3:32

Нега эркаклар билан аёллар турлича фикрлашади

MP3

Ассалому алайкум. Аёл қарама-қарши жинс вакили билан бирга муомала қилар экан, унинг ўзидан катта фарқ қилишидан кўпинча жаҳли чиқади. Нега эркаклар шундай экан-а, деган савол ҳаммамизга таниш. Бизнинг ҳатто фикрлаш тарзимиз ҳам ер билан осмонча фарқ қилади. Эркаклар мантиққа таяниб, аёллар эса кўнглига қулоқ солиб иш тутишининг сабаби бор экан. Болаликда бу фарқ деярли билинмаса, катта бўлганда аниқ намоён бўлар экан. Пенсильвания универститетининг тадқиқотларига кўра, эркак ва аёлнинг фикрлаши ва ҳаракатининг тубдан фарқ қилиши уларнинг миясидаги физиологик жиҳатлардан келиб чиқади. Демак, уларнинг фикрлаши орасидаги фарқни аниқ мисоллар билан ҳаавола қиламиз. Эркаклар бир манзилни харита ёки аниқ манзилга қараб, аёллар эса йўлдаги нарсаларни эслаб излайди. Эркаклар шунчаки буюм ва муаммоларни таҳлил қилади, аёллар уйғунлаштиради.

Улар баъзан изқуварлардек фикр қилишади. Тадқиқотларга кўра, аёлларнинг мияси эркакларникига нисбатан олдинроқ қарий бошлар экан. Бунинг сабабини ҳар бир аёл яхши билса керак. Бу бизга табиатан берилган жавобгарлик ва масъулиятнинг кўплиги ва ҳис-туйғуларга бойлигимиз сабаб. Аёлларда икки яриммия орасидаги боғлиқлик кучли бўлса, эркакларда яриммиянинг ичидаги боғлиқлик кучли экан. Натижада эркакларда маълумотни қабул қилиш билан фаолият кўрсатишда узвий боғлиқлик мавжуд бўлса, аёлларда маълумотни қабул қилишда таҳлил ва ҳиссиётлар узвий боғлиқликда келар экан. Эркаклар кўриб эшитаётган фактларга таянса, аёллар ички ҳиссиётларига таянадилар. Ва қизиғи шундаки, бу ички ҳиссиёт кўп ҳолларда тўғри маълумот беради. Аёлларнинг исм ва юзларга бўлган хотираси эркакларникига нисбатан кучлироқ.

Бу тўғри ва уларнинг бу сифати асосан ёқимли муносабат қуришда ёрдамга келади. Эркакларнинг фикрлаш ва фаолият тезлиги аёлларникига нисбатан тезроқ. Улар тезроқ мантиқан фикрлаб, аёл шеригига ёрдамга келади. Америкалик комик ва никоҳ эксперти Марк Гангор эркак ва аёлларнинг мия тузилишида ҳам фарқ бор, деб ҳисоблайди. У ўз нуқтаи назарини қуйидагича ифодалаган. “Аёллар — эркакларга қараганда анча мураккаб мавжудот. Эркакларнинг тузилиши соддароқ. Уларнинг орасидаги энг катта фарқ эса фикрлашларидадир. Эркакларнинг мияси кичкина қутичалардан ташкил топган. Ҳар бир нарсанинг ўз қутичаси бор. Машина учун, пул учун, иш учун, аёллар учун, фарзандлар учун – хуллас ҳар бир нарсанинг ўз қутичаси бор. Яна бир қоида ҳам бор: қутичалар бир-бирига тегмаслиги керак! Эркак бирор аниқ масалани муҳокама қилаётганида айнан ўша нарсага тааллуқли қутичани очади ва фақат мана шу қутича ичидаги нарсани муҳокама қилади!

Сўнгра қутичани ёпиб, эҳтиёткорлик билан жойига қўяди! Аёлларнинг мияси бошқача тузилган. Аёлларнинг мияси – кўпгина симлардан иборат катта ғалтак. Бу ерда ҳамма нарса бир-бирига уланган: машина ишга, болалар бувисига, ҳамма нарса бир-бири билан боғлиқ. Бу худди ҳиссиётлар кучи билан ишловчи юқори тезликдаги интернетга ўхшайди. Ва энг асосийси, эркакларнинг миясида яна бир қути бўлиб, бу қути ҳақида аксарият аёллар билишмайди. Бу қути бўм-бўш туради. Ростдан ҳам. Бу қути „Ҳеч нарса йўқ қути“ деб аталади. Барча қутичалар ичида эркакларнинг энг севимли қутиси шу. Шунинг учун эркаклар балиқ овига боришади ёки телевизор олдида ўтиришади. Аёллар бундай қила олишмайди. Улар “Ҳеч нарса йўқ қути”ни тушунишмайди. Шунинг учун аёллар ҳеч нарса қилмай бекор ўтирган эркакларни кўрганида асаблари бузилади!”

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top