3:12

Болаларни мактабга тайёрлаш

MP3

Ассалому алайкум қадрли опа – сингиллар. Бугунги суҳбатимиз болаларнинг билим доирасини кенгайтиришда нималарга аҳамият бериш лозимлиги ҳақида. Болалар жуда қизиқувчан, улар ҳамма нарсага тегиб кўришни исташади. Оналар эса уларнинг қизиқувчанлигидан унумли фойдаланишлари мумкин. Бугунги кунда болаларини ёшликлариданоқ ўқишни ўргатишга уринаётган оналарга бир нечта тавсияларни келтириб ўтаман. Одатда болаларга бирор бир нарсани ўргатиш осон бўлмайди. Бунда фарзандингизнинг қизиқишларини ва уқувини ҳам ҳисобга олишингиз зарур. Бола учун янги нарсани ўргатаётганингизда унинг қўлидан келадиган бирорта янги нарсани ўргатинг. Масалан, ўнгача санашни. У бу ишни қойиллатиб бажарганида уни рағбатлантириб қўйинг.

Бу нарса уни кўпроқ ўрганишга бўлган қизиқишини орттиради. Ҳисоблашни ўргатмоқчи бўлсангиз, ўзининг севимли ўйинчоқларни танланг. Иккита машиначасини битта коптокчасига қўшсин ва санасин. Тўртта ўйинчоқнинг ичидан битта ёқтирмаганини олиб ташласин ва қолганини санасин. Мабодо ҳарфларни ўргатишни истасангиз, бунда рангли қаламлардан ва қоғозлардан фойдаланасиз. Бир қоғозга оддий қора қалам билан А ҳарфи билан бошланадиган ҳайвоннинг суратини чизиб беринг. Болангиз уни бўясин. Иккинчи усул: бунда ҳарфларни катта ҳажмда чизасиз болангиз эса уни ўзи истаган рангга бўяйди. Кейинроқ чизган ҳайвонинг ичига болангизнинг ўзи ўша ҳарфни чизишга ҳаракат қилсин. Бу усуллар 3-4 ёшли болаларга тўғри келади. Болани ўргатишга мажбурламанг, уни турли хил йўллар билан қизиқтиришга ҳаракат қилинг. 3-4 ёшли бола 5-10 минутдан ортиқ ўргана олмайди.

Бу ёшдаги болаларнинг диққатли бўлишлар қийин. Шунинг учун кайфияти яхши пайтни танланг ва ўша 5-10 минутни самарали ишлатинг. Борди-ю болангизга ёшлигидан бирор бир тилни ўргатишни истасангиз, 5-10 минутни ўша тилни ўргатишга сарфланг. Бунда сизга турли хил рангли расмлар, ўйинчоқлар, қаламлар ва бошқа нарсалар керак бўлади. Болаларга ўйинчоқларидан фойдаланган ҳолда янги тилни ўргатинг. Машинаси бўлса, машина деган сўзни рус, инглиз ёки бошқа тилдаги варинтини айтинг. Янги сўзни бир неча бор такрорланг. Чунки болалар табиатан тез унутувчан бўладилар. Шунинг учун ҳам болаларга тез-тез такрорлаттириб туриш керак. 3-4 ёшли болага биринчи сафар 2 ёки 3 тадан ортиқ сўз ўргатманг. Кейинчалик қизиқиши ортгач, сўзларни биттадан кўпайтириб боринг.

Суратларни кўрсатиб, ундаги ҳайвон ёки меванинг номини янги тилда айтаётганингизда ўша нарсанинг рангини ҳам қўшиб айтинг. Масалан: « Красная машина», «чёрная собака» ва ҳокозо. Бу усулда сўзларни ўргатиш давомида фарзандингизга предметнинг номидан ташқари рангини ҳам ўрганиб олишига ёрдам берган бўласиз. Болаларга иложи борича ўйин давомида хисоблашни ёки тилни ўргатиш керак. Қизиқарли ўйинлар, шеърлар ва ҳаракатли ашулалар болаларнинг жону-дили. Шу тариқа улар тезда ўзлаштириб оладилар. Бирор нарсани ўтириб ўргатаётганингизда болангиз зерикиб қолганини сезган заҳотингиз ҳаракатли ашула ёки ўйин бошланг. Бу уни яна аввалги ҳолига қайтаради. Қадрдонлар бугунги тавсияларни қўллаб кўринг. Мен Лола Худодан фарзандингизнинг комил инсон бўлиб етишишини сўраб сизлар билан хайрлашаман.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top