Ассалому алайум қадрдон опа-сингиллар. Бугун тонгда туриб Худонинг ҳузурига келдингизми? Ибодатда унга сизга қилганлари учун шукрона ва ҳамду-сано айтдингизми? Агар шундай қилмган бўлсангиз, сизда ҳам кўпчиликни безовта қиладиган муаммо бор. Бу – Худонинг қандай буюк ва улуғвор эканлигини унутиб қўйганимиз. Эрта тонгда уйғонганимиздан то уйқуга ётгунимизгача, фақат ҳаёт ташвишлари, ишимиз, жавобгарликларимиз ҳақида ўйлаймиз. Шундай шошиламизки, ўзимизни ўзимиз ишлар билан банд қилиб қўйиб, Худо ҳақида ўйлашга вақт қолдирмаймиз. Ҳар куни Унинг олдидан ўтиб кетамиз, аммо кўрмаймиз. Чунки Унинг қанчалик улуғвор эканлигини унутганмиз. Аммо ҳар куни ҳеч канда қилмай, бизнинг Худойимиз Ўз улуғворлигини намоён қилади. Бугун, ҳозир ҳар кунги ишларингиздан бироз тин олиб, Худонинг мусаффо улуғворлигига назар ташланг.
Унинг улуғворлигини кўришни истамайсизми? Ишончим комил, Худо Ўзининг бутун улуғворлигини ҳар куни намоён қилади. Агар Муқаддас Каломга қарасак, У ерда биз кўришимиз керак бўлган Худонинг улуғворлигини кўрган инсонни кўришимиз мумкин. Уни имон қаҳрамонларидан бири деб билсак-да, у ҳам бизга ўхшаш оддий инсон бўлган. Бу инсон Мусо пайғамбар эди. Биз ҳам бир неча дақиқага Мусонинг ўрнига ўзимизни қўйиб кўриб, у билан бирга ҳаёлан саёҳат қилсак. Юрагингизни Муқаддас Руҳнинг каналига тўғриланг, қулоқларингиз Унинг овозини эшитишга шай турсин. Чиқиш китоби 24 бобда шундай ёзилган, “ Кейин Эгамиз Мусога айтди: — Тоққа Менинг олдимга чиқиб, шу ерда тур. Мен сенга амр ва қонунлар ёзилган иккита тош лавҳани бераман. Бу амр ва қонунларни халқ ўргансин, деб ёздим. Мусо билан унинг шогирди Ёшуа отланишди.
Мусо Худонинг муқаддас тоғига кетаётиб, Оқсоқолларга айтди: — Ёнларингизга қайтиб келгунимизча шу ерда — қароргоҳда кутиб туринглар. Ҳорун билан Хур сизларнинг ёнингизда қолади. Кимнинг иши бўлса, уларга мурожаат этсин. Мусо тоққа чиққанда, тоғни булут қоплади. Эгамиз улуғворлигини зоҳир қилиб, Синай тоғига тушди. Олти кун давомида булут тоғни қоплаб турди. Еттинчи куни Эгамиз булут орасидан Мусони чақирди. Эгамизнинг улуғворлиги тоғ чўққисида ловуллаётган аланга каби Исроил халқи кўзи ўнгида зоҳир бўлиб турарди. Мусо булут орасида юриб, тоғ чўққисига чиқди. Мусо тоғда қирқ кечаю қирқ кундуз қолди.” Сизга бир савол бераман: Мусо пайғамбар тоғда ким билан эди? Неча кун У билан қолди? У Худо билан бирга 40 кун тоғда бўлди. Бу жуда ҳам ажойиб вақт бўлган бўлса керак. Ҳеч ким бундай имкониятдан воз кечмаган бўларди. Бу бир йил энг ажойиб ороллардан бирида таътилга чиқишдан ҳам аълороқ.
Мусо Худо билан бирга 40 кун қолиб кетгач, сабрсиз ва итоатсиз халқ, Худонинг улуғворлигини унутди. Ўзларига бут ясаб олишди. Тоғдан тушиб буни кўрган Мусо ғазабланиб қўлидаги лавҳларни улоқтириб чилпарчин қилиб юборди. Ахир у эндигина Худонинг ҳузурида 40 кун бўлиб қайтаётган эди-ку! Шунга қарамай, унда ҳам инсоний жахл устунлик қилди. Чиқиш китоби 32 боб Мусонинг ҳаётидаги бир кунни тасвирлайди.
Нима деб ўйлайсиз, агар Мусо ўша кунларда кундалик тутган бўлганида, ўз кундалигига шу кунни ва ҳисларини қандай тасвирлаган бўлар эди? Агар тасвирлаган бўлганида ишончимиз комилки, бу ёзгани аввал қирқ кун давомида ёзганларидан бутунлай фарқ қилган бўлар эди. Эгамизнинг шарафига ҳамдлар ўқинг! Назрлар келтириб, Унинг ҳовлисига киринг! Сиз ҳам Унинг ҳузурига киришни унутманг.