Ассалому алайкум жонкуяр дугоналар. Сулаймон ҳикматлари китобида Худога манзур бўлган аёлни тасвирлайдиган алоҳида бир боб бор. Маталлар китобида шундай дейилган, “Доно хотин ўз оиласини мустаҳкамлайди, нодон хотин эса оиласини ўзи бузади.” Бу оятда хотин маъжозий маънода оиласининг қурувчиси ёки бузувчиси сифатида тасвирланган. Ростдан ҳам доно аёл чуқур ўйлаб хонадонига қарайди. Биз эркак киши оиланинг боши, аёл эса қўллари, деган гапни эшитганмиз. Аёл эрининг бошчилигида уйдаги ўзи қила оладиган ишларнинг ҳаммасини уддалайди. Гарчи аёл учун хонадони ва оиласинига ғамхўрлик қилиш асосий вазифа бўлса ҳам, у кўп нарсада қобилиятли ва кўп нарса қила олади. У шунчаки ошхонада бекалик қилиш учун, ҳомиладор бўлиб фарзандлар тарбиялаш учун яратилмаган.
Аксинча, у ўзининг хонадонига келган ва ўша ерда яшовчи оила яъзолари учун жисмонан ва руҳий томондан ўсишлари учун “асбобларини” ишлатиб шароит яратади. Бу “асбоблар” деганимиз ундаги ҳислатлар. Келинг, аёл киши қандай ҳислатларини ишлатиб оиласини гуллаб-яшнатишини кўриб чиқамиз. 1. Соғлом фикр – у донолик билан оиладаги моддий маблағ ва вақт каби заҳиралардан фойдаланади. 2. Фаросат – гарчи аввал ўқимаган бўлса ҳам, оиласининг қайси аъзоси билан қандай суҳбатлашишини ва шу суҳбат давомида ўргатиш ва чархлашни яхши билади. 3. Иштиёқ – унинг олдиндан мулоҳаза қилиш ва тиришқоқлик каби ҳислатлари сабабли оила аъзоларини олға ҳаракат қилишга руҳлантира олади. 4. Қобилиятлар – ҳар бир аёлнинг у ёки бу нарсага қобилиятлари бўлади. Доно аёл ўз қобилиятларини кўра олиши билан бирга уни оиласи учун фойдали қилиб ишлата ҳам билади.
Худованд уларни қобилиятларини ишлатиб бошқаларга фойда келтирадиган қилиб яратган. 5. Ҳаракат – аёл оилада эринчоқлик қилиш ёки дангасалик қилиш нималарга сабаб бўлишини яхши билади, шунинг учун ҳам у ҳар бир вақтнинг қадрига етади ва яқинларини севгани туфайли ҳар бир дақиқани уларнинг фойдасига ишлатади. 6. Ёқимли сўзлар – У тилини вақтида тия олади. Доимо оила аъзоларини руҳини кўтарадиган, тасалли берадиган ва хурсанд қиладиган ёқимли ва далда берувчи сўзларни танлаб гапира олади. 7. Намуна – унинг энг кучли қуроли бу унинг Масиҳга ўхшаш сифатидир. У шу сифати билан хонадонидагиларга яхши ўрнак бўла олади. Юқорида Маталлар 14 боб 1 оятда келтирилган “Доно хотин ўз оиласини мустаҳкамлайди, нодон хотин эса оиласини ўзи бузади”, деган оят ҳар бир аёлнинг ҳаракатларини назоратга солиб турадиган маёқ каби хизмат қилади.
Шу оятдан аёл донолик билан яшаяптими ёки аҳмоқона ишлар қилаяптими, ўзини текшириши мумкин. Қандай қилиб аёл доноликка эга бўлиши мумкин, деган савол туғилади. Бу ҳам яна Яратувчимиз билан муносабатга бориб тақалади, “Эгамиздан қўрқиш илму маърифатнинг бошидир. Донолик ва насиҳатдан нафратланган эса нодондир” Қай бирини танлашни аёлнинг ўзи ҳал қилади. Доно бўлишни истаган аёл Худованд билан яқин ва қалин муносабатда бўлади, аммо аҳмоқ аёл Худо билан муносабатни рад этиб, оиласини ҳам вақти келиб пароканда қилади. Худованд аёлнинг доно бўлишини жуда истайди, сабаби У аёлга донолик бериб, Ўзи ташкил этган оиланинг гуллаб яшнашини ва шу оиладан художўй ва Яратувчини севадиган ақлли фарзандлар чиқишини режа қилган. Хуллас, оилада аёлнинг қанчалик доно бўлиши оиланинг гуллаб яшнашига хизмат қилади.