Ассалому алайкум қадрли ва севимли рафиқалар. Муқаддас Каломдаги имон қаҳрамонлари ҳикоясини ўқир эканман, доим ҳаёлимда бир савол айланади, “Уларнинг рафиқалари қандай бўлган экан?” Бу аёл ҳақида ўйлайдиган бўлсак, у эрини ўз-ўзини ўлдиришга ундаган аёл сифатида кўрамиз. У чиндан ҳам шундай қилганми? Агар шундай қилган бўлса, бунга нима сабаб бўлган? Бугун айнан бу аёлнинг қандай инсон бўлгани ва юқоридаги ишга нима сабаб бўлгани ҳақида гаплашамиз. Қизиғи шундаки, Аюб пайғамбарнинг учта қизи ва еттита ўғли бўлгани ҳақида ва унинг қизларининг исмлари ҳам берилади-ю, аммо хотинининг исми айтилмайди. Фақат кейинроқ Аюбнинг баданига битмайдиган яралар тошиб кетиб қийналганида, хотини ҳақида ёзилади. “Хотини унга: — Ҳамон солиҳлигингизда маҳкам тураверасизми?!
Худони лаънатланг–да, ўлиб қўя қолинг,” деб ёзилгани келтирилган. Аюб эса унга жавобан шундай дейди, “Аюб эса хотинига шундай жавоб берди: — Сен аҳмоқ хотинлардай гапиряпсан. Худонинг қўлидан яхши нарсаларни қабул қиламиз–у, ёмонларини олмаймизми?” Агар таржималарга қарасак, Аюбнинг хотини эрини ўз жонига қасд қилишга ундаган. Шу билан у эрини ҳам, ўзини ҳам азоблардан қутқаришни истаган. Бу воқеани ўрганувчилар, “Бу аёл шайтонга йўл бериб, эрига далда бериш ўрнига у билан бирга азоб тортган ва уни ўз жонига суиқасд қилишга ундаган”, дейишади. Аюбнинг азоблари пайтида унинг хотини унга далда бериб, рухлантириш ўрнига унинг азобини кўпайтирадиган гапларни айтади. Шу ерда Аюбнинг хотини Худо уни қандай вазифани бажариш учун яратганини унутиб қўяди. Ахир, биз аёлларни Худованд эрларимизга мададкор бўлишимиз учун яратган.
Унга нафақат оилада, оилани тебратишда, балки руҳий маънода ҳам мададкор бўлишимиз керак эмасми? Аюбнинг ҳикоясига қарасангиз, у доимо руҳан кучли, оиласининг энг солиҳ аъзоси ва руҳонийси бўлган. Бироқ у азоб чекаётганида эрига маънан, жисмонан ва руҳан ёрдам бериш ўрнига уни гуноҳ қилишга ундаган. Бундай пайтда азобланаётган одамга Худонинг фикрини айтмай, шайтоннинг истагини айтаётгани унинг азобини бир неча карра оширади. Шу пайтда Аюбнинг хотини эрини енгилишга ундаётган эди. Бу эса Худонинг эмас, шайтоннинг эстаги эди. Кўп йиллардан бери Худога яқин бўлган, солиҳ одам билан яшаётган аёл ҳам ундан таъсирланмаслигининг ва ўрганмасликнинг иложи йўқ. Албатта, у ҳам эри каби тирик Худога ишонган бўлиши аниқ, аммо унинг эрига айтган сўзларидан имони нақадар суст эканини ва осонгина шайтоннинг истагига бўйсунганини кўришимиз мумкин.
Бу аёл бўлаётган ишлар Худонинг истаги билан бўлаётганини кўрмади. Унинг руҳий кўзлари кўр эди. Эҳтимол у мол-дунёсидан, жондан азиз болаларидан айрилгани учун эри ва ўзи ишонган Худодан аччиқлангандир, Ундан юз ўгиргандир. Аюб китобида Аюб Худовандга шундай нола қилади, “Нафасим хотинимга жирканч бўлиб қолган,
Қариндош–уруғим мендан нафратланади.” У эрига мадад ва далда беришдан бош тортган бўлса ҳам, Худованд бу аёлни марҳаматлади. Чунки унинг бахтига эри ўзи кутганидан ҳам имонда кучли, солиҳ ва Худонинг яхшилигига шубҳа қилмайдиган инсон бўлиб чиқди. У қандай аёл бўлмасин, барибир, у бахтли аёллардан бири,чунки унинг турмуш ўртоғи Аюб Худога яқин, имонда кучли ва Худонинг назари тушган инсон эди. Шу туфайли, Худованд уларга яна фарзандлар ва мол-дунё берди.