3:38

Соч парвариши

MP3

Ассалому алайкум мунис бекалар. Аёлларга кўркамлик бахш этувчи безак – сочлардир. Улар соғлом жилокор ва мустахкам бўлиши жуда яхши, бироқ бундай бўлмаса нима қилиш керак? Шуни билиш жоизки, инсон ҳаёти давомида энг қалин ва мустахкам сочлар одатда ўсмирлик даврида бўлади. Ёш катталашгач, сочларнинг ўсиш цикли қисқаради ва борган сари ингичкалашиб, аста секинлик билан ранги ўзгаради, мустахкамлигини йўқотади ҳамда секин ўсади. Нотўғри овқатланиш ёки инфекциялар каби жиддий қоида бузилишлари сочлар дистрофияси ҳамда уларнинг тўкилишини келтириб чиқаради. Энг аввало сочларни атрофдаги турли зарарли таъсирлардан асраш ва қўшимча озиқлантириш керак. Сочларнинг тўкилиш муаммосини махсус шампун, витамин-минералли комплекслар ва шу каби қўшимча воситалар ёрдамида ҳал қилиш ўзига хос бўлмаган даво усули дейилади.

Чиндан ҳам айрим соч парваришига таалуқли воситалар таркибида фойдали ва парваришловчи компонентлар бўлиб, сочларга ижобий таъсир кўрсатади ва уларнинг ўсишини рағбатлантиради. Витаминларнинг қабул қилиниши ҳам сўзсиз ижобий таъсир кўрсатиши аниқ. Улар зарур бўлган моддалар eтишмовчилигини тўлдириб фолликулаларнинг озиқланишини яхшилайди. Сочларнинг тўкилишига қарши маҳсус препаратларни ишлатиш ҳам фойдали, дорихоналарда улар рецептсиз сотилади. Сочлар мустахкамлигини таъминлаш учун, 5- 6 та лавр япроғини бир литр сувга солиб 20 дақиқа қайнатиб сўнг докадан ўтказиб олинади. Бу дамлама билан соч чайилса сочлар соғлом ва мустахкам бўлади. Бананли ниқоб нафақат юзга балки сочларга ҳам фойдали. Эзилган бананга 1 ош қошиқ суюқ асал қўшинг. Сочингизни ювгач ниқобни 20 дақиқага суриб қўйинг. Бошингизга полиетилен шапка кийиб устидан пахмоқ сочиқ ўранг.

Сўнг сочларни илиқ сувда яхшиллаб ювинг. Ушбу муолажани 2 ҳафта давомида ҳар кеча қўллаш тавсия этилади. Кузда 70 дан 120 гача соч толаси тўкилиши кузатилади. Сочнинг ўзига муолажа қилишдан аввал таомномангизга соч илдизларини мустаҳкамловчи моддаларни қўшиш лозим. Ёғ кислотасига тўйинмаган овқатлар сочларга яхши таъсир қилади. У зайтун ёғи, зайтун, кунгабоқар, қовоқ уруғи, балиқ, сабзавот ва меваларда бор. Кузда сочларни бироз кестириш керак. Шунда соч пиёзчалари калтароқ сочни тутиб туришда қийналмайди. Сочлар ҳам худди тирноқлар каби организмнинг саломатлигидан дарак бериб туради. Агар сочларингиз хира тортиб, табиий жозибасини йўқотаётган бўлса, у ҳолда соғлигингиз ҳақида жиддий қайғуришингизга тўғри келади. Тўғри овқатланиш, витамин ва минералларга бой таомлардан истеъмол қилиш, вақтида дам олиш ва очиқ ҳавода сайр қилиш организмнинг соғломлигини таъминлайди.

Танангиз турли касалликлардан азият чекмас экан, сочларингиз ҳам табиий жилосини йўқотмайди. Аммо сочлар доимий парваришга ҳам муҳтож. Парваришнинг биринчи шарти эса тозаликдир. Сочларни тозалашда қайси шампуньдан фойдаланишни билиш учун уларнинг қайси турга мансублигини аниқлаштириб олиш даркор. Хўш, сочингизни қайси турга мансублигини биласизми? Одатда сочларни уч турга бўлишади: қуруқ, ёғли ва мўътадил. Агар сочларингиз ювганингиздан икки-уч кун ўтибоқ кирланиб қолса, демак, ёғли. Сочларингизни ҳафтасига икки марта ювиш етарли бўлса, улар мўътадил турга мансуб. Қуруқ сочлар эса ҳатто ўн кунгача «тоза» сақланиши мумкин. Аммо бундай сочларнинг ёмон тарафи шундаки, парваришсиз хира ва мўрт бўлиб қолади. Хуллас, сочларингиз қайси турга мансуб бўлмасин, доим сизнинг парваришингизга муҳтож.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top