«Сизлар ҳамма вақт ҳамма нарсага тўла қаноат ҳосил қилиб, турли ҳайрли ишларга бой бўлишингиз учун, Худо сизларни ҳар хил ноз-неъматлардан бой қилишга қодир.» 2 Коринфликларга 9:8.
Ассалому алайкум. Тез орада баҳор ҳам келиб қолади. Баъзи жойларда аллақачон баҳор даракчилари бўлган бойчечаклар очилгандир. Биз эса илиқликни кўпайтириш учун бугунги суҳбатимизда ўзаро яхшилик қилиш ҳақида гаплашамиз. Яхшилик қилишнинг усуллари кўп. Орамизда кўпчилик яхшилик қилишнинг минглаб усулларини билади. Яхшилик қилишни чиндан истаган ҳар бир кишини Худованд ўз ноз-неъматлари билан бой қилишга қодир. Мен Лола сизларга яхшилик қилишнинг антиқа йўлини ўргатаман. Орамизда яқинларига яхшилик қилишни ёки бирор бир совға беришни истамайдиган аёл топилмаса керак. Бизнинг имонимиз фақатгина соҳта гаплардан иборат бўлмаслиги керак. Агар ўзимизни ҳақиқатда художўй аёл деб хисобласак, шунга кўра иш тутмоғимиз лозим.
Ëшлигимда бувимни ёқтирмасдим. У беҳудага пул сарфлайсизлар, — деб койирди бизни. Мен эса ким учундир бирор нарса ҳарид қилишни ёки керакли нарсаларни сотиб олиб, бирор нарса ясаб совға қилишни ёқтирардим. У пул сарфлашни истамаса ҳам, кўпчилик уни ёқтирарди. Унинг одамларга бахт улашишни, бошқача қилиб айтадиган бўлсам, ҳурсанд қилишнинг бошқа йўлларини биларди. Мен ҳам бувимга ўхшаб, бошқаларни хурсанд қилишни истайман. Балки ўшанда бу ҳислатимни бувим пайқагандир. У менга ўзининг усулини айтган эди. Унинг усуллари бошқача эди. 1) Улар ёзмасалар ҳам яқинларингга тез-тез хат ёзиб тур.
2) Анчадан буён хабар олмаган одамингдан хабар ол, жуда бўлмаса қўнғироқ қил. 3) Уйингдаги бор нарсадан бирор нарса пишириб ҳаста қўшнингдан хабар ол. 4) Ташқарига чиқ-да, кўчангдан ўтаётганларга табассум ҳадя қил. Буларнинг ҳеч бирига пул кетмайди. Ҳамда бу ишларинг билан кўпчиликнинг кўнглини олган ва уларга хурсандчилик бахш этган бўласан. Бувим тўғри айтган эди. Агар кимнидир хурсанд қилиш учун бирор нарса сотиб олишга имконингиз бўлмаса, юқорида санаб ўтганларни қилинг. Бу ишларингизни Худо қадрлайди. Мен эса бунга яна бир нарса қўшдим. Баҳорда ҳовлимиздаги икки туп настарин гуллайди. Унинг гуллари оиламиздагиларнинг ҳаммасининг баҳри дилини очади.
Тез-тез унинг гулларидан олиб, гулдонга солиб қўяман. Хонани настариннинг ҳиди тутиб кетади. Хонадаги хушбўй ҳид эса барчанинг кайфиятини кўтаради. Бу ҳид бизга шундай таъсир қилар экан, бошқаларга ҳам шу кайфиятни улашиш мумкин-ку! Шундан сўнг қўшниларга ҳам настарин гулларидан совға қилишга одатландим. Уларнинг ҳам кайфиятлари кўтарилишини истадим. Гулларни ёқтирмайдиган аёлнинг ўзи йўқ. Ҳар гал бир боғ настарин совға қилганимда уларнинг юзларидаги қувончни кўриб, ўзим ҳам улардан кўпроқ хурсанд бўлардим. Муқаддас Каломда «олишдан кўра беришнинг хурсандчилиги кўпроқ» деб ёзилган. Агар сиз ҳам шу ҳисни туйишни истасангиз бошқаларга хурсанчилик улашиб кўринг. Шунда бу ҳиснинг нақадар тотли эканини ҳис қиласиз.