Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Ёдингизда бўлса ўтган сафар сизлар билан қурбонлик гўштини ейиш ёки емаслик масаласи ҳақида гаплашган эдик. Қурбонлик гўштини ейиш мумкин, чунки Исо Масиҳ айтганидек, оғизга кирадиган нарсалар эмас, оғиздан чиқадиган нарсалар инсонни ҳаром қилади. Бундан ташқари, Ҳаворийлар китобида Худованд Бутрусга шундай деган эди: «Ўша овоз яна Бутрусга: “Худо ҳалол деган нарсаларни сен харом дема”, дея гапирди». «Чунки Худо яратган ҳар бир нарса яхшидир. Биз ҳеч бир таомни тақиқламай, шукрона айтиб, ҳаммасини ейишимиз лозим. Биз овқатимиз учун Худога шукрлар айтганимизда, Худо барча озуқани ҳалол деб эълон қилганини эътироф этган бўламиз». Демак, кимнинг уйида ўтирсак ҳам шукрона дуосини ўқиб, олдимизга қўйилган таомларни еяверар эканмиз. «Агар мен Худога шукрона айтиб овқат тановул қилсам, ўша овқатни еганим учун маломатга қолмайман. Шундай қилиб, ейсизларми, ичасизларми, нимаики қилсангизлар ҳам, ҳаммасини Худони улуғлаш учун қилинглар….».
Narrator 2 Нима ичиб , нима есак ҳам, нимаики иш қилсак ҳам, мақсадимиз — Худони улуғлаш. Мақсадимиз одамларнинг нажот топиши. Марҳумларга ва авлиёларга атаб пиширилган гўштни ейишингиз мумкин. Аммо айтайлик, ўша ерда имонга яқинда келган бир биродарингизни кўриб қолдингиз. У бундай гўштни ейишни гуноҳ деб ҳисоблайди. Бундай ҳолатда Калом шундай дейди: «Баъзиларингиз: “Инсон хоҳлаганини қилишга ҳақли”, деб айтяпсиз. Тўғри, лекин ҳамма нарса ҳам фойдали эмас… Агар Масиҳни билмаган бирорта одам сизларни уйига чақирса ва сиз у ерга борадиган бўлсангиз, олдингизга қўйилган нарсаларни қаердан келганини сўраб-суриштирмай, пок виждон билан еяверинглар. Лекин бир биродар сизга: “Бу қурбонлик гўшти ”, деса, ўша айтган одам ҳаққи, уни васвасага солмаслик учун ўша гўштни еманглар. Гўшт ейиш сиз учун гуноҳ бўлмаса ҳам, у одам учун гуноҳ, у гўштни еса, виждони қийналади».
Narrator 1 «Агар сизлар бирор нарса еб, биродарингизни хафа қилаётган бўлсангиз, меҳр-муҳаббат билан иш тутмаётган бўласиз. Масиҳ бу одам учун ўлган, еган овқатингиз билан ўша одамни ҳалокатга йўлиқтирманг. Сиз яхши деб билган нарса ҳақида бошқалар ёмон гап гапирмасин». Демак, руҳларга бағишланган гўштни ейиш гуноҳ деб ҳисоблайдиган биродарларни биз аяшимиз керак. Уларнинг виждонини қийнамайлик. Лекин агар ҳеч ким қарши бўлмай, ҳеч кимнинг виждонига зарар етмайдиган бўлса, Исо Масиҳ номидан Худога шукроналар айтиб, дуо ўқиб, олдингизга қўйилган ноз-неъматларни еяверинг. Ҳаворий Павлус юнон мушрикларининг ўз бут-санамларига бағишлаб тайёрлаган таомларини истеъмол қиларди! Чунки имони кучли, виждони тоза эди. Ҳақиқий Худода бехабар бўлган юнонлар хафа бўлмасин, деб улар билан бир дастурхонда ўтирди. Чунки инсон кўнглини ранжитиш ёмон иш эканини биларди.
Narrator 2 Бирга овқатлана олгани учун уларга Хушхабарни айта олди. Шунинг учун ҳам у коринфлик биродарларга мен бу ишимдан ор қилмайман, деб ёзган эди: «Агар мен Худога шукрона айтиб овқатни тановул қилсам, ўша овқатни еганим учун маломатга қолмайман» (1Кор 10:30). Демак, биз ҳам у ёки бу жойда овқат еган биродарларимизни айбламаслигимиз керак. Қўшнинг чалпак ёпиб неварасидан бериб юборган бўлса, сен уни раҳмат айтиб қабул қил. «Ичган-еганларимиз савоби ёлғиз Аллоҳни улуғласин, чалпак ёпган одамни Худо баракаласин, Исо номидан, омин», деб дуо қилинг. Қўшниларингиз бундай дуони қувониб қабуллайди одатда масиҳийларнинг дуосини одамлар ҳамма жойда диққат билан эшитишади ва яхши қабул қилади.