Ассалому алайкум. Биз кўпинча ривожланган давлатларнинг “биринчи хонимлари ” ҳаётига ва уларнинг касбига қизиқамиз. Бугун эса давлатни бошқаришда эркаклардан қолишмайдиган аёлларнинг турмуш ўртоқлари ҳақида билишга қизиқдик. Ҳиллари Клинтонни билмайдиган аёл бўлмаса керак. У Демократик партиядан Америка президентлигига номзод сифатида расман тасдиқланди, шу муносабат билан ўтказилган партия съездида унинг турмуш ўртоғи — АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон нутқ сўзлади. 8 йил давомида Қўшма Штатларни бошқарган Клинтон бу ишнинг масъулиятини яхши билади, лекин бу сафар у ташкилотчилар томонидан “биринчи рақамли хонимлар” учун ажратиладиган бўлимда иштирок этди. Демократлар етакчисининг турмуш ўртоғи – янги тарих давомида — ҳам давлат раҳбари, ҳам “биринчи рақамли жентльмен” бўлишга муваффақ бўладиган иккинчи шахс ҳисобланади.
The Washington Post маълумотларига кўра, Билл Клинтон президент лавозимини тарк этганидан сўнг жамоат жойларидаги иштироки ва маърузалари билан шунингдек китоблар нашридан 100 миллион доллардан ортиқ пул ишлаб олди. Унинг бир марталик иштироки учун гонорари 300 минг долларгача етиши мумкин. Ҳиллари Клинтон Америкадаги сайловларда ғалаба қозонган тақдирда, унинг турмуш ўртоғига талаб янада ортади. Сиёсий майдондаги бошқа аёл раҳбарларнинг эрлари эса одатда нисбатан камтарона ҳаёт кечиришади. Немис квант кимёгари, профессор Йоахим Зауэр – жуда банд киши. У ҳаттоки расман “биринчи рақамли эр” бўлган куни ҳам турмуш ўртоғи Ангела Меркель қасамёд келтираётган бундестагда эмас, ўзининг Гумбольдт номли Берлин университетидаги иш хонасида ўтказган. “Иккимиз ҳам ўз ишимиз билан бандмиз. Мен уй бекаси эмасман, у ҳам уйда ўтирмайди”, — дейди Меркель.
Ауэр жамоат жойларни четлаб ўтади: бу жуфтликни биринчи марта Байройтдаги Вагнер фестивалида бирга кўришган, шу боис канцлернинг тутқич бермас эрига “опера фантоми” деган ном берилган. Профессор жуда камдан-кам интервью беради, айниқса журналистларнинг саволлари унинг касбига оид бўлмаса. Йоахим Зауэр салмоқли академик карьера қурган: у Гумбольдт университетининг кимё факультетини тугатган, 25 ёшида докторлик диссертациясини ёқлаган ва 11 йилдан сўнг профессор бўлган. Унинг тадқиқотлари фаннинг баъзи катализаторлар фаолияти ва тузилишига оид тасаввурларини яхшилаш имконини берди ва бунинг натижасида кимёгарни дунё тан олди. Яқиндагина Буюк Британия бош вазири этиб тайинланган Тереза Мэйнинг турмуш ўртоғи Филип ҳаётининг катта қисмини молиявий ишлар билан шуғулланиб ўтказган. Мэй 1979-1983 йиларда Zoete & Beven фирмасида биржа брокери бўлиб ишлаган.
Кейинчалик у Prudential компаниясида нафақа жамғармасининг активларини бошқариб, таниқли инвестменежерга айланди. 2005 йилдан бугунги кунгача Capital Group’да мижозлар билан ишловчи менежер сифатида фаолият юритади. Филип Мэй катта пулларни бошқарувчи киборли трейдерларга умуман ўхшамайди. The Guardian нашрининг маълум қилишича, у турмуш ўртоғи каби камтарин ҳаёт кечиришни маъқул кўради. Британиялик журналистларнинг хабар қилишича, 58 ёшли Филип Мэй турмуш ўртоғи Терезанинг фойдасига ўзининг сиёсий амбицияларидан воз кечганига анча бўлган. Буюк Британиянинг “темир хоним”и Маргарет Тэтчернинг турмуш ўртоғи Денис Иккинчи жаҳон урушидан Британия империяси орденининг кавалер унвони билан қайтган. Маргарет бош вазир лавозимига ўтирганидан кейин унга ёрдам берган у ҳам омма эътиборини хушламаган ва журналистларга интервью бермаган.