Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Муқаддас Китобни ўқир эканмиз, унинг қаҳрамонлари ҳақида ўйлаб қоламиз. Бу инсонлар қандай одам бўлган? Тўртта хушхабар китобларидан бирининг муаллифи Луқо ким бўлганини биласизми? Ҳа, кўпчилик билади, у шифокор бўлган, аммо барибир бошқалар у ҳақида жуда кам маълумотга эга. Келинг, унда биргалашиб, бу инсоннинг ким ва қандай инсон бўлгани ҳақидаги маълумотларни тинглаймиз. Луқонинг асли касби шифокор/терапевт бўлиб, у Луқо хушхабари ва Ҳаворийлар китобини ёзган. Бу китобларнинг ҳар иккаласи ҳам Теофилус деган инсонга ёзилган. Ҳа, яна у яҳудий бўлмаган. Луқо ҳаворий Павлус билан бир қанча муддат бирга хизмат қилган, шу сабабли ҳам Павлус Колосаликларга мактубида, “…Худонинг Шоҳлиги йўлида меҳнат қилаётган булардан бошқа яҳудий ҳамкорларим йўқ.”, дейди. Демак, Луқо аниқ яҳудий бўлмаган.
Narrator 2 Луқо ўзининг ҳар иккала китобида ҳам ўзи ҳақида ҳеч нарса демайди, бироқ Павлус у ҳақида ўз мактубларида уч марта эслатиб ўтади. Теофилуснинг кимлиги маълум эмас, аммо шу нарса маълумки, Луқо Теофилусни жуда қадрлаган. Унинг нажот топишини ва у Исо Масиҳ ҳақида ва Унинг ишлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишини жуда ҳам истаган. Колоссаликларга 4:14 оятдан Луқо ҳаворий Павлуснинг яқин дўсти бўлганини билишимиз мумкин. Павлус уни, “Севимли табиб Луқо”, деб атайди. Луқо табиб бўлгани учун ҳам Исо Масиҳнинг мўъжизавий тарзда одамларни шифолаши уни жуда ҳам қизиқтириб ҳайратга солган. Айнан шунинг учун ҳам у Исо Масиҳнинг бундай қудратига эътибор қаратган. Филемўнга мактубида Павлус Луқони “ҳамкорим”, деб айтади. Луқо Павлусга Кичик Осиёда жойлашган Троас шаҳрида, Павлуснинг иккинчи хизмат саёҳати даврида қўшилган.
Narrator 1 “Улар Фригия ва Галатия ўлкасидан ўтишди, Муқаддас Руҳ Асия вилоятида Исо ҳақидаги хабарни ваъз қилишни уларга тақиқлаганди. Улар Мусиядан ўтиб, Битиния вилоятига киришга ҳаракат қилдилар. Аммо Муқаддас Руҳ орқали Исо уларга ижозат бермади. Шундай қилиб, улар қайтиб, Мусия орқали Троасга кетдилар. Тунда Павлусга ваҳий келди: Македониялик бир одам: “Македонияга келиб, бизга ёрдам бер!” деб илтижо қиларди. Павлусга келган бу ваҳийдан кейин, биз тезда Македонияга боришга ҳозирлик кўрдик. Худо бизни у ердаги халққа Хушхабарни ваъз қилишга чақирди, деб ишонч ҳосил қилган эдик.” Баъзи мутахассисларнинг фикрича, Луқо “Павлусга тушида кўринган ўша Македониялик одам бўлган”. Кейин эса Павлус Луқони Филлипи шаҳрида қолдирган. Бу ҳақида Ҳаворийлар китоби 17 бобда ёзилган. Павлус ўзининг учинчи саёҳати давомида яна Луқони ўзига ҳамроҳ қилиб олган.
Narrator 2 Луқо Павлуснинг Қуддусга ва Римга қилган саёҳати даврида ҳам, қамалганида ҳам у билан бирга бўлган. “Чунки Димас бу дунёга кўнгил боғлаб, мени тарк этди. У Салоника шаҳрига кетди. Криский Галатияга, Титус Далматияга кетди. Ёнимда фақат Луқо бор.” (2 Тим 4:11) Луқо Павлуснинг саёҳати ҳақида аниқ ва тушунарли ёзишидан унинг яхши йўл бошловчи ва йўналишларни яхши биладиган одам бўлганлигини билиш мумкин. Олимларнинг фикрича, Луқо Юнон тилини ҳам яхши ўзлаштирган бўлган. Луқо хушхабарининг муқаддимаси классик Юнон тилида ёзилганидан шундай фикр қилиш мумкин. Бундан ташқари у денгизда саёҳат қилиш сирларини ҳам яхши ўзлаштирган ва жойларнинг географик тузилишини қайд қилиб қўйишни яхши кўрган. Юқорида келтирилган ҳамма тафсилотлардан, Луқо яхши таълим олган, кузатувчи ва жуда ҳам эътиборли ёзувчи бўлган, деб ҳулоса қилсак бўлади.