Ассалому алайкум мунис бекалар. Ҳаракатсиз яшаш занглаш, занглаш эса заифлашиш, чириш демакдир. Бошқача айтганда, фаоллик – бу ҳаёт, ҳаракатсизлик – залолат. Пиёда юриш одамга саломатлик бахш этади. Тез, шахдам юрманг, яхшиси, эркин, бемалол юринг. Бошингизни юқорига кўтариб, елкангизни тўғрилаб, букилмай, тўғри қадам ташланг. Сайр қилишни ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам давом эттиринг. Айниқса, кечқурун овқатланиб бўлганингиздан кейин, албатта, сайр қилинг. Бу пайтда кундалик ташвишларни ўйламанг. Гавданинг барча мушакларини яхши машқлар билан таъминлаш зарур. Елка, бел, кўкрак қафаси ва қорин мушакларининг таранг ва эгилувчан бўлиши учун улар доимо ҳаракатда бўлсин. Шу тариқа ўпка, жигар, юрак, меъда, буйракнинг яхши ишлашини таъминлайсиз. Масалан, кўкрак қафасини ҳаракатлантира бориб, ўпканинг эркин нафас олишига эришасиз.
Жисмоний машқларни бажариш ҳар кимнинг кундалик одатига айланиши керак. Ана шунда касалликларнинг, эрта қаришнинг олди олинади, кишида хотиржамлик ва равон фикрлаш сақланиб қолади. Ҳаракат қилиш чоғида тўғри нафас олиш керак. Нафас олишнинг ҳам ўз қоидаси бор. Нафасимиз – бу шунчаки нафас олиб-чиқариш эмас. У ҳаётий қувват билан тўғридан-тўғри боғлиқ. Бу қувват яхшилик йўлида ишлаши учун нафас олишнинг бир нечта усулларини ўзлаштириб олиш лозим. Тўлиқ нафас олиш организмни кўп миқдорда қувват билан тўлдиришга ёрдам беради, ўпканинг фойдали ҳажмини катталаштиради. Хоҳлаган ҳолатни танланг: ётинг, ўтиринг ёки туринг. Нафасни тўлиқ чиқариб юборинг. Сўнг оғиздан умуман фойдаланмаган ҳолда бурун билан нафас олинг. Диафрагмани туширинг. Бунда қорин сал олдинга чиқади, қовурғалар силжийди, ўмров ва елкалар кўтарилади.
Ҳар 8 марта томир урганда нафас олиш керак: нафас олиш – ушлаб туриш – нафас чиқариш 2:1:2 пропорциясига тўғри келиши лозим. Бундай ҳолатда нафасни 4 та томир уришигача ушлаб туринг. Сўнг нафасни секин чиқaра бошланг. Чуқур нафас олиш моддалар алмашинувини рағбатлантиради: бу организмни ёшартиришга олиб келади. Натижада фикрлаш ва реакция тезлиги ошиши, диққат-эътиборни жамлай олиш каби қобилиятлар ривожланади. Туришингиз, ўтиришингиз ёки ётишингиз мумкин. Ҳар 8 марта томир урганда бир марта бурун орқали тўлиқ нафас олинг. Нафасни худди шунча ушлаб туринг. Сўнг ҳавони оғиз орқали бутунлай чиқариб юборинг. Бунда лабларни юмиб, ҳавони шипиллаб чиқариш керак. Нафас чиқариш вақти икки баравар кўпроқ бўлади. 5 марта такрорланг. Нафас тизими – организмимиздаги бошқарса бўладиган ягона тизим. Нафасни тезлаштириш, секинлаштириш, назорат қилиш мумкин.
Оддий усуллар ёрдамида биз организмнинг кислородга тўйинишига таъсир кўрсатишимиз мумкин. Бу эса ўз навбатида ҳол-аҳволимизга, иш қобилиятимизга ва кайфиятимизга таъсир қилади. Жисмоний машқ, айниқса, елка соҳаси, кўкрак қафасини «очиш», югуриш ва контраст душ ёрдамида чиниқиш тумовдан зотилжамгача бўлган нафас тизими яллиғланувчи касалликларининг олдини олувчи энг яхши усул ҳисобланади. Очиқ ҳавода узоқ пиёда сайр қилиш, велосипед миниш, сузиш, қишда коньки ва чанғи учиш нафас аъзолари учун жуда фойдали саналади. Ҳаво шарини шишириш – ўпкани шуғуллантиришда энг қулай ва энг самарали восита, десак янглишмаган бўламиз. Максимал даражада чуқур нафас олиш ва нафас чиқариш нафас рефлексларини фаоллаштиради, тўйиб нафас олишга имкон беради. Агар ашуладан хабарингиз бўлса, куйланг. Ёки шунчаки хиргойи қилсангиз ҳам бўлади.