3:46

Ёқубнинг мактуби

MP3

Narrаtor 1Ассалому алайкум қадрдон биродар. Бугунги суҳбатимиз асосини Ёқубнинг мактубига бағишладик. Бу суҳбатдан сиз ҳам биз ҳам бирдек манфаат топишимизга ишончим комил. Бу ажойиб мактуб имонлиларни рағбатлантириш, уларга ўргатиш ва танбеҳ бериш учун ёзилган. Бу мактуб имонлини асосан муқаддас яшашга ва имонини амалда қўллашга ундайди. Бу нома чуқур ҳаётий ва аҳлоқий аҳамиятга эга. Ёқубнинг мактуби Павлус, Бутрус , Юҳанно ва Яҳудоники каби маълум бир жамоат ёки шахсга эмас, ҳамма имонлиларга бағишлаб ёзилган. Бу мактуб Павлуснинг мактубида ёзилган ўгитларни тўлдиради. Ҳаворий Павлус мактубларининг асосий мавзуси имон бўлса, Ёқуб асосан имонлининг ҳатти-ҳаракати қандай бўлиши кераклиги ҳақида гапиради. Мактуб муаллифининг исми Ёқуб бўлгани сабабли ҳам бу нома Ёқуб номаси деб аталган.

Narrаtor 2 Муқаддас Китобдан бундай исмли тўртта шахсни келтириб ўтишимиз мумкин: 1) Забадийнинг ўғли Юҳаннонинг акаси, 2) Алфейнинг ўғли (Марк 3:18); 3) Яҳудонинг отаси (Яҳудо Ишқариётнинг эмас); 4) Раббийнинг укаси (Гал 1:19). Манбааларда ёзилишича, бу мактуб Исо Масиҳнинг укаси Ёқуб томонидан ёзилган. Чунки, у Исо Масиҳнинг ўлиб тирилганидан кейин, Қуддус жамоатининг кўзга кўринган оқсоқоли бўлди. Гарчи Ёқуб Исо Масиҳ билан бирга бир оилада ўсган бўлса ҳам, У то ўликдан тирилиб, осмонга олинмагунча, Унинг Масиҳлигига ишонмаган. Чунки Юҳанно 7 боб 5 оятда, “Ҳатто укалари ҳам Унга ишонмас эдилар”, деб ёзилган. У Исо Масиҳни тирилганидан кейин учратгач, ишонишни бошлади. Ёқуб Исо Масиҳни ўлганидан кейин кўргани ҳақида қандай далилимиз бор, дейсизми? Албатта бор. Ҳаворий Павлус 1Коринфликларга мактубида бу ҳақида шундай деб ёзган:

Narrаtor 1 “Ундан сўнг Масиҳ Ёқубга ва қолган барча ҳаворийларга кўринди.” Бундан ташқари ҳаворий Павлус Ёқуб, Бутрус ва Юҳаннони жамоатнинг устунлари деб атаган. Демак, бу Ёқуб номаси Исо Масиҳнинг туғишган укаси Ёқуб томонидан ёзилган. Илк масиҳий арбоблар: Ориген, Қуддуслик Кирил, Афанасий, Августин ва бошқалар ҳам шу фикрни тасдиқлаганлар. Исо Масиҳ туғилганидан кейинги биринчи асрда яшаган тарихчи олим Юсуф Флавий, Ёқубни 62 йилда ўлдиришгани ҳақида ёзиб қолдирган. Шунга кўра фикр қиладиган бўлсак, Ёқуб номаси эртароқ ёзилиган бўлиши керак. Ёқуб ўз мактубида 49 йилда ҳаворийлар ва бошқа имонлилар ўртасида бўлган Қуддус Кенгаши ҳақида ҳеч нарса ёзмаганини инобатга олган ҳолда, бу мактуб ундан ҳам олдинроқ, тахминан 45-48 йиллар оралиғида ёзилган деган тахмин пайдо бўлади. Эҳтимол, бу нома Янги Аҳд китобларининг энг биринчиси бўлиши ҳам мумкин, бундан ташқари бу мактуб, Павлуснинг кейинроқ ёзган Римликларга мактубига қарши чиқмайди.

Narrаtor 2 Павлус ҳам Ёқубнинг номасига қарши ҳеч нарса айтмаган ва Ёқубни жуда ҳурмат қилган. Буни қуйидаги оятлардан билиб олсак бўлади: “Аммо Қуддусда Бутрусдан ва Раббимиз Исонинг укаси Ёқубдан бошқа ҳеч бир ҳаворийни кўрмадим.” “Шундай қилиб, Худо менга бу иш учун алоҳида иноят берганига имонлилар жамоатининг устунлари ҳисобланган Ёқуб, Бутрус ва Юҳанно ишонч ҳосил қилдилар.” Бу икки ҳаворий ўз мактубларида имон ҳақида бир-бирларининг фикрларини тўлдирадилар. Павлус, Худо кўрадиган ички қутқарувчи имон ҳақида ёзган бўлса, Ёқуб бу имонни инсонларга кўрсатадиган ташқи амалларимиз ҳақида ёзган. Ёқубнинг таъкидлашича, амалсиз имон ўликдир. Бу номанинг муаллифи ҳақида етарлича маълумотга эга бўлдик, аммо бу айнан кимга ёки кимларга ёзилган? Бу саволимизга кейинги суҳбатимизда жавоб топишга ваъда берамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top