Ассалому алайкум азиз биродарлар, сиз азизлар билан яна соғ-саломат учрашганимиздан хурсандмиз. Ҳурматли биродарлар, Худо фарзандларининг қайта тирилиши — бутун яратилган мавжудотнинг якуний нажотга эришиши ва янгиланишидан дарак беради.
Қайта тикланишда инсоннинг жисмоний танаси ҳамда яратилган моддий мавжудот қатнашади. Шундай экан, қайта тикланишда Худо фақатгина инсон руҳига янги ҳаёт улашади, деб ўйламаслик керак.
Бу юнон гностик тушунчасидан келиб чиққан фикр бўлиб, унга кўра фақатгина ўлмайдиган инсон жони нажотга эришади. Янги Аҳд эса бу тушунчани давомий равишда рад этади.
Бутун Янги Аҳдда бутун инсоннинг қайта тирилишига гувоҳлик берадиган оятлар кўплаб топилади. Демак, биз Эски Аҳдда Худо Шоҳлиги ер юзида бўлиши ҳамда бу Шоҳликда танага эга инсонларнинг яшаши ҳақидаги оятларни руҳий йўлда талқин қила олмаймиз.
Исонинг танаси қайта тирилганини қабул қилар эканмиз, Худо Шоҳлигида моддий унсури борлиги аён бўлади. Руҳимизнинг осмонга кўтарилиши ҳақида гапирадиган оятларда, масалан, 2-Коринфияликларга мактубининг 5 боби 1 оятидан 10 оятигача бўлган жойида, бу фақатгина вақтинчалик ҳолат экани айтиб ўтилган.
Шунга ўхшаб, Ваҳий китобининг 21 ва 22 боблардаги Худо Шоҳлигининг ажойиб тасвири бир қанча Эски Аҳд оятларига асосланган. Улар шунчаки рамзий маънода қўлланилмаган, шу сабабли уларни руҳий жиҳатдан талқин қилиб бўлмайди.
Юҳанно эса барча нарсаларнинг якунига етишини тўғридан-тўғри Эски Аҳд умидининг бажо бўлиши, деб тушунади. Янги ер ва янги осмон ҳамда янги Қуддус бор бўлиб, улар самодан тушиб келади.
Баъзилар янги Қуддусни самодаги жой, деб ўйлаши мумкин. Аммо, Юҳанно уни осмондан янги ерга тушиб келишини айтган. Аввал муқаддас чодир ҳамда маъбад Худо ҳузурининг белгиси бўлиб хизмат қилган, энди бу ҳақиқий воқеликка айланиб, Худо Ўз халқи орасида маскан қилади.
Ана шунда қайта тикланиш ниҳоясига етади. Азизлар, энди Худонинг ҳузурини билдирадиган белги ва рамзларнинг кераги йўқ, чунки Худонинг Ўзи инсонлар орасида истиқомат қилади ва У ёруғлик манбаи бўлиб, ҳамма жойни ёритади.
Шунда Адан боғидаги тасвирлар билан бирга муқаддас шаҳар ҳамда тахт тасвири бирлашади. Хеч шубҳасиз, янги ер қанақа бўлиши ҳақида бизнинг онгимизда кўплаб саволлар туғилади.
Уларнинг асосий қисми жавобсиз қолиши керак, чунки Муқаддас Китобда бу масала ҳақида кўп маълумот берилмаган. Шуниси аниқки, Каломнинг барча нарсаларнинг бутунлигича қайта тикланиши ҳақидаги қараши замонавий мажусийча фикрларни рад этади. Шунинг билан азизлар, мавзумиз охирлаб қолди. Бизнинг интернет сайтимиз манзили: www.dilkashradio.com хайр саломат бўлинг.