Ассалому алайкум. Кўпчилик аёлларга сир айтиб бўлмайди, уларнинг оғзи бўш, дейишади. Чиндан ҳам шундаймикан? Қандай қилиб сир сақлаш мумкин? Сир сақлай оласизми, деган саволга бирданига жавоб бериш қийин. Айримлар яқин кишиси ёки дугонасининг сирини кўпчиликка дастурхон қилиб, бемалол гапириб юраверади. Бировларнинг сирини ҳаммага ошкор қилиш кимларгадир жуда гаштли туюлади ҳам. Энг ёмони, секин-аста ўзгаларнинг кўпчиликдан яширган сирини овоза қилиш оддий ҳолга айлана боради… Оғзи бўшлик — хафагарчилик келтириб чиқаради. Яқин дугонангиз ёки дўстингизга сирингизни айта туриб: «Буни бошқаларга гапириб юрма, шунчаки сени яқин олиб, ёрилдим-да!» дея қайта-қайта тайинлайсиз.
Аммо у кўпинча буни ичида сақлаб тура олмай, бошқаларга «гуллаб» қўяди. Қарабсизки, пайти келиб бунинг ортидан кўнгилсизликлар келиб чиқади. Бундан ҳатто, оғзи бўшлик қилган кишининг ўзи ҳам зарар кўради. Энди унга унча-мунча одам ишонмайди. Бунинг яна бир салбий томони ҳам бор: энди сиз сирини ошкор қилган шахс сизнинг сирларингизни кўпчиликка достон қилиши мумкин. «Осмонга тупурсанг — бетингга тушади!» деган нақл бор, бунга сабабчи фақат ўзингиз! Шу боис биров чидай олмай сирини сиз билан бўлишдими, уни зинҳор бошқаларга ошкор қилманг. Ҳар бир одамнинг ҳеч ким билмайдиган сирлари ёки бошқалардан яширадиган камчиликлари бўлади.
Шу боис тилга эҳтиёт бўлган яхши. Психологлар ҳам бировларнинг сирини қаттиқ сақлашни тавсия этади, бу иккала томон учун ҳам муҳим экан. Ўзингизни кўрсатмоқчимисиз? Кўпинча бировнинг сирини бошқаларга дастурхон қилаётган киши оқибатини ўйлаб ҳам кўрмайди. Бунинг замирида «У ҳақда ҳаммадан ҳам кўпроқ мана, мен биламан!» деган фикр ётади. Бу билан у ўзининг кўп нарсаларни биладиган, ўта муҳим одам эканлигини исботламоқчи бўлади, гўё. Бундайлар ўзгалар кўзига жуда кўп гапдан хабардор, атрофдагиларнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган сирларни биладиган бўлиб кўринишни жуда-жуда исташади. Аммо бу билан ўзини алдаётганини, нафақат сирини ишонганга, балки ўзига ёмонлик қилаётганини кўп ҳам тушунмайди.
Ичингизга ютинг, ташқарига чиқарманг…Ҳамманинг ҳам ўзига яраша сири бўлади. Бироқ «Икки киши билса — олам билади!» деган мақолни унутманг. Бу жуда арзимас сир бўлса-да, барибир, оқибатини ўйланг. Ҳатто шундай ҳолатлар бўладики, киши ўз қувончини кўксига сиғдира олмай, бошқа билан ўртоқлашиб, ўзига ўзи ёмонлик қилиб қўяди. «Энг яхши йўл бировларнинг сирига умуман қизиқмаслик. Борди-ю, бирортаси сизга «ёрилса», сирни ичингизга ютинг ва зинҳор ташқарига чиқарманг» дейди психологлар. Тирик жонмиз. Баъзан ўзгаларнинг сирини эшитишга ҳам тўғри келади. Бировнинг сирини ичингизда сақлайсизми ёки бутун оламга дастурхон қиласизми — ўзингизга ҳавола! Муҳими, оқибатини унутманг!