3:23

Омадсизлик

MP3

Ассалому алайкум. Психологлар ота-оналарга фарзандлари ўзларига ишончни йўқотмасликлари, бир умр омадсиз бўлиб ўтмасликлари учун нималарга эътибор беришлари лозимлиги ҳақида маслаҳат беради. Ота-оналар билан ишлаш гуруҳларида, шахсий консультацияларда ота-оналар шундай саволлар билан тез-тез мурожаат қилишади: “Болаларни қандай жазолаш керак, уларни тартибга солиш учун нима қилиш керак, улар бошимизга чиқиб олмасликлари учун нималарга эътибор беришимиз лозим?” Психологлар эса бошқача фикрда – болалар билан бирга яшаш керак, оиланинг барча аъзолари учун қулай муҳитни яратиш лозим, болаларнинг камол топишлари учун ёрдам бериш шарт. Ана шундагина ҳеч кимнинг кўнгли оғримайди. Сизларга психологик чекловлар ҳақида гапириб бермоқчиман ва фарзандларига руҳий зарба бериб қўймасликлари учун ота-оналарга бир нечта маслаҳатим бор.

Шундай қилиб, ота-оналар қуйидагича йўл тутмасликлари керак: Болага уни болалар уйига, ёмон хола/амакига, милицияга бериб юбориш билан пўписа қилиш – бу боланинг хавфсизлик эҳтиёжи бузилишига олиб келади. Бола онгида она (унинг оиласи) – унинг хавфсизлик кафолатидир. Ялмоғиз, ажина билан қўрқитиш – бу қоронғилик ва ёлғиз қолишдан қўрқишга олиб келади. Болангизга бундай пўписа қилишдан олдин унинг бутун ҳаёти қўрқувда ўтиши мумкинлигини кўз олдингизга келтиринг. Бошқа яхшироқ бола олиб келиш билан чўчитиш. Ёки бошқа болалар билан солиштириш. Бу фарзандингизнинг ўз қадрини паст баҳолашига ва сизга бўлган муносабати ўзгаришига олиб келади. Бола ўзини ким мақтаса, ўшанга эргашиб кетадиган бўлиб қолади. Доктор ёки укол билан қўрқитиш. Бундай чўчитишлардан кейин болангизни шифокор ҳузурига олиб бориш қийин муаммога айланади.

Энди “яхши кўрмаслик”ка ваъда бериш – бу боланинг ички дунёси емирилишига ва руҳий барқарорлиги бузилишига олиб келади. Гапга кирмаганлиги учун ширинликлардан маҳрум қилиш – бу боланинг овқатланиш тартибини издан чиқаради (у яширинча ўзи истаган нарсасини ейишга ўрганади). Илгари совға қилинган нарсани тортиб олиш ёки қайтиб ҳеч нарса олиб бермаслик билан таҳдид қилиш – бу айтган сўзи ёки қилган амалидан қайтиш мумкин деган фикрни уйғотади. Болангиз ваъда бериб, уни бузиш мумкинлигига ишона бошлайди. Ясаган буюмлари ёки чизган расмларини масхара қилиб кулиш. Бу унинг мустақил бирор иш қилиш истагини чеклаб қўяди. Масхаралаш ўрнига уни мақташ, сўнгра қилган хато ва камчиликларини биргаликда тузатиш лозим. Фарзандингиз совға қилган расмни ташлаб юбориш. Асло бундай қила кўрманг.

Жуда ташлаб юбориш шарт бўлса, буни болангиз кўрмасин, акс ҳолда у бир умрга руҳан жароҳатланади. Унга мисли кўрилмаган масъулиятни юклаш, масалан, “яхши бола бўлмасанг, даданг бизни ташлаб кетади” деб қўрқитиш. Бу боланинг зиммасига айбдорлик ҳиссини юклайди. Унга омадсизлик тамғасини ёпиштириш, “сендан ҳеч ким чиқмайди” дейиш. Ота-она зиммасида Худо томонидан берилган руҳий ҳокимият бор. Бизнинг айтган сўзларимиз таъсирга эга. Шунинг учун бундай сўзларни ишлатишда эҳтиёт бўлиш лозим. Бундан ташқари бу ибора инсон онгида бир умрга қолади ва кутилмаганда ўз таъсирини кўрсатиши мумкин. Ҳар бир сўзингиз ва ишингизнинг оқибатини ўйланг. Кўпинча катталар билан муносабатларда сўзларимиз келтириши мумкин бўлган оқибат ҳақида ўйлаймиз, лекин болалар билан муносабатда бу янада муҳимроқдир!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top