3:48

Оилага ҳос одатлар

MP3

Ассалому алайкум меҳрибон дугонажонлар. Муқаддас Каломда ёзилган одатлардан аёллар иштирок этмайдиганини топиш қийин бўлса керак. Шуни инобатга олган ҳолда энг муҳим ва аҳамиятли бўлган одатларидан бири турмуш қуриш одати ва маданияти аввал қадимги халқлар орасида айниқса яҳудийларда қандай бўлганини билишга жуда қизиқдик. Қадимги Исроилда ўғил туғилган оилада ёшлигидан қиз танлаш одати мавжуд бўлган. Уларнинг қонунларига кўра иброний йигит фақат иброний қизга уйланиши шарт бўлгани учун, йигит томоннинг ота онаси ўғилларига ва оиласига тўғри келади, деб ҳисоблаган қизни келин қилиб танлашарди. Бунда қиз ўғилдан кўра унинг ота-онасига ёқиши керак эди. Баъзида қизга ҳам йигитга турмушга чиқиш ёки чиқмасликни ўзи ҳал қилиш ҳуқуқи ҳам бериларди. Ибтидо 24 бобда Ривқонинг оиласи Исҳоққа турмушга чиқиш ёки чиқмаслигини ўзи ҳал қилишини айтган эди.

“Ҳозир қизимизни чақириб, ўзидан сўрайлик–чи, — дейишди улар. Ривқони чақиришиб, ундан: — Ҳозир мана бу одам билан кетасанми? — деб сўрашди. — Ҳа, кетаман, — деди Ривқо.” Аммо охирги қарорни ота-оналар чиқаришарди. Бўлажак келин билан куёв ҳеч қачон учрашишмаган. Ёш қиз ёши ўтиб қолган одамга ҳам тегиб кетаверарди. Ахир буни қизнинг ота-онаси ва оиласи ҳал қилар эдида. Никоҳдаги севги бу турмуш қурган аёлнинг эрига эргашиши дегани эди. Бироқ Муқаддас Каломда ҳам турмуш қурганлар бир-бирларини севганлари ҳақида ёзилган. Масалан, Ёқуб Лобоннинг қизи Роҳилани севиб қолиб, унинг учун Лобонга 14 йил хизмат қилади. Унаштирув одати бизда табиий бўлганидек, яҳудийларда ҳам бу одат бўлган. Унаштирув одати кўпгина ғарб ва шимолий давлатлар учун ғалати бир одат бўлиб кўриниши мумкин.

Аммо қадимги яҳудияда унаштирув бу қизларнинг маълум бир одамга турмушга чиқишини белгилаб қўядиган одат эди. Уни бузиб бўлмасди. Бу маросим келин ва куёв бўлмиш томон оилалари икки гувоҳ ўртасида ўтказиларди. Бунда куёв томон келинга бир қимматбаҳо нарса, узук ёки бирор бир тақинчоқ бериб, Мусонинг қонунида айтилганидек, “Бу аёл энди менга тегишли”, деган белгилаб қўярди. Унаштирув бу ҳали тўй дегани эмас. Тўй унаштирувдан бир йил ёки ундан ҳам кўпроқ вақтда бўларди. Баъзида болалар ёшлигидаёқ бир-бирларига унаштирилиб қўйиларди. Муқаддас Каломда Марям ҳам Юсуфга кичиклигидаёқ унаштириб қўйилгани ҳақида ёзилган. Келинга қалин бериш одати бугунгача ҳам мавжуд. Бўлғуси куёв келиннинг оиласига тўлов эвазига қалин бериш талаб этилган. Буни бугунги кунда сут пули ҳам дейишади. Қизларидан ажралаётган оила тўйдан кейин анча қийинчиликка учраб қолади.

Бу оила ёрдамсиз ва ишчи кучисиз қолади, шунинг ўрнига хизматкор ёллаши ёки оиласига озгина бўлса ҳам мадад бўлиши учун шундай қалин бериш одати ўйлаб топилган бўлса керак. Ахир ўша пайтда қизлар ҳам йигитлардан қолишмайдиган даражада далаларда ҳам ишлашган, қўй ҳам боқишган ва ундан ташқари уй ишларини ҳам қилишган. Қизларнинг ҳаракатчанлиги бугун ҳам ўшандай ўзгармаган. Фақат бугун қалин пули ўз мазмунини йўқотган ҳолос. Баъзи қиз узатадиган оилалар бугун ҳам қалин пули талаб қилишса, бошқалар бундан аллақачон воз кечишган. Агар куёв келин томонга маблағ билан қалин тўлай олмаса, унда бу хонадонга қанчадир вақт ишлаб бериши керак бўлган. Ибтидо Китобидаги Ёқубнинг ҳикоясини эсланг. Ёқуб Роҳила учун унинг акасига 7 йил ишлаб берган эди. Ўз навбатида қизнинг отаси ҳам қизи турли кутилмаган қийин ҳолатда қоладиган бўлса, ўзини ўзи таъминлай олсин деб, қизига сеп ҳам берган. Сепга ер, мол-мулк ҳатлаб берилган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top