«Ибодатимни тинглагин, эй Худо, Сўзларимга қулоқ бергин!» Забур 53:4
Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Бугунги суҳбатимизда мен Лола сизларга биз аёлларга тез-тез асқотиши мумкин бўлган маслаҳатларни бераман. Аёл энг аввало оиласи ҳақида қайғуради. Кунлар совуқ бўлгани боис, шамоллаш ва грипп касалликлари авж олиши табиий. Фақат бу касалликларга қарши курашиш учун нималар қилиш кераклигини билиш лозим. Кўпчилигимиз корхоналарда, касалхоналарда ва бошқа жойларда «Эҳтиёт бўлинг Грипп» деган ёзувни ўқиймиз. Грипп ҳақиқатда ҳам хавфлими? Грипп асоратлари билан хавфли. Бунга эътиборсиз қараманг. Гриппнинг нималигини ҳаммамиз яхши биламиз. Грипп пайтида даволанишнинг усуллари ҳақида қисқача маълумот бераман.
Тана ҳарорати 38 даражадан ошган тақдирда аспирин ёки таркибида парацетамол бўлган дори воситаларидан бири берилади. Кучли бош оғриғи ва танадаги зирқировчи оғриқларни бартараф этиш учун беморга бир дона аналгин дори воситасини бериш керак.
Яллиғланишга қарши колдрекс, фервекс, каргрипп, гриппколд, ремантадин, иммудон, бронхоиммунал, ринза, инсти чойи, терафлю каби дори воситалари берилади.
Гриппда оқ қон таначаларидан олинадиган интерферон дори воситаси яхши ёрдам беради. Эритиб бурун бўшлиғига суткасига 5-6 марта 5 кун давомида томизиб турилади. Интерферон гриппнинг бошланишида, касалликнинг олдини олиш мақсадда қўлланилади. Болаларга эса бурун бўшлиғи атрофига ва шиллиқ пардаси ичига оксолин суртмаси ёки рулон малҳами суртилади.
Организм сезувчанлигини инобатга олиб, димедрол, супрастин, тавегил, диазолин каби дори воситалари берилади.
Бурун битишига қарши пиносол, протаргол, болаларга эса гриппостад рино буюрилади.
Нафас йўлларидаги балғамни кўчириш учун мукалтин, бронхолитин, ширинмия ёки гулхайри эритмаси, йўталга қарши – аптдил тотал, ёки бронхолитин, шилимшиқ балғамли йўталда бромгексин дори воситалари буюрилади.
Таомномада тез хазм бўладиган, сувда пиширилган гуруч, қайнатма шўрва, товуқ шўрва, ширгуруч, бўтқалар бўлиши керак.
Организмни заҳарловчи моддаларни танадан ҳайдаш мақсадида беморга кўп суюқлик, апелсин, олча ёки лимон шарбатлари, наъматак, мойчечак гиёҳларидан тайёрланган дамламалар берилади.
Азизлар грипп ва шамоллаш ҳақидаги маълумотларимиз ҳали охирига етгани йўқ. Бу ҳақида қизиқсангиз бизнинг кейинги суҳбатимизни тингланг. Сизга ва оилангизга саломатлик тилаб хайрлашаман. Соғ бўлинг.