2:37

Энг кучли хотира гўдакликда

MP3

Ассалому алайкум. Гўдакларимиз олдида, “Улар ҳеч нарсани билмайди, тушунмайди”, деб, истаганча ва бемалол ҳаракат қиламиз. Аммо баъзи мамлакатларда инсон мияси гўдаклигида жуда яхши хотирага эга бўлишини аллақачон тушуниб етишган. Инсон хотирасига оид ҳайратланарли хусусиятлардан бири гўдакликдаги маълумотларни ҳам миясида сақлаб қўйишидир. Кўпчилик ўз ҳаётининг биринчи йилини эслай олмайди. Зеро, бу вақт инсон учун жуда кўп янгилик ва  танишувларга бой бўлади. Хотирадаги маълумотлар вақти-вақти билан «тозаланиб» туради. Лекин гўдакликдаги хотира ҳеч қачон йўқолиб кетмайди. Ўттиз ёшли инсонларнинг кўпи ўзининг ўрта мактабда ўқиган даврини яхши эслай олади.

Ўн саккиз ёшлилар ўзининг уч-тўрт ёшдаги ҳаётини эслаши эса жуда кам учрайди. Бироқ бу икки мисолдаги вақтлар оралиғи бир хил — тахминан 15 йил. Баъзи тадқиқотларда кишилардан болаликдаги хотираларини қайта акс эттириш, воқеа-ҳодисалар ҳақидаги маълумотларнинг аниқ санасини айтиб бериш сўралганда, улар эслаганларининг кўпчилиги уч ёш ва ундан кейинги йилларига оид бўлган, жуда камчилик бир ёшидаги хотираларини баён қила олган. Хотирани мустаҳкамлашнинг энг яхши усули такрорлашдир. Хотирада яхши сақланиб қолган маълумотлардан бири оилада ўзидан кейинги фарзанднинг туғилиши экани тадқиқотлар давомида аниқланган.

Бундай воқеанинг тафсилотини бошқалардан сўраб, текшириб кўриш ҳамда хотиранинг қай даражада аниқ ва мустаҳкамлигини шу йўл билан аниқлаш мумкин. Тадқиқот натижаларига кўра, ўзидан кейинги фарзанд туғилганида 3 ёшга тўлмаганлар бу ҳақда кўп нарса эслай олмаган. Агар туғилиш уларнинг 3 ёшидан кейин содир бўлган бўлса, эслаб қолинган маълумотлар миқдори ёшига қараб кўпайиб борган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, болаликда кучли ва мустаҳкам хотирага эга бўлган кишилар кейинчалик буюк даҳо сифатида дунёга танилган. Ибн Сино, Улуғбек, Навоий каби сиймоларнинг болалик йиллари ўрганилганда улар бир ёшга тўлар-тўлмас ўткир хотира ва зеҳн эгаси сифатида кўпгина маълумотларни ўзлаштирганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Бу эса бола хотирасига гўдакликданоқ катта эътибор бериш зарурлигини англатади. Унга эртак ва ҳикоялар айтиб бериш, шеърлар ва бошқа матнларни ёдлатиб, такрорлатиб туриш, хотира билан боғлиқ машқлар бажартириш жуда фойдалидир. Кичик ёшли болаларда эслаб қолиш қобилияти катталарникига нисбатан бир неча баробар кучли бўлади. Фақат уни машқ қилдириб, тўғри парваришлаб бориш зарур. Болаларга уйда, боғчада ва бошланғич таълимда кўпроқ ёдлаш ва хотира билан боғлиқ ўйин ва машғулотлар ўтказиш унинг хотираси мустаҳкам ва фикрлаш доираси кенг бўлишига имкон беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top