Ассалому алайкум азиз биродарлар. Азизлар, яҳудийларнинг кўпчилик қисми, Худонинг Шоҳлиги тўсатдан катта куч-қудрат билан келиб, Худо тарқалиб кетган халқини ваъда қилинган ерга қайта тўплайди, римликлар ва бошқа душманларни ҳайдаб юборади, Қуддус шаҳрини қайта тиклаб, ундаги маъбадни аввалгидан ҳам улуғвор қилиб ўрнатади, ер юзидаги барча халқларни тўплаб ёвуз ва имонсизларни ҳукм қилади, энг муҳими эса, Қуддус шаҳрида Довуд наслидан келиб чиққан шоҳ орқали Ўзининг улуғвор ҳукмронлигини ўрнатади, деб ўйлашганди.
Шундай қилиб, уларнинг фикрича, Қуддус янги ернинг маркази бўлиши, барча халқлар, яратилган бутун мавжудот ва ҳамма нарса ўртасида мукаммал ҳамоҳанглик бўлиши керак эди.
Биз шундан тушунишимиз мумкинки, яҳудийлар мана шу нарсаларни кутгани сабабли, Худо Марямнинг фарзанди бўлиб туғилишига тайёр эмасдилар. Шунинг учун, Исо Ўзининг Худолигини эътироф этиши яҳудий дин арбобларини ғазаблантириб, уларда нафрат уйғотарди.
Юҳанно баён этган Хушхабарда Яратувчининг инсоният зотига кириб келиши ҳамда Ўзи тайёрлаб қўйган халқ, яъни Ўзиникилари Уни қабул қилмаганлиги ҳақида ёзилган.
Худонинг инсон қиёфасига кириши эса Хушхабарнинг мағзи бўлиб, шу орқали Худо Ўзи ва инсоният ўртасидаги ҳақиқий муносабатни қайта тиклайди. Илк жамоат Исонинг илоҳийлигини Хушхабарнинг энг муҳим қисми сифатида қабул қилишган.
Худонинг инсон қиёфасига киргани бизнинг нажотимиз учун зарур экан, биз бу ҳақда албатта синчиклаб ўрганишимиз керак. Янги Аҳдда Исонинг илоҳийлиги билан бир қаторда Унинг мукаммал ва тўлиқ инсонлиги ҳам нажотимиз ҳақидаги Хушхабарнинг муҳим қисми эканлиги кўрсатиб берилган.
Исо Ярутувчи Худо, Одам Ато, Иброҳим, Довуд ҳамда пайғамбарларнинг Худоси бўлиши билан бирга, ҳақиқатдан ҳам яратилган инсон, охирги Одам Ато, Иброҳимнинг уруғи, Довуднинг ўғли ҳамда ҳақиқий пайғамбар ҳамдир.
Яна, бу ҳолатда ҳам Эски Аҳдда кўрсатилган ҳақиқат Исо даврида яшаган яҳудийлар учун кутилмаган воқеа бўлиб чиқади. Исроилда муҳим бўлган шахслар руҳоний ва шоҳлар кўпчиликка Худо нажотини етказишда восита бўлиб хизмат қилишган.
Уларнинг хизматлари Исонинг хизматига белги бўлиб, Исо ҳақиқий исроиллик сифатида кўпчиликнинг вакили бўлиши керак эди. Яҳудийлар эса пайғамбарлар орқали берилган ваъдаларни талқин қилиб, ваъда қилинган ерга кўпчиликнинг қайтиб келишини кутишганди.
Шунинг билан азиз биродарлар, мавзумиз ўз поёнига етди. Бизнинг интернет сайтимизнинг манзили: www.dilkashradio.com хайр саломат бўлинг.