3:26

Нега ёш аёлларга қария момоларнинг ёрдами керак?

MP3

Ассалому алайкум, бизда келинларнинг қайноналари билан ёки қайнона бувилари билан бирга туриши баъзи сабабларга кўра кўплаб келишмовчиликларга сабаб бўлади. Бироқ бугунги мавзуимиз, улар орасидаги муаммолар сабабини ўрганиш эмас, аксинча, катта ёшдаги тажрибали аёлларнинг ёш аёллар ҳаётидаги ўрни нақадар муҳимлигини кўрсатиш. Шу мавзуни бошлаган эканмиз, Муқаддас Каломдаги қуйидаги оятни эсламасликнинг иложи йўқ. “Шунингдек кампирлар ҳам ғийбат ва майхўрликка ружу қўймай, балки муқаддасликка мувофиқ, ҳар қандай ҳайрли ишда ибрат бўлиб турмуш кечирсинлар. Кампирлар ёш хотинларга таълим-тарбия берсинлар. Худонинг каломи қораланмаслиги учун улар ўз эрлари ва болаларини севадиган, рўзғорга жонкуяр, вазмин, иффатли, хушфеъл, эрларига бўйсунадиган бўлсинлар.” Демак, ёши каттароқ аёллар Худо билан муносабатда юрар экан, ёшларга ўрнак бўлиши талаб этилади.

Албатта ёш аёллар ўзидан ёши анча каттароқ бўлган, ҳаётда кўп нарсани кўрган, тажрибали аёлнинг ўгитларига муҳтож. Сабаби катта ёшли аёллар берадиган маслаҳатлар ва ўрнакни, ўзининг ёшидаги аёллардан ололмайди. Мен фарзандларим ёш бўлганида, уларни қандай тарбия қилишни билмай қийналганимда, тўрт фарзанднинг онаси бўлган бир тажрибали аёл менга жуда кўп ёрдам берган. Ҳар қандай саволимга ўша аёлдан жавоб олардим. Бу фарзандларимни тўғри тарбиялашимга ва шу ҳолатдан ҳатоларсиз чиқиб кетишимга катта ёрдам берган. Бундай инсонлар сизнинг ҳам ҳаётингизда борлигига ишончим комил. Чунки Худованд атрофимиздаги аёлларни бекорга қўймайди. Ёшингиз нечида бўлишидан ёки қандай ҳолатда бўлишингиздан қатъий назар ҳар доим, ўзингиздан ёшроқ аёлларга ёки қизларга ёрдамингиз тегиши мумкин.

30 ёшлардаги аёл ўзидан ёшроқ аёлга, болалари ўсмир ёшдаги аёл эса, ҳали болалари ёш бўлган аёлга, қари момолар эса 40 дан ошган аёлларга тажрибаларини бўлишиб, ҳаётда Худонинг йўлида тўғри юришни ўргатиши мумкин. Бироқ Худованд Муқаддас Каломда тасвирлаган аёлдек бўлишга ҳаракат қилинг. Аёл қайси ёшда бўлмасин, ўзидан каттароқ ва тажрибалироқ аёлнинг ўгитларига ва маслаҳатларига муҳтож бўлади. Шундай экан, нега атрофимизда қайнона келин можаросини эшитамиз. Айб қайнонадами ёки келиндами? Қайнона ҳам ўзича ҳақ, келин ҳам ўзича ҳақ. Ҳеч ким “мен айбдорман” демайди. Сабаби ўртада меҳрнинг йўқлигида. Ҳар қандай маслаҳат севги билан ўргатилса, албатта бу ўгитларга амал қилишади. Агар ҳар бир имонли аёл Худонинг Каломида чуқур илдиз отса, бошқа аёллар билан кўришганида, бир-бирларига шунчаки салом-аликдан кўра кўпроғини улашишлари мумкин.

Агар сиз чиндан Худонинг Каломига бўйсунадиган, Худонинг бошқарувида яшайдиган аёл бўлсангиз, бошқа ёш аёллар сиздан ўрганишга ва мадад олишга ҳаракат қиладилар. Сиз ҳаётингиздан олган тажрибангиз ҳикояси билан ёш аёлларга мадад бера оласиз. Бундай муносабатлар, ёш аёлларга Худонинг садоқатли эканини кўрсатади. Ундан ташқари сизнинг гувоҳликларингиз уларга Худонинг йўлида юришда мукаммалликка интилишни эмас севги билан эркинликда юришга ўргатади. Яъни, сизнинг гувоҳлигингиздан сўнг, улар ҳамма ҳам хато қилиши мумкинлиги, ҳато қилиш унчалик даҳшатли эмаслигини, шу орқали Худованд бизга кўпроқ нарса ўргатиши мумкинлигини билиб, севги билан яшашда давом этишади. Сизнинг донолигингиз уларга тўғри йўлдан юришларига туртки беради. Хуллас, ҳам бир ёш аёлнинг ҳаётида албатта ёши каттароқ тажрибали бир аёлга доим ўрин бор.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top