“Эй Эгам, севаман Сен маскан қилган уйни, Улуғворлигинг порлаган жойни.” Забур китоби 25 бобда ҳазрати Довуд шундай деган эди. Бу оятни Довуд пайғамбар ёзган бўлса ҳам ҳудди Мусо пайғамбар томонидан ёзилгандек, гўё. Чунки Мусо пайғамбар ҳам ҳазрати Довуд каби Худонинг маъбадини жуда ҳам севган. Мусо пайғамбар каби биз ҳам Худонинг ҳузурига киришни ўзимизнинг кундалик одатимиз қилиб олсак, у илтимос қилганидек, Худованд бизга йўлини ўргатишини, Ўзи ҳақида кўпроқ билишимизга ёрдам бериши ва доим Унинг назарида марҳаматга эга бўлишни сўрасак, шубҳасиз, ичимизда маскан қилган Худо Руҳининг улуғворлиги албатта ташқаридан ҳам кўринадиган бўлади. 1 Коринфликлар 6 боб 19 оятда нима ёзилганини биласизми? “Наҳот билмасангиз?! Қалбингизда маскан қилган Муқаддас Руҳни Худо сизларга берган. Танангиз Муқаддас Руҳнинг маъбадидир. Сизлар ўзларингизга тегишли эмассизлар.
Сизлар қиммат баҳога сотиб олингансизлар. Шунинг учун ўз танангиз билан Худони улуғланглар.” Бизнинг вазифамиз Худонинг маъбади сифатида порлашдан иборат. Бугун Мусо пайғамбарнинг ҳаётидан четлашмаган ҳолда, унинг нур сочиб турган юзи воқеаси бизга нималарни ўргатишим мумкинлиги ҳақида суҳбатимизни давом эттирамиз. Эҳтимол бизнинг юзимиз Мусо Худо билан учрашганидаги каби порламас, аммо суҳбатимиз охирида бунинг нақадар муҳим ва тўғри эканлигини билиб олишингиз аниқ. Бизга берилган улуғворлик, Исроил халқи Мусонинг юзида кўрган улуғворликдан ҳам аълороқ. Буни эшитиб ҳайрон қолдингизми? Бу қандай улуғворлик экани ҳақида ҳозирнинг ўзидаёқ билиб оласиз. Агар 2 Коринфликлар 3 бобни диққат билан ўқиб чиқсангиз, Мусонинг ва Мусо берган қонуннинг улуғворлиги имонлига берилган улуғворлик орасида анчагина фарқ борлигини кўрасиз.
Агар қунт қилсангиз бир вароқ қоғозга шу иккиси орасидаги фарқларни ёзиб чиқишингиз ҳам мумкин. Қаранг, Эски Аҳдда Худованд Мусога амрни тош лавҳларга ёзиб берган бўлса, У амрларини Муқаддас Руҳ ёрдамида Янги Аҳд имонлиларининг юракларига битиб қўйган. Эски Аҳд қонунлари одамларни ўлдирса, Янги Аҳд қонуни бизга ҳаёт беради. Бу қонунлар улуғворлик билан келган бўлса, Янги Аҳддаги яна ҳам кўпроқ улуғворлик билан келган. Мусонинг қонунлари инсониятни ҳукм қилган бўлса, Янги Аҳд қонуни инсониятни гуноҳдан қутқаради. Мусонинг юзидаги улуғворлик аста-секин йўқолиб борган бўлса, бизнинг ичимиздаги Муқаддас Руҳнинг улуғворлиги биз ўзгариб борганимиз сари кўпайиб бораверади. 2 Коринфликлар 3 боб 2-3 оятлар шундай дейди, “Ахир, юрагимизга ёзилган тавсияномамиз сизларнинг ўзингиз–ку! Бу ҳаммага аён, уни ҳамма ўқий олади.
Очиқ кўриниб турибдики, бизнинг хизматимиз туфайли ёзилган Масиҳнинг мактуби сизларсиз. Бу мактуб сиёҳ билан эмас, балки барҳаёт Худонинг Руҳи орқали ёзилган, тош лавҳаларга эмас, балки инсон қалбининг лавҳаларига ёзилгандир.” Хўш, Худонинг ҳузури бизда кўринадими? Бу бизда кўриниши керак бўлган улуғворликнинг манбаи нима? Унинг Манбаи яна Худонинг Ўзи. Бу Худонинг юракларимизга қўйган Муқаддас Руҳидир. Агар сиз ҳар куни Муқаддас РУҳга тўлиб тошмасангиз, ҳар эрталаб Худонинг улуғворлигини кўрсатишни мақсад қилмасангиз, Муқаддас Руҳ берган имкониятдан фойдаланмасангиз, қандай қилиб Худонинг фарзанди сифатида Унинг улуғворлигини бошқаларга намоён эта оласиз? Мусо юзидаги нурни Исроил халқи кўрмаслиги учун юзини ёпган эди. Аммо биз Мусога ўхшамаймиз. Биз аксинча, Худонинг нури ва улуғворлиги ҳаётимизда ва юзимизда кўпроқ кўринсин, деб ҳаракат қиламиз. Шундай эмасми?