3:21

Художўй аёлнинг сифатлари

MP3

Ассалому алайкум. Бугун бутун дунё аёллари эркаклар билан тенглигини намойиш қилишда ҳаддан ортиқ ҳаракат қилишаётгани ҳеч кимга сир эмас. Дунё шайтоннинг бошқарувида турли жирканчли гуноҳларга тўлиб бораяпти. Шу жумладан аёллар ҳам азалдан белгиланган ўринларини қолдириб, эркаклик ўрнига даъво қилишаяпти. Бироқ Масиҳий аёл бундай бўлмаслиги керак. Ҳўш, у қандай бўлиши керак? Матто 5 боб 8 оятда шундай ёзилган, “Покдил бўлганлар бахтлидир, Чунки улар Худони кўрадилар.” Аёл Худо талаб этганидай пок бўлиши керак. Бундан ташқари, ҳаворий Павлуснинг шогирди Титусга ёзган мактубида у аёлларнинг қандай бўлиши Худога маъқул эканини айтиб ўтади, “Худонинг Каломи қораланмаслиги учун, улар ўз эрлари ва болаларини севадиган, рўзғорга жонкуяр, вазмин, иффатли, хушфеъл, эрларига бўйсунадиган бўлсинлар.” Демак, Художўй аёл рўзғорига жонкуяр бўлиши керак.

Масиҳдаги кекса аёллар эса, ёш аёлларга уй рўзғор тутишда ўрнак бўлишлари лозим. Замон илгарилаб борган сари уй тутиш санъати йўқолиб бораяпти. Каломда уй аёлнинг диққат эътиборида бўлиши кераклиги ёзилган. Аёл киши учун оила ва хонадон меҳмондўстлик кўрсатадиган, хизмат қиладиган ва ҳамма ҳаракатларининг маркази бўлиши керак. Ким ҳам ўзини қулай ҳис қиладиган хонадонда бўлгиси келмайди. Кўпчилик ҳаворий Павлусни аёлни уйга қамаб олиб ўтирадиган эркаклар тоифасидан бўлган дейишади. Аммо тасаввур қилинг, агар аёл оиласида Худога хизмат қилса, унинг ва яқинларининг борингки, хизмати таъсир этадиган бошқаларнинг ҳаёти қандай бўлган бўлар эди? Ҳатто ўзининг ҳам ҳаёти ўзгарган бўларди. Художўй она сифатида фарзандларига берадиган таъсирини ўйлаб кўринг. Юрагида Худонинг тинчлиги ва севгиси бор аёлнинг болаларига ва эрига берадиган далдаси, руҳий озуқаси ва тинчлиги ҳақида ўйланг.

Худованд аёлнинг таълим олишини ёки ижодкор бўлишига қарши эмас. Аксинча, У аёлни жуда ҳам билимга чанқоқ, ижодкор қилиб яратган. Бироқ шу билан бирга Худованд аёл ўзига берилган биринчи вазифани унутиб қўйишини истамайди. Художўй аёлнинг кейинги ажойиб сифати –хушфеъллик. Муқаддас Каломда ёзилган сифатларга эга бўлишни истайдиган аёл хушфеъл бўлиши керак. Бу сифат Муқаддас Руҳнинг самараларидан бири ҳамдир. Хушфеъллик бу аёл юрагининг ҳолати. У бошқа бировнинг сизга берган жавобига боғлиқ эмас. Бу сифат шунчаки яхши бўлиш эмас. Бу аёлнинг юрагининг ҳолатидир. Бу дунёда қўпол ва худбин одамларнинг жавобига қарата хушфеъл бўлиш қийин, аммо кекса ёшдаги аёллар ёш аёлларга бу борада ҳам ўрнак кўрсатишлари керак. Аёлнинг Худо томонидан берилган вазифаси бу эрига бўйсунишдир. Муқаддас Каломда ёзилган бўйсуниш бу икки тенг ҳуқуқли одамларнинг орасида бирининг иҳтиёрий ва мамнуният билан бажарадиган ҳаракатидир.

Худованднинг бу буйруғи ҳеч ҳам аёлнинг оиладаги ва инсон сифатидаги қадрини пасайтирмайди. Худонинг истагига кўра оиладаги муносабат Масиҳнинг жамоати билан муносабатига ўхшаш бўлиши керак. Жамоат қандай қилиб хурсандчилик билан, ихтиёрий равишда Масиҳга бўлган севгиси сабаб бўйсунадиган бўлса, аёл ҳам эрига бўлган севгиси, ҳурмати ва Худонинг иродасига кўра ўз вазифасини сидқидилдан бажариши учун эрига бўйсуниши керак. Эрига бўйсуниш билан аёл ҳимоя остида бўлади. Бу борада ҳам яна кекса ёшдаги аёллар ёшларга ўрнак кўрсатиши ва вақти келганда уларга маслаҳатлар бериб, йўл-йўриқ кўрсатиши керак. Чунки шундай қилиш билан ёш аёл ҳам кекса аёл ҳам Худонинг иродасини бажараётган бўлади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top