Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Ҳаётимиз давомида шайтоннинг турли хил ёлғонларига ишониб яшаган ва азобланган бўлсак, энди бу ёлғонлардан қутулишнинг иложи бор. Худонинг ҳақиқати сиз ва бизни шундай қулликдан озод қилади. Ҳозирги ва келгуси ҳаётимизда шайтонга қарши тура олишимиз учун Худонинг Каломида ёзилган ҳақиқатларни билишимиз лозим. Мен Лола эса сизга бу борада бажонудил ёрдам бераман.
1 Мен қилган ҳар бир ишим, қарорим, ҳатти-ҳаракатим учун Худонинг олдида жавоб бераман. Биз Худонинг олдида бошқаларнинг гуноҳи учун жавоб бермаймиз. Биз Унинг ҳукм курсиси олдида ҳозир бўлганимизда ўзимизнинг қилган гуноҳимиз ва ишларимиз учун жавоб берамиз. Ҳаётда ҳар ким ўз ҳолатини танлай олмайди. Қайси оилада туғилишимизни, ташқи кўринишимизнинг қандай бўлишини ёки бўлмаса бизни қандай тарбиялашларини танлай олмаймиз. Аммо Худонинг инояти билан ҳолатларнинг қурбони бўлмаймиз. Чунки қийинчиликларга бўлган муносабатимизни назорат қила оламиз, сабаби ҳаётимизга шундай қийинчиликларнинг келишига Худо йўл қўйган. Биз одамларни, ҳолатларни айблашни тўхтатганимизда, жавобгарликни бошқаларга юкламай қўйганимизда ўз танловимиз учун жавоб беришни бошлаймиз. Шунда ўзимизни ҳолатларнинг қурбонидай ҳис қилмаймиз. Ҳаётимиздаги ҳолатларга қарамай, Худога қулоқ солиш эркинлигига эга бўламиз.
2. Нима эксам шуни ўраман. Ҳаётда кўп нарсани кўрган опаларимиз бу мақолнинг нақадар тўғри эканига шубҳа қилишмайди. Чунки бугунги кунда ҳаётимизнинг қандай бўлиши аввалги қарорларимизнинг самарасидир. Бугунги қарорингиз эса келгуси ҳаётингизга ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Ҳар қандай худбинона ва гуноҳли қароримиз бир куни ўсиб мева беради. Худди шундай итоаткорлик билан қилинган иш эса келгуси ҳаётимизда марҳамат бўлиб қайтади. Қилган ишимизнинг ҳосилини дарров кўрмаймиз. Лекин ҳосили албатта бўлади.
3. Ҳаётимни Худога топширсамгина чиндан хурсанд бўламан. Момо Ҳавонинг гуноҳидан сўнг ҳамма аёллар ўз ҳаётини ўзлари бошқаришга ҳаракат қиладиган бўлишган. Биз атрофимиздагиларга ўз ҳукмимизни ўтказишга ҳаракат қиламиз, бироқ ҳаракатларимиз бекор кетади. Қанчалик ҳаракат қилмайлик, бошиданоқ ҳукмронлик ҳуқуқи бизга берилмаган. Чиндан озод бўлишни истайдиган аёл ҳаётидаги бўлаётган ҳар қандай воқеа-ҳодисаларни Худонинг қўлига топшириши керак. Фақат Угина бизнинг муаммоларимизни еча олади.
4. Энг катта озодлик эримнинг ҳукмронлигига бўусунишимдадир. Агар Худо бизга берган турмуш ўртоқларимизнинг ҳукмронлигига қаршилик қилсак, шайтоннинг ҳужумларига заиф бўлиб қоламиз. Ëдингизда бўлса, Момо Ҳаво эридан рухсатсиз ҳаракат қилишга қарор қилганда гуноҳ қилган эди. Бошқа томондан эса ўз ўрнимизни эгаллаб, эримизга бўйсунсак Худонинг ҳимоясида бўламиз. Ўшанда Худо ҳаётимиздаги ҳар қандай ҳолатларда Ўзи ишлайди.
5. Она ва рафиқа бўлишдек муқаддас ва буюк ном йўқ. Биз ўз ўрнимизни билганимиздагина ҳақиқий қониқиш ва шодликни ҳис қиламиз. Оналик ва рафиқалик мажбуриятларингиздан нолиманг. Бу сизга ишониб топширилган вазифа.