчилик маслаҳатлари деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Сотиш бугуннинг янги илмларидан ҳисобланади. Шунинг учун унинг ҳам бошқа илмлардаги каби асоси, қонуниятлари, шакллари, турлари ва ўзига хос жиҳатлари бор. Катта шаҳарлардан бирида баққоллик ҳамда сабзавот сотадиган дўкон бор эди. Боши ҳеч зарардан чиқмасди. Бир куни дўкон эгасининг олдига икки ака-ука келиб, дўконни сотиб олмоқчи эканларини айтишди. Шундай қилиб, дўкон сотилди. Дўконни сотиб олган ака-укалар унинг ҳамма тарафини тозалаб чиқишди, пештахталарга янги моллар қўйилди. Биринчи ҳафтадаёқ савдо ҳажми бир миллиондан ошди. Иккинчи ҳафта бир ярим миллионга етди. Муваффақият устига муваффақият… Аслида, бу ака-укалар доҳий эмасди. Улар фақат ишнинг кўзини биларди — ҳамма нарсанинг фақат яхшисини сотишди, харидорларга ширинсуханлик билан муомала қилишди. Сотиб олинган маҳсулотларни олиб кетишлари осонлашсин учун, харидорларга бепул сумкалар тарқатишди. Уларга яхши маслаҳат ва тавсиялар берган харидорларни тақдирлашди. Харидорлар нарсаларини қўйиб туришлари учун алоҳида жой ажратишди. Иккисидан бири албатта дўконда бўлди. Кассада ўтирадиганларнинг ҳар бирига икки фоиздан комиссия ҳаққи беришди. Нақд пулга сотишни ташкил қилишди.
Бундай одамларнинг бир дўкон эмас, балки бир маҳаллани, бир қишлоқни, ҳатто бутун бир юртни жонлантира олишга иқтидорлари етади. Энди Сизга мазкур мавзуга алоқадор яна бир мисол келтираман. Баъзилар давомли равишда инқироз ҳақида бонг урадилар. «Ҳамма ҳам сотолмай турганда мен қандай қилиб сотайин!» деганларини эшитиб қоласиз. Аслида эса ҳолат ҳеч қачон бундай бўлмайди. 1921 йилдаги йирик иқтисодий инқирозда барча катта савдо муассасаларининг наинки даромадлари, балки умумий молиявий аҳволлари ёмон ҳолатга келиб, инқироз ёқасида турганида, бир магазин ҳамон даромад қозонишда давом этарди. Ҳайратланарли ҳол, шундай эмасми? Бу муваффақиятнинг сабаби эса ҳамжиҳатликда ишлаш, мусобақалашиб меҳнат қилиш, халқнинг эътиборини жалб этадиган тадбирларни амалга ошириш эди. Инқироз тобора кенг ёйиларди. Магазиннинг барча мансабдорлари тўпланди. Раҳбар сўз олди: «Жаноблар, оғир кунларни бошдан кечиряпмиз. Аммо ҳеч қайси ҳамкасбимизни ишдан четлатмаймиз. Интизомга қаттиқ риоя қиламиз. Биргаликда бу ҳолатдан чиқиб кетишга уринамиз». Барча ходимлар бу сўзлардан таъсирланишди. Айтилган гаплар бунчалик сидқидилдан ва самимий эдики, ҳар ким зиммасидаги вазифасини қўлидан келганча масъулият билан бажаришга сўз берди. Биргаликда, қўлни-қўлга бериб ишга киришиб кетилди. Сотиш бўлими ходимлари спортчилардек бир-бирлари билан мусобақа бошлашди. Қайси бўлим янада кўпроқ маҳсулот сотса, мукофот ола- диган бўлди. Ҳар бир бўлимнинг сотув рейтинги кунда эълон қилиб борилар, магазинда ноумидлик эмас, хушчақчақ муҳит ҳукмрон эди. Ҳар ким янада кўпроқ даромад топиш пайига тушди. Пештахталар ҳар куни кўзни оладиган тарзда қайтадан тартибга келтирилар, бунинг учун тўрт кишилик гуруҳ тузилганди. Халқ ҳар куни янгисига дуч келгани учун ҳам, ҳамманинг кўзи пештахталарда эди. Улардан милиция ходими ҳам, журналист, ҳуқуқшунос, баққол, бою-камбағал ҳам ўзига керакли нарсани топа оларди. Пештахталарнинг завқ билан тартиблангани унинг реклама сифатида катта кучга эгалигини ҳам кўрсатди. Тирикчилик фаолиятингизни Раббимиз баракаласин. Омон бўлинг.