Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Бугун сизлар учун фақат энг муҳим бўлган ва балки унутиб қўймаслик учун, ёзиб қўйиш мумкин бўлган маслаҳатлар ва маълумотлар гулдастасини тақдим қилишга жазм этдик. Аёлни гўзал бўлишга ундайдиган ва уни гўзал қиладиган ҳар бир нарса муҳимдир. Демак, суҳбатимизни бошладик. Кулранг, қора ва оқ ранглар кийимлар учун энг идеал ранглардир, булар ҳамма хилдаги рангларга мос тушиб, хатто эски кийимнинг рангини очишга ҳам ёрдам беради. Шакар аёл организми учун энг керакли маҳсулот ҳисобланади. Аммо ундан ҳаддан зиёд фойдаланиш ҳар хил муаммоларни келтириб чиқаради. Организмни керакли шакар миқдори билан озиқлантириш учун кўпроқ мевалар тановул қилинг. Масалан, лимон таркибида қулупнойга нисбатан кўпроқ шакар мавжуд. Агар аёл киши «Барби» қўғирчоғига ўхшаган ташқи кўринишга эга бўлганида соғлом ҳаёт кечира олмасди.
Буни исботлаш учун АҚШда жойлашган соғлиқни сақлаш вазирлиги олимлари изланиш олиб боришди. Улар «Барби»нинг параметрларини тирик инсонда синаб кўриш учун катта қўғирчоқ ясашди. Бундай аёлнинг бўйи 170 см, вазни 50 кг, кўкрак айланаси 99 см, бели еса 45 см бўлиши кераклиги аниқланди. Маълум бўлишича, ушбу параметрга эга аёлнинг организмига ҳамма аъзолар жойлаша олмайди. Шундай экан, озиш учун муккасидан кетмасидан, энг асосийси — соғлиғингиз жойида эканлигига шукур қилинг. Ахир бу энг бебаҳо инъом-ку. Пардозда кўзларга кўпроқ урғу беришни истасангиз, лабингизни оч рангда бўянг, лабларга урғу бермоқчи бўлсангиз, кўзлар учун оч рангли тенлар танланг. Гўзаллик қурбонликни талаб қилади. Фақат ҳомиладорлик чоғида эмас. Шифокорлар фарзанд кутаётган аёлларга баланд пошнали пойабзалларни четга суриб қўйишни тавсия этишади.
Агар бу қоидага амал қилсангиз, келажакда радикулит ва невралгия хасталикларидан ўзингизни асраган бўласиз. Атиргул фақат гўзаллик эмас, балки саломатлик тимсоли ҳамдир. Ўрта арсларда Европа аҳолиси атиргул дамламаси ёрдамида шамоллаш, тиш оғриғи ва оғиз бўшлиғи билан боғлиқ бўлган касалликларни даволашган. Бугун дорихона ва айрим дўкон расталарида атиргул ёғини учратиш мумкин. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ёғ хотирани мустаҳкамлаб, турли яллиғланиш ва вирусли касалликларга қарши курашади. Бўйин териси хеч қачон ёғли бўлмайди (ҳаттоки юз териси ёғли бўлса ҳам). Шу сабаб бўйин учун фақат қуруқ ва нормал терига мўлжалланган ниқоб танлаган маъқул. Жозибадор кўринишнинг яна бир қоидаси, бу чиройли қадам ташлашдир. Юрганингизда доим қоматингизни тик тутинг. Тез юрганда ҳам майда қадам ташланг ва хеч қачон қўлларингизни силкиманг.
«Ғалаба қозонишни истасангиз, доим табассум қилинг» дейди мутахассислар. Бу гапда жон бор. Ишда ва шахсий ҳаётда омадга эришмоқчимисиз, унда табассум ҳақида унутманг. Ҳар қалай ҳўмрайиб юргандан кўра, кулиб юрган яхшироқ. Дунё бўйича йиғилган маълумотларга қараганда, эркаклар ёрқин рангда бўянган аёлларни хуш кўрмас экан. Шундай бўлгач, жуфтингизга ёқиш учун кўпроқ табиий рангли пардоз воситаларидан фойдаланинг. Унутманг, ёрқин рангли пардоз фақат кечки базм учун мўлжалланган, кундалик ҳаёт учун эмас. Аёлнинг энг яхши қуроли бу — самимийлик. Ҳар қандай вазиятда ҳам самимийликни йўқотманг. Айниқса бугунги кунда бу жуда зарур. Агар маслаҳатларимизга шубҳа билан қарасангиз, уни қўллаб кўринг, натижасини тезда пайқайсиз.