3:43

Ҳақиқий эркаклар кучли аёлларни севишади

MP3

Ассалому алайкум. Жуда кўп марталаб, “Эркаклар мулойим ва юввош аёлларни ёқтиради”, “Ақлли аёллар эркакларга керак эмас”, “Ўқиган қизлар яхши эркакларни ўзига жалб қила олмайди” деган гапларни эшитганмиз. Нима учун бундай гапларга ишонишимизни ҳам тушунса бўлади. Эркаклар юввош ва итоаткор аёлларни ёқтиради деган гап, кўпгина қизларни турмуш ўртоқ топиш мақсадида шундай бўлишга ундайди. Аммо Худонинг режасидан ва унинг ҳаётига қўйган мақсадидан боҳабар бўлган ҳар бир аёл ёлғиз бўлиб ҳам бахтли бўла олади. Аксари ўз вақтида турмушга чиқолмаётган қизларга “Сен ҳаддан ташқари ўз фикрингга суянасан.” “Ўта мустақил ва шаддодсан.” “Қиз бола деган юввош ва назокатли бўлиши керак”, деган гапларни айтишади. Аммо ўйлаб кўринг-чи, биз аёлларимизнинг кучсиз ва ожиз бўлишларини истаймизми? Асло йўқ. Худонинг хизматига кучли эркаклар зарур бўлганидек, кучли аёллар ҳам керак.

Нега аёллар кучли бўлиши керак? Қуйида сабаблари билан таништириб ўтамиз. Энг аввало кучли аёллар ёвуз ниятли эркакларни фош қилади. Биз ҳамма эркаклар ҳам шундай деёлмаймиз, аммо аёлдаги художўйлик эркаклар учун ҳам аёллар учун ҳам бирдек ёқимли. Ҳикматлар 31 боб 30 оятда шундай ёзилган: “Жозиба алдамчи, чирой эса ўткинчидир, аммо Худодан қўрқадиган аёл кўкка кўтарилади.” Кўп ҳолларда художўй аёллар кучли ва ҳатто бироз чўчитувчи ҳам бўлиши керак. Ҳакамлар 4 бобдаги Ёвел эсингиздами? Унинг эри Хабер Хайин халқидан бўлиб, у ўз уруғ-аймоғидан ажралиб чиқиб, чодирини Кедешнинг яқинидаги, Зананимдаги эман дарахтининг ёнига қурган эди. Шундай қилиб Сисаро, Худо халқининг душмани бўлган Канонликларнинг лашкарбошиси паноҳ излаб Хабернинг чодирига келди. У кела солиб, Ёвелга бақирган ва буйруқ берган бўлса керак, кейинроқ Ёвел уни ухлатиб қўйиб, бошига қозиқ қоқиб ўлдирди.

Кучли аёллар ёвуз эркакларнинг илтимосларини бажармайди. Иккинчи сабаби, кучли аёллар яхши эркакларга тўғри маслаҳат бериб уларни тўғри йўлга сола билади. Шу ерда Обигайлни эслаб ўтиш тўғри бўлади. Эрининг номақбул ишидан кейин, жанжал ва қон тўкилишларнинг олдини олиш учун, Обигайл озиқ овқат ва шароб тўла мешлар билан Довуднинг қаршисига чиқади. Шу пайт қўлидагиларни тақдим қилиш асносида Довудга тўғри маслаҳат ҳам беришга журъат топади. “Эгамиз тўрамга ваъда қилган барча эзгуликларни бажо келтириб, сизни Исроилнинг йўлбошчиси қиладиган кун келади, албатта. Ўшанда ўзим учун ўч олиб, беҳудага қон тўкдим, деб пушаймон бўлмагайсиз.” Ҳазрати Довуд эса унга деди: “Ақлингга балли, барака топ! Бугун мени қон тўкишдан, ўз қўлим билан ўч олишдан сақлаб қолдинг, бунинг учун сени Худо ёрлақасин.”

Тез орада Обигайлнинг эри Нобол ўлди. Довуд эса буни эшитиб Обигайлни ўзига хотинликка олди. Довудни Обигайлнинг кучли ва аққли эканлиги уни мафтун қилган эди. Эркаклар қанчалик ўзларини кучли деб ҳисобламасин, ожиз қолган чоғларида, ҳаётнинг оғир синовлари ва зарбалари билан юзлашганда кучли аёлнинг масалҳатига ва кўмагига муҳтож бўлади. Учинчи сабаби, кучли аёллар эркакларнинг Худога яқинлашувига ва имонда кучли бўлишига сабаб бўлади. Ҳаворий Павлус Тимўтийга ёзган мактубидаги унинг онаси ҳақидаги эслатма, бугунги кундаги жуда кўп оналарга ҳам берилган шараф ва эътибор эканлигига шубҳа йўқ. “Сенинг самимий имонингни доим эслайман. Аввалдан бувинг Лоида ҳамда онанг Эвника ўз қалбларига жо этган ўша имон энди сенда ҳам равнақ топаётганига аминман.” Мана шу иккита кучли аёллар Тимўтийнинг имонда кучли ва саботли бўлишига сабаб бўлди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top