Ассалому алайкум меҳрибон оналар. Болалар бизнинг ҳаётимиз мазмуни. Улар учун зарур бўлган нарсаларнинг энг қулайини ва энг тўғришини ҳарид қилиш биз учун муҳим. Шу сабабли суҳбатдошингиз Лола бугун эътиборингизга кичкинтойларимиз учун оёқ кийим танлаётганда нималарга кўпроқ эътибор қаратишингиз лозимлиги ҳақида сўз юритади. Болаларни ҳар қандай ҳавода ҳам сайрга олиб чиқиш лозимлигини биламиз. Аммо сайрга чиқиш учун совуқ ҳавода иссиқ кийимларнинг ўзигина етарли эмас. Уйда болакайларимиз юмшоқ ипдан тўқилган оёқ кийимларда юришади. Кўчада эса алоҳида тагчарми ярим қаттиқ бўлган пойабзал кийишлари керак. Бундай пойабзалларни дастлаб 20 дақиқа сўнг эса 30 дақиқага ва бора бора кўпроқ вақтга кийдирсангиз, бола аста-секин бу оёқ кийимга кўникади.
Мутахассисларнинг фикрича, бола кўпроқ вақт колготка ёки тўқилган пайпоқчаларда юрса, унинг товони тўғри ва яхши шаклланар экан. Ботинкалар эса товонни нозик қилиб қўяди. Шунингдек пойабзалнинг ичига тўшалган тўшама ҳам таббий матодан тайёрланганига эътибор қилинг. Синтетик ҳаво ўтказмайдиган тўшамалар кейинчалик замбуруғли касалликни келтириб чиқариши мумкин.
Кичкинтойингизга пойабзал ҳарид қилаётганингизда уни яхшилаб текшириб кўринг. Унинг ости қисмини букинг. Агар у эгилмаса, демак, бу оёқ кийим яхши эмас. Чунки бундай пойабзаллар яссиоёқликнинг ривожланишига ва оёқ кафтларининг шакли ўзгаришига сабабчи бўлади. Шунингдек тагчарм қандай материалдан қилинганига ҳам эътибор қаратинг. Чармли пойабзалларни қуруқ ҳавода кийган маъқул.
Оёқ кийимнинг ички қисмини пайпаслаб кўринг. Унинг ичида сезиларли чок, ип ва йиғмалар бўлмаслиги лозим. Буларнинг бари боланинг нозик териси ишқаланишига сабабчи бўлади.
Пойабзалнинг кенг бўлиши муҳим ҳисобланади. Чунки оёқ кийимнинг тумшуғи ингичга бўлса, бора-бора боланинг оёқ бармоқчалари ўз шаклини ўзгартиради. Катта пойабзални ҳам харид қилмаганингиз маъқул.
Пойабзалнинг пошнаси унчалик баланд бўлмаслиги ва илгаги эса сиз учун ҳам болангиз учун ҳам қулай бўлиши керак.
Энди юришни ўрганаётган болаларнинг оёқ кийими ҳам оёқчаларига яхши ўрнашиши шарт.
Шиппакларни эса кейинчаликка асраб қўйинг. Бундай пойабзаллар эрта ёшда товоннинг тўғри шаклланишига ва тўғри қадам ташлашига халақит қилади. Оиласида фарзандлари кўп бўлган оналар фарзандига пойабзал ҳарид қилаётганда кейинчалик ҳам кийиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб, бироз каттароқ размердаги пойабзални ҳарид қиладилар. Бироқ бундай пойабзал боланинг эркин ҳаракат қилишига ҳалал беради.
Ўзига каттароқ бўлган пойабзалда бола бемалол юриб, сакраб ёки югура олмайди. Чунки катта пойабзал оёқчаларидан тушиб кетиши мумкин. Бундай пойабзаллар боланинг тўғри ва чиройли қадам ташлашига ҳалал беради. Натижада боланинг юришида ҳам сезиларли даражада ҳуниклик пайдо бўлади. Пойабзалнинг кичигини ҳам зинҳор кийдира кўрманг. Энг қулай ва тўғри пойабзал бу фарзандингизнинг оёқларига жуда тўғри келадиганидир.