Ассалому алайкум азиз биродарлар. Сиз азизлар билан яна мавзуларимиз орқали бўлсада учраша олаётганимиз учун минатдормиз. Азиз биродарлар, “кичик уй гуруҳларидаги бошқарувчи биродарлар қандай бўлиши керак?” деган саволга биргаликда жавоб излаб кўрсак.
Албатта, улар ўзлари бошқариб бораётган кичик уй гуруҳлари учун уларнинг руҳий аҳволи учун Худованд олдида жавобгар шахслар ҳисобланади. Биринчи галда эса жавобгарликнинг бошланиш жойи уларнинг оиласи, ўзларининг шахсий ҳаётлари кўринишидир.
Ҳар бир гуруҳнинг бошқарувчилари ўзларининг ҳаёти давомида руҳан ўсиб боришлари керак. Бунинг учун улар доимо ибодатда бўлиб, Худованднинг каломини ўқиб боришлари керак бўлади.
Бундан ташқари улар Худованд билан жуда яқин муносабатда бўлишлари ва Худодан ўрганган барча нарсаларига тўлиқ амал қилишлари зарур. Гурух бошқарувчиси Худованд билан бирга сокин вақт ўтқазадиган вақтида ўзи ва оиласи ҳамда гуруҳдаги барча биродарлар учун ибодат қилиб туриши керак.
Муқаддас каломни ўқиб ўрганиш ва доимо ибодатда бўлиш нафақат бошқарувчи учун, балки гуруҳ аъзоларининг барчаси учун жуда зарур. Ўзининг меҳнати билан пул топиб оиласини боқаётган бошқарувчи ҳар доим гуруҳнинг бошқа аъзолари учун намуна бўлиб келган.
Агар бошқарувчи доимо Хушхабар етқазувчи бўлса, гуруҳ ҳам айнан ундан ўрнак олади ва Хушхабар тарқатишда илдамлик пойафзалини кийишади. Азиз биродарлар, ахир асил мақсадимиз ҳам шунда эмасми?
Ҳар биримизга Раббимиз Исо Масиҳ томонидан буюрилган амр ҳам айнан ушбу гапларимизни тасдиқлайди. Кичик уй жамоатлари доимо дунёдан ажралиб нур сифатида порлаб туриши зарур.
Бунинг учун маҳаллада, ишхонада, умуман бошқа инсонлар олдида доимо нур бўлиш зарур. Ўзимизнинг хайрли ишларимиз орқали ушбу мақсадларга ҳам эриша оламиз.
Ҳеч бир масиҳий оила йўқки, маҳаллада бошқаларнинг назарида бўлмасин. Шундай экан, айниқса етакчи учун ўз оиласига Худонинг меҳр-мухаббатини кўрсата олиши бошқалар учун ҳам намуна бўлади. Бундан ташқари, оилавий ибодат ва биргаликда калом ўқиб ўрганиш гуруҳ аъзолари учун ҳам намунадир.
Албатта бундай руҳий ишларни бошқаларга намуна бўлиши сифатида эмас, балки Худованднинг номини улуғлаш учун қилишимиз зарур. Шунинг билан азизлар, бугунги мавзумиз ўз ниҳоясига етди. Бизнинг интернет сайтимиз манзили: www.dilkashradio.com хайр саломат бўлинг.