Оилада эркакдан кўра аёл иложи борича кўпроқ нарсани билиши керак бўлади. чунки болаларни вояга етказадиган, уларга ғамхўрлик қилиб, туну кун ёнида бўладиган ҳам аёллар бўлишади. Шунинг учун ҳам аёллар қизиқувчан бўладилар. Улар ҳар бир нарсанинг сабабини билишни исташади. Демак ҳозир қизиқувчан аёлларимиз учун соғлиқ ҳақида баъзи маълумотларни беришни бошлаймиз.
Оилада кимдир касал бўлиб қолса зудлик билан чорасини кўришга ҳаракат қиламиз. Ўзимиз иложини қилолмаган тақдиримизда тезда касалхонага чопамиз. Шундай пайтларда шифокор сизга маълум бир дориларни истеъмол қилишни буюради. Касал бўлганда шифокор тайинлаган ҳаб дорини биров чой билан, бошқа биров шарбат билан, баъзилар эса иссиқ сут билан ичади. Хўш, ҳаб дорини нима билан ичиш фойдали, деган савол кўпларни қизиқтиради. Ҳаб дорини сут билан ичмаган маъқул. Чунки сут ичилаётган дориларнинг шифобахшлик хусусиятини пасайтиради. Маълумки, қадимдан илон чаққан кишиларга қатиқ зардоби ичиришган, бунинг натижасида заҳарнинг таъсир кучи қирқилган. Ҳаб дори киши организми учун ўзига хос “заҳар” ҳисобланади. Сут ичилганда эса ана шу бегона кимёвий модда сут таъсирида ўз хусусиятларининг муайян қисмини йўқотади. Сув эса ҳаб дорининг организмга фойдали таъсир кўрсатишига мутлақо ҳалал бермайди. Демак ҳаб дориларни сут билан ҳам, чой билан ҳам эмас, сув билан ичган маъқул экан. Ҳаётимизда ўзимиз сабабини билмаган ҳолда қовоқларимиз учади. Одатда кишилар чап қовоқ учса, нохушликдан, ўнг қовоқ учса яхшиликдан нишона дейишади. Бу бир ирим ҳолос аслида қовоқ учишининг ўзига яраша тиббий сабаблари бор. Манна эшитинг. Кўз айлана мушагининг бир мунча қисилиши туфайли қовоқ учади. Бу асабий пир-пир учишнинг бир туридир. Қовоқ учишига умумий чарчоқлик, равшан қуёш ёриғида туриб қолиш, қаттиқ ҳаяжонланиш, кўзнинг масалан, компютерда ишлашда узоқ вақт зўриқиши қовоқ учишини келтириб чиқариши мумкин. Кофе ёки аччиқ чойни суистеъмол қилиш ҳам айрим кишиларда қовоқ учишига сабаб бўлади. агар қовоқ учиши толиқиш ёки қаттиқ ҳаяжонланиш туфайли рўй бераётганини сезсангиз, ўзингизни бўш тутишга, дам олиб, мириқиб ухлашга ҳаракат қилинг. Одатда, бундай нохуш омилдан қутулиш учун шунинг ўзи кифоя қилади. Мабодо қовоқ учиши бир неча кун давом этгудек бўлса, антигистаминли дорилар, масалан, супрастин ҳаб дорисини ичиш ёки кўзга антигистаминли томизғи томизишга тўғри келади. Бироқ бундай дориларга ружу қилмаган маъқул, зеро улар кўнгилсиз оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Бундай ҳолларда, албатта, кўз шифокори билан маслаҳатлашиш лозим, чунки давомли қовоқ учиши блефароспазма – кўз айлана мушаги қовоқ қисмининг сиқилиш ҳасталигининг бошланиш аломати бўлиши мумкин. Мана азиз аёллар бугун сизларга етказмоқчи бўлган маълумотларимиз. Бундай маълумотларни билиб қўйиш зарар қилмайди.