Ассалому алайкум. Қадимда “Агар дунёда биргина аёл қолган бўлса ҳам заргарга иш топилади” , деб бекорга айтишмаган. Чиндан ҳам аёлларимиз гўзал ва ўзига ярашиб турадиган кийим ва тақинчоқлар ҳақида ўйламай тура олишмайди. Бозорга борганида ҳарид қилмаса ҳам тақинчоқ дўконини сайр қилиб чиқадиганлар қанча. Тақинчоқлар ҳақида гап кетар экан, ҳеч қачон оддийлиги ва гўзаллиги билан кўпгина аёлларни ром қиладиган фируза тоши ҳақида гапирмасак бўлмайди. Мода оламидаги ҳар қандай ўзгаришларга қарамай фируза тоши ҳамма даврларда ҳам саломатлик, узоқ-умр, бахт-саодат ва омад тумори, деб ҳисобланиб келинган. Айниқса, Шарқда бу тош жуда қадрланган. Арабчадан таржима қилинганда, «фирусаж» сўзи «ишда ғалаба ва омад келтирувчи тош» маъносини англатади. Хитойчадан таржима қилинганида эса, «муҳаббат тоши» демакдир. Форсчада «фируза» ғолибона деган мазмунни беради.
Бундан ташқари фируза тошлари яна бирюзаит (агафит), арабча тош, ацтек тоши, самовий тош, лазер шпати деб ҳам аталади. Аслида у қандай рангда бўлади? Фируза мовий, яшил ва сариқ-жигарранг, оқ, қора, жигар ранг чизиқли кўк рангда бўлади.
Улар орасида ҳаво ранг фируза тошлар бошқаларидан юқори баҳоланади, яшили эса арзонлари қаторига киритилади. Балки айнан шунинг учун ҳам ҳалқ орасида ҳаворанг фируза тоши асл ва ҳақиқий деб хисобланар. Аммо биласизки, ҳар қандай асл тошнинг ҳам ясамалари бўлади. Уларни бўяш ва худди шундай тош рангига киритиш мумкин. Унинг бўялган ёки бўялмаганини қандай билиш мумкин? Мазкур тошнинг ранги ўчиб туриши туфайли анилли бўёқлар билан бўяб туришади. Шундай экан, унинг асл кўринишини аниқлаш учун бўялганини қандай аниқлаш мумкин? Фируза бўёқни фақат юзага сингдиради, уни лупа орқали кўриб чиқсангиз, барчаси ойдинлашади. Бўёқнинг сифатини уйда бемалол текшириб кўришингиз мумкин.
Бунинг учун тошни ипга боғлаб, иссиқ сувга ботиринг. Агар сувнинг ранги мовийлашса, демак тош бўялган. Қандай харид қилиш керак? Афсуски, фируза тоши жуда камёб тош саналади, шунинг учун унинг аслидан кўра сохталари жуда кўп бўлади. Асл фируза тошни бирор буюм билан тирнаб бўлмайди, унда ҳеч қандай из қолмайди. Қадимда… Фируза тошли тилла тақинчоқ инсон йиқилиб қолганида, уни турли кўнгилсизликлардан асрашига ишонишган. От спорти билан шуғулланувчи спортчиларга эгар остига кичик тошча қўйиш тавсия этишган. Ривоят қилишларича, фируза тоши тақдирлари айро бўлган севишганларнинг суякларидан яралган экан. Бундан бир неча йиллар олдин бувиларимизда шундай тошли зираклар ва билакузукларни кўрардик. Яна айтишларича ўз тақдирини ўзи белгилашни истаганлар ўнг қўлларига фируза тошли билагузук тақишлари лозим.
Бу уларга кўринмас «куч» туҳфа этади ва улар мақсадлари сари ишонч билан одимлайдилар, деб ўйлашади. Тошнинг синоатини ўрганувчилар сўнгги тадқиқотларга таяниб, кексаларга фируза тошни асло тақмасликни маслаҳат беришади. Кўпчиликнинг фикрича, фируза тоши яшин ва табиий офатлардан асрайди. Унинг ёрдамида, ҳатто об-ҳавони ҳам аниқлаш мумкин: тошни бир муддат очиқ ҳавода қолдиринг: ёғингарчиликдан олдин у озгина қораяди, қуёшли кундан олдин эса, тошнинг ранги оқаради. Баъзи олимлар бу тош кишини ақлли қилади, деб ишонишади. Айтишларича, фируза аниқ фанлар билан шуғулланувчиларнинг ўзига хос ёрдамчиси экан. Энг қийин масалаларни ечиш учу тошни стол устида сақлаб, вақт-вақти билан унга нигоҳ ташлаб туришнинг ўзи кифоя қиларкан.