“Хизматимиз қораланмасин деб, ҳеч кимга ҳеч қандай халақит бермаймиз. Худонинг хизматкорлари сифатида ўзимизни ҳамма соҳада ибрат қилиб кўрсатамиз: чексиз сабр-тоқатда, ғам-қайғуларда, танқисликларда, тангликларда, зарбалар остида, зиндонларда, тўполонларда, заҳматларда, уйқусизликда, рўза тутишда, покликда, доноликда, тўзимлиликда, меҳрибонликда, Муқаддас Руҳ кучида, самимий муҳаббатда. Ҳақиқат каломини айтиб, Худонинг қудратига суяниб, ўнг ва сўл қўлда солиҳлик қуролларини тутиб юрибмиз. Шараф ва иснодга, ҳақорат ва мақтовга дуч келяпмиз. Бизни алдамчи ҳисоблайдилар, аммо ҳақиқатгўймиз. Номаълуммиз, аммо бизни ҳамма билади. Бизни ўлган деб ҳисоблайдилар, аммо мана, тирикмиз. Бизни жазога тортяптилар, аммо ўлмаяпмиз. Бизни хафа қиляптилар, аммо доимо хурсандмиз. Ўзимиз камбағалмизу, кўп кишиларни бойитамиз. Ҳеч нарсамиз йўғу, аммо ҳамма нарсага эгамиз”. (2 Кор 6:3-10)
Салом азизлар. Ҳаворий Павлус ҳар доим мамнуният пайдо қилишни ўрганди. У бу тўғрида Филиппиликларга Мактубнинг 4-боб 11-13-оятларида ёзади:
“Буларни муҳтожликдан айтаётганим йўқ. Чунки мен ҳар қандай шароитда борига қаноат қилишга ўрганганман. Мен танқисликда ҳам, мўл-кўлчиликда ҳам ҳаёт кечиришни биламан. Ҳар қандай шароитда ва ҳар ерда ҳам тўқ бўлиш, ҳам оч қолиш, ҳам фаровонликда яшаш, ҳам муҳтожликда қолишнинг сирларини ўрганганман. Мени қўллаб-қувватлаётган Исо Масиҳнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан”. Қувғинларда қатъий туришнинг сабаби жуда оддий: ўзингизнинг азоб-уқубатларингизга эмас, балки Исо Масиҳга боқиш керак. Ер юзида ҳаммадан ҳам кўп азоб-уқубатни Исо тортган. Шундай бўлса-да, Унинг ҳаёти ва ўлими Худонинг таъна ва маломатига эмас, Унинг улуғворлигига хизмат қилди.
Ҳузур-ҳаловатнинг сабаби – шукроналар айтишда. Ранж-аламга тўғри йўл эса – биз марҳаматга эришдик деб ҳисоблашдан иборатдир. “Ҳамиша хурсанд бўлинглар, тинмай тоат-ибодат қилинглар, ҳар қандай шароитда ҳам Худога шукр қилинглар. Бу – Худонинг иродаси, чунки сизлар Исо Масиҳ умматисизлар” ( 1 Сал 5:16-18). Сиз норозилик намоён қилган ўша турмуш соҳалари ҳақида ўйлаб кўринг. Шундай шароитлар ёки вазиятлар учун сиз сўнгги марта қачон Худога шукроналар айтгансиз? Ҳозироқ ҳаммаси учун Унга ҳамду сано айтишни бошланглар. Ҳар доим Худога шукроналар айтишни сизга эслатиб турувчи қоғозчаларни ёзиб қўйинг, сўнгра сиз норозилигингиз йўқолиб бораётганлигини кузатиб туринг.
Филиппиликларга Мактубнинг 4-бобида Павлус ўзининг сирларидан бирини очиб беради: “Хуллас, эй биродарлар, нима ҳақиқий, нима мўътабар, нима тўғри, нима соф, нима ёқимли, нима фахрли бўлса, қандайдир бир фазилат, қандайдир мақтанарли ҳислат бор бўлса, булар ҳақида фикр қилинглар. Сизлар мендан нимани ўрганиб қабул қилган бўлсангиз, нимани эшитиб, кўрган бўлсангиз, ўшани қилинглар, шунда тинчлик берган Худо сизларга ёр бўлади”. Умуман, қатъиятлиликнинг асоси – бу тўғри ва аниқ мақсаддир. “Сиз аввало, Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси пайидан бўлинглар, шунда буларнинг ҳаммаси қўшимча қилиб берилади” (Матто 6:33).
Раббим сизни Ўз паноҳида асрасин. Омон бўлинг.