Ассалому алайкум гўзал ва бетакрор опа-сингиллар. Мен Лола сизлар билан яна суҳбатлашиш имконига эга бўлганимдан хурсандман. Сизлар билан суҳбатлашиш менинг энг севимли машғулотим. Бугунги суҳбатимиз бир оз ғалатироқ, аммо сиз ва эрингиз учун жуда фойдали бўлади. Агар суҳбатимизни тинглаётган бўлсангиз, суҳбатимизни яхшилаб тинглаб билганларингизни эрингизга ҳам айтиб беришингизни маслаҳат бераман. Чунки қуйида мен сизларга ўқиб эшиттирмоқчи бўлган йўриқнома оталарга ҳам тегишли. Бу йўриқномани оталар ҳам эшитишса яхши бўларди. Биз болалар тарбияси борасида жуда кўп суҳбатлар олиб борганмиз, агар бизнинг сайтимизга кириб кўрган бўлсангиз, у ерда ҳам болалар тарбиясига оид кўпгина маълумотлар бор. Бола ўзига нима кераклигини айтиб Бера олмайди. Бироқ ҳозир уларнинг тилидан уларга нималар кераклигини билиб оласиз. Тайёр бўлсангиз фарзандингиз сизга нима демоқчи эканини маълум қилишни бошлайман.
Мени ҳаддан ташқари эркалатманг. Мен сўраётган ҳамма нарсаларимни ҳам олишим мумкин эмаслигини яхши биламан – фақат сизни синаяпман ҳолос.
Менга қўйган талабларингизда қатъий бўлишдан қўрқманг. Бу менга маъқул. Сизнинг қатъийлигингиз туфайли ўзимни хавфсиз ҳис қиламан.
Менда ёмон одатларни шакллантирманг. Кичик пайтларимда сизда нима кўрсам ўшани қиламан.
Менга ёш боладай муомала қилманг. Бу ҳолат мени кичкина болаларча ҳаракат қилишимга сабаб бўлади.
Бошқалар олдида менга танбеҳ берманг. Ҳеч ким бўлмаганда менга юмшоқлик билан берган танбеҳингиз менга кўпроқ таъсир қилади.
Хато қилганимда хатоларимни гуноҳ деб билишимга йўл қўйманг. Бу нарса мени ерга уради.
Мени қилган ишимнинг оқибатларидан ҳимоя қилманг. Шу оқибатлар орқали тўғри нарсани ўрганишим керак бўлади.
«Мен сизни ёмон кўраман”, деганимда қаттиқ ҳафа бўлманг. Чунки мен сизни ёмон кўрмайман, фақат сизнинг менга қилган ишларингизни ёқтирмаган бўламан.
Менинг жиғимга тегманг. Шундай қилсангиз ўзимни эшитмаганликка оламан.
Мен сиздан бирор нарсани сўраб борганимда мени ўзингиздан итарманг. Агар шундай қилсангиз, ўзимни қизиқтирган маълумотларни сиздан эмас бошқа жойдан олишга ҳаракат қиламан.
Беқарор бўлманг. Чунки беқарорлигингиз мени чалкаштиради ва сизга бўлган ишончимни йўқотаман.
Қўрққан пайтларимда: «Қўрқувларинг асоссиз”, деб айтманг. Аксинча бундай пайтларда мени тушунсангиз, менга кўпроқ ёрдам берган бўласиз.
Ҳеч қачон ўзингизни мукаммал одамдек кўрсатманг. Бўлмаса бир кун келиб, сиз ҳам бошқалар қатори хато қиладиган одам эканлигингизни билиб қолсам, менга қаттиқ таъсир қилади.
Ҳеч қачон: “Боламдан узр сўрасам, унинг олдида ҳурматимни йўқотаман”, деб ўйламанг. Аксинча сизнинг мендан узр сўрашингиз менда сизга нисбатан илиқлик уйғотади.
Мен тезда катта бўлаётганимни унутманг. Балки катта бўлаётганимда баъзан мени ўз ҳолимга қўйиш сизга қийин бўлар, бироқ ҳаракат қилиб кўринг.
Илтимос ўзингизни асранг, чунки менга кераксиз. Азиз ота-оналар бу йўриқнома сизларга фойдали бўлди деган умиддамиз. Кейинги суҳбатларга қадар соғ ва омон бўлинг.