3:36

Отанинг намунаси

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон ота-оналар. Оилада энг муҳим ролни ота-она ўйнайди. Айниқса, отанинг зиммасидаги мажбурият жуда ҳам масъулиятли. Болаларга онанинг тарбияси ва ғамхўрлиги зарур, бироқ отанинг сабоқлари ва намунаси болалар ҳаётда ўз ўрниларини топиши учун онанинг вазифасидан кам эмас. Афсуски, кўпгина оталар ўз вақтида ўз оталаридан яхши ота бўлишнинг сабоқларини олмаганлар. Аммо бу биз ҳам бу сабоқларни фарзандларимизга бермаслигимизга баҳона бўлолмайди. Қуйида оталар фарзандларига бериши керак бўлган бир нечта марҳаматни эслатиб ўтамиз. 1. Марҳамат. Эски Аҳд китобини ўқиган бўлсангиз, оталар ўғилларини марҳаматлаб дуо қилганини кўргансиз. Ёқуб билан Эсов ҳикояси ёдингиздами? Ёқуб отасини алдаб, тўнғичлик дуосини олиб қўйгач, Эсов ҳам келиб отасидан дуо қилишини ёлвориб сўрайди. Бундан кўриниб турибдики, фарзандлар бизнинг марҳаматли дуоларимизга муҳтож.

Narrator 2 Оталарнинг фарзандлари ҳаётида ўрни жуда ҳам катта. Улар ўзларида борини фарзандларга ўтказадилар. Ота фарзандга ишонса, уни қўллаб қувватласа, фарзанд ҳам келажакка умид билан боқади ва ҳаётида учрайдиган қийинчиликларни мардонавор енгади. Худованд отага оилани ҳимоя қилиш, унга ғамхўрлик қилиш ва таъминлаш кучини берган. Агар оталар бу вазифа ва кучни тўғри ишлата олса, келажакда оилада ўсиб келаётган ўғил ҳам буни отасидан мерос қилиб олади. Оталар нафақат ўғилларига, балки қизларига ҳам кучли таъсир ўтказади. Отанинг далда берувчи сўзлари, ҳимоя қилувчи муҳаббати қиз фарзандларни келажакда ўзи учун муносиб турмуш ўртоқ топишига ёрдам беради. Отанинг, “Баракалла, қизим. Ҳаммасини яхши уддалабсан. Келажакда жуда ажойиб уй бекаси бўласан”, деган рағбатлантирувчи гаплари, қиз фарзандга ўзига ишонч беради. Отанинг фарзандларга иккинчи марҳамати бу – тўғрилаш.

Narrator 1 Ҳа, тўғрилаш бу отанинг фарзандлар учун бериши мумкин бўлган энг муҳим баракаларида биридир. Ота Худо томонидан қўйилган масъул шахс. Худо биз катталарни ҳаётий вазиятлар ва қийинчиликлар орқали тарбиялагандек, оталар ҳам фарзандларини тўғри йўлга юришлари учун тўғриловчи усулларни қўллашлари керак. Бу фарзандларга ёқмайдиган қандайдир тарбия усули, жазо ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин. Баъзида, оталар фарзандларини тарбия қилиш учун уларни қаттиқ назорат ва босим остига олади. Бу уларни қийнаш учун эмас, аксинча, фарзандларининг шахсини мустаҳкамлаш учундир. Оталар фарзандларини тўғрилаётган пайтда, тўғрилашдан мақсад уларни Худо йўлига қайтариш эканлигини унутмасликлари керак. Кейинги марҳамат бу завқланиш. Оталар фарзандлари билан муносабатдан завқлана олса ва буни фарзандларига ҳам кўрсатса, улар албатта бу марҳаматни кўриб ҳис қиладилар.

Narrator 2 Бунинг учун ота фарзандининг ҳар бир тўғри босган қадамига, кичик муваффақиятига, ўзини муносиб тутганига эътибор қилиши керак бўлади. Фарзандлар улғаяётган пайтда уларнинг муваффақиятларидан, ўзидан завқланиш онларини ўтказиб юбормаслик керак. Исо Масиҳ ерда яшаган йилларида, Худованд бир неча марта осмондан, “Сен Менинг ўғлимсан. Сендан мамнунман”, деган эди. Биз ҳам фарзандларимизга улардан мамнун эканлигимизни кўрсатишимиз ва буни оғизда тез-тез айтиб туришимиз керак. Энди фарзандингизнинг ҳаётига қаранг, ундаги нима сизни завқлантиради, мамнун қилади? Албатта буни кўришни ўрганишимиз керак. Фарзандлар тарбияга муҳтож, аммо шу билан бирга отанинг севгисига, эътиборига ҳам мухтождирлар. Оталари улардан мамнун эканликларини билиш уларни бахтли қилади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top