Ассалому алайкум қадрдонлар. Қадимда аёлларнинг яшаш тарзи, уларнинг мавқеи қандай бўлганлигини ҳамма аёлларга ҳам қизиқ. Албатта тарихда яшаб ўтган жасоратли момоларимизнинг ҳаёт тарзи осон кечмаган, аммо бугун сизлар билан айнан Муқаддас Калом ўз ичига олган даврларда қандай аёллар яшаб ўтгани ва уларнинг ҳаёт тарзи, жамиятдаги ўрни ва яна бошқа кўплаб қизиқарли маълумотларни эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдик. Агар сўрасангиз, кўпчилик Муқаддас Калом эркаклар томонидан ва эркаклар учун ёзилган дейишади. Бу тўғри эмас. Албатта унинг авторлари эркаклар аммо фақат эркаклар учун ёзилмаган. Худованд бандаларини аёл ва эркак қилиб яратган экан, бу Муқаддас Китоб ҳамма учун. Гарчи, Эски Аҳд китобида Худонинг сўзини тинглаган асосий тингловчилар эркаклар бўлишларига қарамай, Муқаддас Каломда кўзга кўринган ишлар қилган, Худонинг назарига тушган ва Худонинг режаси йўлида ишлаган аёлларнинг исмлари ҳам талай.
Шунга қарамай, Муқаддас Каломда тилга олинган қаҳрамонларнинг деярли 10 фоизи аёллар. Муқаддас Каломда исмлари баён этилган ва баён этилмаган аёллар жуда кўп. Масалан, Ҳакамлар китобида Йифтаҳнинг қизи, 3 Шоҳликларда ёзилган тўқувчи қизлар ҳақида ҳам ёзилган. Бутун дунёга келган ва келадиган одамларнинг онаси Момо Ҳаво ҳам Муқаддас Калом орқали бизга жуда кўп нарсаларни ўргатади. Ибтидо китобидаги мўъзижаларни эсланг. Соро биби, Ривқо, Роҳила, Леаҳ, Мусонинг опаси Марям. Уни пайғамбар аёл ва мусиқачи деб аташган. Ҳакамлар китобида ёзилган Деборани ҳам ҳакам ва пайғамбар деб тан олишади. Шоҳлар оиласидан бўлган, шоҳ Довуднинг рафиқаси Батшеба, Форс шоҳининг маликаси Эстер ва шоҳ Сулаймоннинг рафиқалари ҳам Муқаддас Каломда номлари тилга олинган ва олинмаган аёллардан ҳисобланади. Бу аёллар ўз замонида Худо режа қилган ишларни ва уларга юклатилган масъулиятларини қўлларидан келганча бажарганлар.
Қадимда эркаклар фақат ўз қабилаларидан қиз олганлар. Қизнинг ота онаси ҳам қизларини ўз қабиласидан бўлган одамларга турмушга берганлар. Иброҳим ҳам хизматкорини ўз қондошлари олдига юборди. Худованд уни Иброҳимнинг укаси Нахўрнинг ўғли Батувалнинг қизига йўлиқтирди. Энди Ёқубнинг ҳикоясини эсланг. Ёқубни онаси ўз акаси Лобоннинг олдига жўнатади ва ўша ердан қиз олишни буюради. Ҳакамлар китоби 12 боб 9 оятда бир ҳакам ҳақида ёзилган. У одатлардан бошқача иш тутиб, қизларини бошқа қабилаларга узатган бўлса, ўғилларига ҳам бошқа қабилалардан қиз олган. Каломда бу ҳақида шундай ёзилган, “Ундан кейин Исроил халқига Байтлаҳмлик Ибсан ҳакам бўлди. Унинг ўттиз ўғли билан ўттиз қизи бор эди. У қизларини уруғидан ташқарига узатиб, ўғилларига келинларни ҳам бошқа уруғлардан олиб берганди. Ибсан етти йил Исроил халқига ҳакам бўлди.”
Аммо қуйи табақадаги аёллар ва қизлар турмушга чиқиши шарт бўлмаган. Масалан, Ибтидо 16 бобда ёзилган Хожарни эсланг. Хожар Соронинг чўриси бўлган. Бундан ташқари қадимги Исроилда турмушга чиқмаган фоҳишалар бўлгани ҳақида ҳам ёзилган. Ёки Довуднинг қизи Тамарни эсланг. Уни зўрлашганидан кейин у бир умр ёлғизликда акаси Абсаломнинг уйида қолди. Исроилнинг қонун қоидасига кўра тажовузкор ўзи тажовуз қилган қизга уйланиши талаб этилган. Қизларнинг бокира бўлиб турмушга чиқиши Муқаддас Калом даврида жуда қадрланган. Қизлар бокиралигига тажовуз қилингач эса, улар турмушга чиқолмай, моддий ёрдамсиз, боқувчисиз қолиб кетган. Оталари тирик бўлса оталари боққан, ота-онаси ўлиб кетса, улар иложсиз ё фоҳишага айланарди ёки отасининг мероси билан мустақил аёлга айланарди.