Ассалому алайкум қадрдонлар. Фарзандларимизнинг ёки бўлмаса оиламиздагиларнинг бирортаси касал бўлса, ҳеч ҳам тинч ўтира олмаймиз. Улар ҳақида қайғурамиз, соғлиғидан ташвишга тушамиз. Ўзимиз билганича уларнинг аҳволларини енгиллаштиришга ҳаракат қиламиз. Сизларда қандай билмадим-у, аммо мен шундай пайтларда биринчи бўлиб Худовандга илтижо қиламан. Болаларимнинг ёки эримнинг соғлиғини тиклашини сўраб ибодат қиламан. Шу билан бирга ўзим учун ҳотиржамлик сўрайман. Чунки ҳотиржам бўлмасак, билганларимизни ҳам амалда қўллай олмаймиз. Боласи шамоллаганда ёки йўталганда юраги шиғғ этмайдиган аёл топилмаса керак.
Шу боисдан бундай пайтдаги ҳолатингизни енгиллаштириш учун қуйидаги тавсияларни эътиборингизга ҳавола қиламан.
Гриппда моддалар алмашинуви бузилиши туфайли витаминлар тақчиллиги юзага келади. Шу боис бундай пайтда аскорутин, лимон эритмаси, наъматак дамламаси ҳамда таркибида А, В, С витаминлари бўлган қўшимчалар берилади. Алфавит, ҳомиладор аёлларга прегнавит, болаларга жунгли кидс, аэвит ва бошқалар грипп ва шамоллаш пайтида фойдали бўлади. Улар организмнинг касалликка қарши курашишига ёрдам беради. Гриппда шиллиқ пардалар ва оғиз бўшлиғини турли дезинфекцияловчи эритмалар – фурациллин ёки ош содасининг эритмаси, тузли сув билан чайқаб туриш керак.
Хонага исириқ тутатиш, камфора ёки юлдузча малҳамини ярим пиёла қайноқ сувга солиб қўйиш яхши ёрдам беради. Сувдан чиқаётган буғ беморнинг нафас йўлларига яхши таъсир қилади. Тумовни йўқотади, хонадаги микробларни ўлдиради.
Гриппда организмнинг иммун тизими фаолияти пасайгани боис турли асоратлар, ўпка зотилжами, бронхит, трахеит каби касалликлар келиб чиқиши мумкин. Ушбу касалликларнинг олдини олиш мақсадида антибиотиклар буюрилади.
Одатда грипп ёки шамоллаш пайтида томоқни буғга тутиш ҳақида кўпчилик билади. Бироқ бир кунда бир марта буғга тутиш етарли эмас. Бир кунда камида 3-4 марта буғга тутиш керак.
Буғ томоқдаги балғамларнинг кўчишига ёрдам беради. Беморнинг нафас олишини енгиллаштиради. Ундан ташқари буғга тутишдан олдин идишдаги қайноқ сувга лимон ёки апелсин пўчоқларини майдалаб солсангиз ҳам бўлади. Бундай муолажа ҳам беморнинг нафас олишини яхшилайди, тинчлантиради. Ҳар куни кечқурун ётишдан олдин оёқларни ванна қилиш керак. Бунда организмдаги қон айланиши яхшиланиб, шамоллашнинг ёки гриппнинг кучайиб кетишининг олди олинади. Оёқларни ванна қилиб бўлгач, яхшилаб қуритиб, пихта ёғи ёки бошқа бирорта ёғ билан оёқларни массаж қилинг. Шундан сўнггина пайпоқ кийдириб ётқизиб қўйинг. Энг муҳими қиш бўлишига қарамай хонани тез-тез шамоллатиб туришни унутманг. Тоза ҳаво ҳар қандай ҳолатда фойдали. Мен Лола сизга ва оилангизга саломатлик тилаб хайрлашаман. Соғ ва омон бўлинг.