Салом азизлар. Севишни ўрганишингиз ҳаётингиз мақсади эканлигининг кейинги сабаби севгимиз учун абадиятда қадрланишимиздир. Худо руҳий етукликни ўлчашининг йўлларидан бири муносабатларимиз сифатидир. Жаннатда Худо “Менга иш фаолиятинг, банкдаги ҳисоб рақаминг ва қизиқишларинг ҳақида айтиб бергин” демайди. Бунинг ўрнига У сиз бошқаларга қандай муносабатда бўлганингиз, айниқса муҳтожларни қандай қабул қилганингизни кўриб чиқади. Исо Уни севиш — Унинг оиласини севиш ва уларнинг ҳақиқий эҳтиёжлари учун ғамхўрлик қилишни билдиришини айтган: “Подшоҳ жавоб бериб уларга деди: — Сизларга чинини айтайин: сизлар Менинг шу кичик биродарларимдан бирига неки қилган бўлсангиз, бу Менга қилганингиздир.” (Матто 25:40) Абадиятга ўтаётганингизда ҳамма нарсани ортда қолдирасиз.
Ўзингиз билан олиб кетадиган бир нарса бу сизнинг характерингиздир. Шунинг учун Муқаддас Каломда шундай ёзилган, “Исо Масиҳ йўлида на суннат, на суннатсизлик бирон ишга ярамайди, фақат муҳаббат билан амал қилувчи имон ярайди.” (Галатияликларга 5:6) Шуни билиб олганингиздан кейин, мен ўйлайманки ҳар эрталаб уйқудан уйғонганингиздан кейин, ётоғингиз олдида тиз чўкиб, ёки унинг ёнида ўтириб, шундай ибодат қиласиз: “Худойим, бугун бирор ишни қиламанми йўқми, мен шунга амин бўлишни ҳоҳлайманки, Сен ва бошқаларни севиш учун вақт сарфлайин. Чунки ҳаётнинг маъноси шу. Мен бугунги кунни бекорга кетишини ҳоҳламайман.”
Агар бугунги кунни бекорга кетказмоқчи бўлсангиз, нега У сизга бошқа кунни бериши керак? СЕВГИНИНГ НАМОЁН БЎЛИШИНИНГ ЭНГ ЯХШИ ИФОДАСИ ВАҚТДИР.
Нарсаларнинг муҳимлиги биз уларга қанча вақт сарфламоқчи эканлигимиз билан ўлчанади. Бирор нарсага қанчалик вақт сарфласангиз, шунчалик сиз уни қадрлашингиз ва муҳим ҳисоблашингизни билдиради. Агар сиз инсонлар нимани қадрлашларини билмоқчи бўлсангиз, улар вақтларини қандай ишлатишларига эътибор беринг.
Вақт энг қадрли совғадир, чунки сизда фақат маълум тартиб берилган. Сиз кўпроқ пул ишлаб топишингиз мумкин, лекин кўпроқ вақт яратолмайсиз. Бирор кишига вақт ажратаётган бўлсангиз, ҳаётингизнинг қайтиб ололмайдиган қисмини унга сарфлаётганингизни билдиради. Вақтингиз ҳаётингиздир. Шунинг учун бировга берадиган энг қимматли нарсангиз бу вақтингиздир.
Муносабатлар муҳим деб айтиш етарли эмас; биз буни уларга вақт сарфлаш орқали исботлашимиз керак. Фақатгина сўзлар қадрсиздир. “Эй фарзандларим, биз сўз ёки тил билангина эмас, балки амалда ва ҳақиқатда севишимиз лозим.” (1 Юҳанно 3:18) Муносабатлар вақт ва ғайрат талаб қилади ва севгини ҳарфма ҳарф айтишнинг энг яхши йўли В А Қ Т. Севгининг моҳияти биз нима ўйлашимиз, ёки нима бажаришимиз ёки бошқалар учун нима таъминлашимиз эмас, биз ўзимизни қанчалик бағишлашимиздир. Эркаклар, айниқса, буни тушунмайдилар. Кўпчилик менга шундай дейди, “Мен болаларим ва рафиқамни тушунмайман. Мен улар ҳоҳлаган барча нарсани муҳаё қиламан. Бундан бошқа нима ҳоҳлашади?” Улар сени ҳоҳлашади! Сенинг кўзларинг, қулоқларинг, вақтинг, эътиборинг, ҳузуринг, диққатинг – вақтингни. Ҳеч нарса бунинг ўрнини босолмайди.
Бордию, ўз фикрингизни билдириш истагида бўлсангиз, Дилкаш Радио телеграм каналимизга ташриф буюринг. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Хайр, омон бўлинг.