Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимиз Марям исмли Муқаддас Калом қаҳрамонларидан бири ҳақида боради. Мусо пайғамбар тирик қолгани учун шу аёлдан миннатдор бўлгани аниқ. Аммо бу персонаж салгина мураккаб ва қийин характерга эгалиги билан Муқаддас Калом қаҳрамонларидан ажралиб туради. Муқаддас Каломга қарасангиз, у кичиклигидан дадил ва жасур, ақлли қизалоқ бўлганини кўриш мумкин. У етакчилик қилишда, халқни бошқаришда ва баъзи нарсаларни ташкиллаштиришда укалари Хорун ва Мусога ёрдам берарди. Унда етакчилик қобилияти ҳам бор эди. “Ҳоруннинг синглиси пайғамбар Марям чилдирмани қўлига олди. Ҳамма аёллар унга эргашиб, чилдирмаларини қўлларига олиб, ўйнадилар. Марям қуйидаги нақоратни куйлаб, уларга бошчилик қилди: “Эгамизни мадҳ этиб куйланг. У буюк ғалаба келтирди.
Отларни, аравакашларни денгизга улоқтирди.”
Марям шунчалик ақлли ва етакчи аёл бўлган экан, унда Худо уни нега жазолади? Бунга жавобни Муқаддас Каломдан топамиз. “Мусо Ҳабашистонлик аёлга уйлангани учун Марям ва Ҳорун Мусога қарши гапирдилар. Иккови: “Эгамиз ёлғиз Мусо орқали гапирибдими?! У биз орқали ҳам гапирмаганми?!” дейишди. Эгамиз уларнинг бу гапини эшитди. … Эгамиз уларга деди: — Менинг сўзларимни эшитиб олинглар. Орангизда пайғамбар бўлганда, Мен, Эгангиз, Ўзимни уларга ваҳийда аён қиламан, улар билан тушларида гаплашаман. Лекин қулим Мусо билан бошқача гаплашаман. Менинг бутун халқим орасида ишончлиси Мусодир. … Наҳотки сизлар Менинг қулим Мусога қарши гапиришдан қўрқмадингизлар?! Эгамиз улардан қаттиқ ғазабланиб, узоқлашди. Булут Чодир тепасидан кетиши биланоқ, Марям тери касаллигига чалиниб, қордай оппоқ бўлиб қолди. … Шунда Мусо Эгамизга илтижо қилиб: — Эй Худо, унга шифо бер! — деб ёлворди.
Эгамиз эса Мусога шундай жавоб берди: — Агар Марямнинг ўз отаси унинг юзига тупурганда, у етти кун шарманда бўлиб юрмасмиди?! Марямни қароргоҳдан чиқариб юборинглар, у етти кундан кейингина қароргоҳга қайтиб келиши мумкин.” Марям Мусонинг бошқа халқдан бўлган аёлга уйлангани учун ҳукм қилди. Ибронийларнинг одатига кўра, улар бошқа халқлардан уйланмасликлари керак эди. Бу унинг биринчи хатоси бўлса, иккинчи хатоси бу Мусонинг Худо берган бошқарувчилик ўрнига даъво қилиш ва уни айблаш бўлди. Ахир бу вазифани унга Худонинг ўзи берган эди. Худодан буни ўзи тилаб ёки талаб қилиб олмаган эди. Шундан сўнг Худо бу уччаласини ҳам чодирга чақириб, нима учун айнан Мусони танлаганини ва у билан қандай гаплашиши ҳақида тушунтириб берди. Худо Марямдан ҳам Хорундан ҳам ғазабланди. Худонинг ҳузурига тўлган булут осмонга кўтарилиши билан Марямни териси касалланди.
Хорун эса ўз вақтида тавба қилиб қолди. Мусо Худога илтижо қилганидан кейин Марямнинг касали етти кунда ўтиб кетди. Аммо ҳали Марямнинг куни битмаган эди. Биласизки, чўлда сув танқис, озиқ овқат ҳам етарлича эмас, шароитлар оғир. Айниқса, бундай фаол аёл учун ҳаёт янада қийин бўлгани аниқ. Очликда ва сувсизликда йўл юриш қийин. Охир – оқибат шу қийинчиликлар оқибатида Марямнинг қазоси етди. Муқаддас Каломда Марямнинг ўлими сабаби кўрсатилмаган, аммо кўпчиликнинг фикрига кўра, саёҳат оғирлиги, сув тақчиллиги ва озиқ овқатнинг етарли бўлмагани унинг саломатлигига жиддий шикаст етказган бўлиши керак. Калом шундай дейди: “Биринчи ойда бутун Исроил жамоаси Зин чўлига етиб келди ва Кадешда ўрнашди. Марям ўша ерда вафот этиб, дафн қилинди.”