3:37

Генларимиз

MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Балки ишонмассиз, аммо истасангиз ўзингиз асли қаердан келиб чиққанингиз ҳақидаги саволга жавоб топишингиз мумкин. Бунинг учун ҳозир ИБМ корпорацияси ва АҚШ миллий география жамияти ҳамкорлигида ўтказилаётган синовларда иштирок этишингиз керак. Олимлар тарихда биринчи марта инсониятнинг энг батафсил генетик портретини яратишга киришди. Сайёрамизнинг турли нуқталарида ташкил этилган махсус лабораториялар хоҳловчилардан генетик шаклни қабул қилиб, уларнинг ДНК тузилишини ўрганмоқда ва ген эгаси наслининг келиб чиқишини аниқламоқда. Мазкур тадқиқот айни пайтда 60 минг йил муқаддам Африка қитъасини тарк этган инсониятнинг кўчишлар тарихини аниқлаш имконини ҳам беради. ДНК молекуласидаги оқсилларнинг жойлашув тартиби — ҳар бир инсонда ўзига хос бўлиб, бизнинг генетик кодимиз ҳисобланади.

У ҳар бир тирик ҳужайрамизда мавжуд бўлади, унинг ёрдамида кўзларимиз, сочларимиз ранги, тана тузилишимиз ва характеримиз, касалликларимиз, ҳатто одатларимиз ҳам фарзандимизга “ўтади”. Шу тариқа, ДНК таркибидаги Й-хромосомалар ва аждодлардан деярли ҳеч қандай ўзгаришсиз кўчиб ўтаётган митохондриал ДНКлар орқали бутун инсоният тарихини кузатиш мумкин. 50-йиллар бошида инглиз кимёгари Розалинд Франклин биринчи бор ДНК молекуласини рентген ёрдамида фотосуратга туширишга муваффақ бўлди. Бу суратлар кейинроқ доктор Морис Уилкинс, Жеймс Уотсон ва Френсис Крик ёрдамида тадқиқ қилинди. Узоқ ўрганишлардан кейин олимлар мазкур ғалати суратда қўш спирал, зинани эслатувчи параллел занжирлар тасвири борлигини исботладилар. 1962 йилда олимларнинг ҳар учаласи бу кашфиёт учун Нобел мукофотига сазовор бўлди. Сурат муаллифи Розалинд эса бунгача етиб бора олмади.

Инсоннинг генетик излари ҳақида биринчи бўлиб 80-йилларда гап-сўзлар пайдо бўлди. Ўшанда Буюк Британияда, кейинроқ собиқ СССРда ҳар бир одам учун ўзига хос бўлган ген-маркерлар мавжуд бўлиши аниқланган эди. 1987 йилда ДНК тузилиши ёрдамида биринчи жиноятчи қўлга олинди. ДНК изи судда далил сифатида илк бор 1989 йилда ишлатилган. Сўнгги 25-30 йил давомида олиб борилган тўхтовсиз изланишлар, инсон ва айрим жонзотлар ДНК тузилиши таҳлиллари илм-фанга мутлақо кутилмаган натижаларни тақдим қилди. Инсон мияси ҳамон ривожланишда давом этмоқда! Бунга миядаги иккита ген масъул бўлиб, улар табиий танланиш жараёнини бошқариб туради. Натижаларни бир-икки миллион йилдан сўнг кўрса бўлади. Соч тўкилишининг олдини олиш мумкин. Олимлар туки тўкилган сичқоннинг сочларга жавоб берувчи генини қайтариб қўйишгач, унинг туклари яна қайтадан ўса бошлади.

Математика ва ўқиш қобилияти ҳам генларда мужассам. 6000 нафар эгизак текшириб кўрилгач, бу факт тасдиқланди. Бир ярим миллион нафар хитойлик бир одамнинг авлоди экан. Олимларнинг фикрича, бу одам Хитойнинг шимоли-шарқида Кинглар сулоласига асос солган император Нурачининг бобоси Жоканга экан. Мамлакат вилоятларидан бирида яшовчи минглаб хитойликларнинг Й-хромосомаларини тадқиқ қилиб, генетиклар уларнинг генида фамилия билан боғлиқ ўхшашлик борлигини аниқладилар. Ва уларнинг умумий аждоди тахминан 500 йил аввал — айнан Кинглар сулоласи юзага келган вақтда яшаганлиги маълум бўлди. Жоканганинг набираси бўлган императорнинг кўплаб хотин ва жориялари бўлганлиги, турмуш шароити эса жуда юксак даражада эканлиги сабабли, унинг ўнлаб фарзандлари «ўзидан кўпайиб кетган». Шу тариқа, бизнинг кунларимизгача уларнинг бир ярим миллион авлоди етиб келди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top