Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Ҳаётимизда кечаётган руҳий жангда бизга ёрдам бера оладиган Зот бу Худо. Агар Худо биз томонда туриб жанг қилса, ким ҳам бизга бас кела олади. Шунда биз албатта ғалабага эришамиз. Эски Аҳд китобида Ёҳушафат деган шоҳга Яҳазиёл деган пайғамбар нима дегани ёдингиздами? Пайғамбар унга Худонинг сўзларини етказган – “Бу жанг сизники эмас, Худоникидир”. Бу нарса сиз билан мен ҳеч қачон ҳеч нарса қилмаслигимиз кераклигини билдирадими? Йўқ. Балки Худо бизга нима деса, шуни қилишимиз керак. Кўпинча биз бундай жангларда ўз-ўзимизни ҳимоя қилишни, ким биландир тортишишни истаймиз ва ҳеч қандай тинчлик келтирмайдиган нарсалар содир бўлишига сабабчи бўламиз. Агар курашмоқчи бўлсак, Худо кўрсатган йўл билан курашишимиз керак. Тиз чўккан ҳолда, биз томонда туриб жанг қилишни хоҳлайдиган Худо биз билан бирга эканини билган ҳолда курашишимиз керак.
Нима учун жангни тиз чўккан ҳолда олиб боришимиз кераклигининг учинчи сабаби – Худо бизга юборган Муқаддас Руҳдир. У бизга Муқаддас Руҳини юборган, бунга бир нечта сабаблар бор, улардан бири – Масиҳ Ўз шогирдларига нима деганини билади. Масиҳ Ўз шогирдларига шундай деган эди: “Осмондан қудрат келиб, Муқаддас Руҳ келиб сизларни қопламагунича Қуддусда кутиб туринглар”. Чунки улар дунёни Масиҳга тобе қилиш учун жангга киришга тайёр эмасдилар. Яъни, дунёга Ҳушҳабарни тарқатишга тайёр эмасдилар. Масиҳ уларга: “Сизлар ҳали тайёр эмассизлар, чунки сизлар Мен билан уч йил бирга бўлиб, мўъжизалар кўрдингиз, таълим берганимни кўрдингиз. Юқоридан қудрат олмагунингизча тайёр бўлмайсизлар” деган эди. Шундай қилиб, Худонинг Руҳи уларни қоплади. Биз Исо Масиҳни Нажоткорим, деб қабул қилганимизда, У ҳаётимизга кириб, бизда Худонинг ишларини бошлаган. Хўш, Унинг ишлари нимадан иборат?
Агар Каломни ўқисангиз, Муқаддас Руҳ қилган ҳар битта иш Исо Масиҳ қилган ишларга ўхшашини, бу ишларни биз ўз кучимиз билан қила олмаслигимизни билиб оласиз. Унинг қиладиган ишларидан биттаси – биз қиладиган жангга Худонинг назари билан қарашни бизга ўргатишдир. У бизга Худонинг назари билан қарашни ўргатишдан ташқари нима қилиш, қачон қилиш, қачон гапириш, қачон сукут сақлашни билишимиз учун донолик ҳам беради. Қанақа кураш олиб бораётган бўлсангиз ҳам қачон гапириш керак ва қачон гапирмаслик кераклигини тушунишимиз муҳим аҳамиятга эга. Бундан ташқари У бизга Муқаддас Каломни тушунишимизда ҳам ёрдам беради. У бизга нарсаларга Унинг нуқтаи – назари билан қараш имконини беради. Баъзан эса бизга ҳеч нарса қилмасликни буюради. Баъзан курашишнинг усулларидан бири – сукут сақлаш экан. Бу жуда қудратли экан.
Худо – Ундан умид қилганлар томонида бўлади. Сиз ҳаракат қилмайсиз, шунчаки Худога умид қиласиз. Кўпинча сукут сақлаш ўз қудратини кўрсатади. Шундай қилиб, У юборган Муқаддас Руҳ бизга қачон гапиришимиз-у қачон гапирмаслигимиз, нимани гапириш-у нимани гапирмаслик, кимга гапириш-у, кимга гапирмасликни айтиб туради. Тиз чўккан ҳолда жанг қилиб, ғалаба қозонишимиз учун жуда муҳим нарсалар мавжуд. Жангни тик турган ҳолда олиб борганда нима бўлиши ҳақида ўйлаб қоламан. Яъни, бу вазият ҳақида Худо билан гаплашишни назарда тутяпман. Энг ажойиб нарсалардан бири шуки, Худо билан ёлғиз вақт ўтказганингизда, У сизга гапириб, юрагингизга қувват берганида буюк тинчлик, ишонч ва далда оласиз. Айтинг-чи, ибодат қилганингизда бирон марта Худо сизни тушкунликка туширганми? Худо ундай қилмайди. У нима қилади? У бизга далда беради. Бизни руҳлантиради. Бизга ҳам Ўзи каби кўришни насиб қилади.