Салом азизлар. Уилям Жеймс шундай деган эди, “Ҳаётнинг энг яхши қўлланилиши бу ҳаётни шундай сарфлашки, унинг оқибати сарфланган вақтдан ошиб кетсин.” Ҳақиқат шуки, фақатгина Худо Шоҳлиги абадий давом этади. Ҳар бир нарса бора-бора тугайди. Шунинг учун ҳам биз мақсадли ҳаёт – улуғлашга, биродарчиликка, руҳий ўсишга, хизматга ва ерда бошқа топшириқларни бажаришга бағишланган ҳаёт кечиришимиз керак. Ушбу ҳаракатларнинг оқибати абадий давом этади! Агар сиз Худо ерда сизга берган топшириқни бажармаган бўлсангиз, Худо сизга берган ҳаётни бекорга сарфлабсиз. Павлус шундай деган, “Лекин бунга қарамай, ўз жонимни ҳам аямайман – қани энди фаолиятимни тамомлаб, Худонинг иноятидан далолат берувчи Хушхабарга гувоҳлик бермоқ учун Раббим Исодан олган топшириқни қувонч ило бажо келтира олсам.”(Ҳаворийлар 20:24) Ушбу сайёрада шундай кишилар борки, уларга фақат сиз ўша ерда яшашингиз ва Худо сизни шундай яратгани сабабли эриша оласиз. Агар биргина инсон сиз туфайли жаннатга кирса, сизнинг ҳаётингиз абадиятга ўзгартириш киритган.
Шахсий топшириғингиз майдонига қараб чиқинг ва у учун ибодат қилинг, “Худо, мен Исо ҳақида айтишим учун ҳаётимда кимни қўйгансан?” Худонинг тарих якуни учун вақт жадвали бизнинг топшириғимиз билан боғлиқдир. Ҳозирги кунда Масиҳнинг иккинчи марта келиши ва дунёнинг охири ҳақида қизиқишлар ортиб бормоқда. Бу қачон содир бўлади? Исо осмонга кўтарилишидан олдин шогирдлар ҳам шу саволни сўрадилар ва У шундай жавоб берди, “Отам Ўз эрки билан белгилаб қўйган вақту фурсатларни билиш сизларнинг ишингиз эмас. Лекин Муқаддас Руҳ устингизга тушиб келганда, сизлар қувват оласизлар, Қуддусда, Яҳудия билан Самариянинг ҳамма жойида ва ҳатто дунёнинг энг олис ерларида ҳам Менинг шоҳидларим бўласизлар.”(Ҳаворийлар 1:7-8)
Шогирдлар башорат ҳақида гапиришни ҳоҳлаганларида Исо суҳбатни хушхабарга бурарди. У шогирдларнинг диққатларини дунёдаги топшириқларига қаратишларини ҳоҳларди. У шу маънода гапирганди, “Менинг қайтишимни қандай бўлишини билишингиз сизнинг ишингиз эмас. Сизнинг ишингиз Мен сизга берган топшириқдир. Шунга диққатингизни қаратинг.” Масиҳнинг қайтишини аниқ вақтига ишора қилиш фойдасиздир, чунки Исо шундай деган, “У кун ва у соат ҳақида биргина Отамдан бошқа ҳеч ким билмайди, осмондаги фаришталар ҳам билмайди.”(Матто 24:36) Исо ўша кун ёки соатни билмаганини айтганидан кейин, сиз нима учун буни топишга уринасиз? Биз аниқ билишимиз мумкин бўлган нарса шу: Худо ҳар бир кишига Хушхабарни эшитишни тақдир қилган кишилар уни эшитмагунларигача Исо қайтмайди.
Исо шундай деган, “Худо салтанати тўғрисидаги Инжил Хушхабари ҳамма халқларга далолат бўлиш учун жаҳон бўйлаб тарғиб қилинади ва ўшандагина сўнг бўлади.”(Матто 24:14) Агар сиз Исони тезроқ келишини ҳоҳласангиз, башоратни топишга эмас, балки топшириғингизни бажаришга диққатингизни қаратинг. Топшириғингиздан чалғишингиз ёки нотўғри йўлга бурилишингиз осон, чунки Шайтон сиздан имонингизни бўлишишдан кўра бошқа нарсани қилишга ундайди. У сизга бошқа кишини жаннатга етаклашингиздан ташқари ҳар қандай яхши ишни қилаверишингизга қаршилик қилмайди. Аммо сиз топшириғингиз учун жиддий бўлганингиздан кейин, Иблисдан ҳар қандай ҳужумларни кутаверинг. Агар бу содир бўлса Исонинг қуйидаги сўзларини эсланг: “Қўлларини омочда тутиб, орқасига қараган ҳеч ким Худонинг Шоҳлиги учун лаёқатли бўлмас.” (Луқо 9:62) Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Хайр, омон бўлинг.