Ассалому алайкум. Инсоннинг тўлиқ инсон бўлиб кўринишига хизмат қиладиган соч, қош, киприк ва тирноқлар инсонга инъом этиб берилган. Ўзимизни уларсиз тасаввур қилишимиз қийин. Аммо тез-тез эркак ва аёлларнинг сочлари тўкилишидан шикоят қилганларининг гувоҳи бўламиз. Бугунги сухбатимизда соч тўкилишининг сабаблари ҳақидаги қизиқ, аммо фойдали бўлиши мумкин бўлган маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Соч турли сабаблар туфайли тўкилиши мумкин. Биринчи навбатда сочларни парвариш қилишда нотўғри усуллардан фойдаланиш: мисол учун сочни ювишда, бўяшда ва турмаклашда йўл қўйилган хатолар соч тўкилишини келтириб чиқариши мумкин. Булардан ташқари, организмдаги ўзгаришлар ҳам соч тўкилишига олиб келади. Ҳар куни ўртача миқдорда 50тадан 100тагача соч толаси тўкилиши нормал ҳолат ҳисобланади. Бундан хавотир олмаса ҳам бўлади, чунки тўкилган толаларнинг ўрнига яна янгиси ўсиб чиқади.
Айтилган миқдордан кўп тўкилган ҳолатда касаллик, деб қараш керак. Соч танамиздаги энг тез таъсирчан аъзодир. Шунинг учун ҳам унга доимий парвариш лозим. Оддийгина ҳаёт ташвишлари, одамни қайғуга соладиган ҳолатларнинг содир бўлиши, ҳаттоки фаслларнинг алмашиши ҳам биринчи навбатда сочларимизга таъсир этади. Аёлларда соч тўкилиши гормонал ўзгаришлар ва турли ҳиссиётларга берилиш натижасида содир бўлади. Соч тўкилишининг уч асосий сабаби мавжуд.
Биринчиси: соч тўкилиши насл суради. Бунда аёл кишининг бувиси, онасининг сочлари эрта тўкилган бўлса, унда бу жараён такрорланади. Улар 20 ёшга тўлганларидан сўнг сочлари одатдагидан кўпроқ тўкилишни бошлайди. Наслга ўтадиган соч тўкилишининг олдини олиб бўлмайди.
Иккинчиси, турли юқумли касалликлар, гормонал ўзгаришлар (масалан ҳомиладорлик ва туғиш жараёнидан сўнг соч тўкилади), дори воситалари, руҳий сиқилишлар ҳам соч тўкилишига сабаб бўлади. Бунда соч тўкилишининг олдини олиш чораларини кўриш мумкин. Махсус тиббий воситалар, уй шароитида тайёрланган ниқоблар самарали ёрдам беради. Учинчи сабаби, соч турмаклашда ва бошқа ҳолатларда сочга турли кимёвий воситаларни ишлатиш унинг тўкилишига ва жилосини йўқотишига олиб келади. Замонавий косметика маҳсулотлари соч тўкилишига сабаб бўладими?
Замонавий косметика воситалари таркибида соч учун зарур бўлган моддалар мавжуд бўлишига қарамасдан, улардан фойдаланишда таркибига эътибор қаратиш талаб этилади. Масалан, соч учун ишлаб чиқарилган ниқоблар баъзи ҳолларда бош териси фаолиятига сезиларли таъсир кўрсатади.
Шунинг учун ҳам бундай ниқоблардан ҳафтада 1 мартадан кўп фойдаланиш тавсия этилмайди. Замонавий воситалар билан табиий воситаларни аралаштириб қўллаш соч эрта тўкилишининг олдини олади. Саноатда ишлаб чиқарилаётган шампун ва шунга ўхшаш ювиш воситаларининг ҳаммаси ҳам бирдек зарарли эмас. Таркиби фаол моддалар билан бойитилган ювиш воситалари соч тўкилишига сабаб бўлмайди. Бундай воситаларнинг нархи, албатта қиммат бўлади. Соч тўкилишининг олдини олиш учун ниқоблар сизга бир қадар ёрдам бериши мумкин. Барча турдаги сочлар учун ниқобни тайёрлаш учун ўсимлик мойи ва канакунжут мойи 1:9 нисбатда аралаштирилади ва соч илдизларига суртилади. Сўнг бошга целлофан қалпоқ кийиб, 1 соатдан кейин ювиб ташланади. Сочни ювишда қуруқ сочларга мўлжалланган шампундан фойдаланиш керак.