MP3

Narrаtor 1 Ассалому алайкум қадрдон. Бу дунёга келиб яшашдан мақсад нима? Табиийки, ҳар бир одам бу саволга турлича жавоб беради. Бироқ, бизни яратган Худованднинг жавоби бошқача. У азалдан ният этгани бўйича, яратганлари Ўзи билан бирга бўлишини истайди. Ҳаётда бўладиган синовлар ва қийинчиликларга қарамай, Унинг иродасига кўра яшашда давом этадиган инсонлар бир кун келиб ҳаёт тожига эга бўладилар. Бу ҳақида ҳаворий Ёқуб ҳам шундай деган, “Синовларга бардош берган одам бахтлидир. Чунки у синовдан ўтгач, ҳаёт тожи билан тақдирланади. Бундай тожни Худо Ўзини севганларга ваъда қилган.” Бу ҳаёт тожи шоҳлар киядиган тож эмас, бу ғолиблар тожидир. Ҳаётда бу синовлар қандай кўринишда бўлади? Турлича кўринишда, бахтсизлик, касаллик, оилавий муносабатлар таранглиги ва ҳоказолар. Бу синовларга қандай муносабатда бўламиз? Биз ё улардан нолиймиз ёки улар учун Худога шукур қиламиз.

Narrаtor 2 Синовлар ва қийинчиликлар пайтида диққатимизни ё муаммоларга қаратамиз ёки уларни ҳотиржам ўтказамиз. Биз ҳаётимиздаги вазиятларни тез орада Худованд ўзгартиришига умид қиламиз ва бўлаётган ишларда Худонинг қўлини ва иродасини кўришни истаймиз. Ё бўлмаса, ўз-ўзимизга ачиниб ўтираверамиз. Қай бирини танлаш ўзимизнинг ихтиёримизда. Баъзан бу воқеаларда Худони айблаймиз, аммо бунга бошқа томондан қараб кўринг, чунки Ёқуб 1:13 оятда шундай ёзилган, “Васвасага тушганингизда Худони айбламанг! Чунки Худо ҳеч қачон васвасага тушмайди ва ҳеч кимни васвасага солмайди.” Худованд Ўз фарзандларининг имонлари қанчалик мустаҳкам эканлигини синаб кўради, аммо ҳеч қачон васвасага солмайди. Худо ҳаётимизга йўл қўйган синовлар бу фақат биздаги камчиликларни юзага чиқариш ва уларни йўқ қилиш ҳамда қийинчиликдан сабоқ олиб Масиҳга ўхшаш сифатни ўзлаштириш учундир.

Narrаtor 1 Кейинги оят юқоридаги оятни тўлдиради: “Лекин ҳар ким ўз эҳтироси дастидан васвасага дучор бўлиб, нафс тузоғига илинади. Кейин эҳтирос ҳомиладор бўлиб гуноҳни туғади, гуноҳ эса етилиб, ўлимга олиб боради.” Инсон доим ўз айбини бошқага юклашга ўрганиб қолган. Агар у ўз гуноҳи учун Худони айблай олмаса, замонавий психология бўйича, гуноҳни касаллик деб аташни маъқул кўради. Шу тариқа, у ҳукмдан қочиб қутулишга ҳаракат қилади. Аммо гуноҳ бу касаллик эмас. Бу инсоннинг аҳлоқий бузилиши ва бунинг учун унинг ўзи жавобгар. Баъзилар айбни бирорта буюмга ағдармоқчи бўладилар. Аммо буюмлар ўз-ўзидан айбдор эмас. Уларни қандай ишлатишингизга боғлиқ. Гуноҳ ичимизда, эски, ёвуз, Худодан қочадиган табиатимизда. Шунинг учун ҳам Исо Масиҳ: “Чунки инсон юрагидан ёмон фикрлар, қотиллик, фаҳшу зино, ўғирлик, сохта гувоҳлик ва туҳмат чиқади.”, деган эди.

Narrаtor 2 Ёқуб 14 оятда ишлатган, “эҳтирос” сўзи яхши нарсага ҳам ёмон нарсага нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин. Юнон тилидаги epithumia сўзи бор йўғи, “истак” сўзининг кучли шакли ҳолос. Аммо биздаги “эҳтирос” сўзи айнан ёвуз истакларга нисбатан қўлланилишини тўғри очиб берган. Биздаги ёвузликка, гуноҳга бўлган интилиш бизни қурбон қилади. Ўзимизни бечора ва ожиз қурбонлар, деб ҳисоблай оламизми? Йўқ. Чунки биз яхшини ёмондан ажрата оламиз. Шунинг учун ҳам Каломда бизга шундай дейилган, “… фикр–зикрингиз ҳақиқий, шарафли, тўғри, пок, ёқимли, таҳсинга сазовор нарсаларда бўлсин. Ҳа, олқишга лойиқ, аъло нарсалар ҳақида фикр юритинглар.” Агар шундай ёмон ҳаёллар ва васвасалар келиб қолса-чи, унда нима қиламиз? Ўша заҳоти Худовандга мурожаат қилинг. У сизнинг ҳимоя қўрғонингиз эканини унутманг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top